Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзиёев Олий Мажлис раҳбарларини фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашга чақирди
13.07.2017 11:46,  
9

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис раҳбарларини  фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашга чақирди.

"Мен турли йиғилишларда, биз икки йил давомида фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашимиз керак, деган фикрни доимо айтиб келяпман. Лекин, афсуски, бу масала бўйича Олий Мажлис ва унинг раҳбарияти, хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов, Сенат Раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг позицияси на уларнинг чиқишларида, на амалий ҳаракатларида сезиляпти", - деди Мирзиёев.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги қонунларимизда бир-бирига зид ўринлар ҳам йўқ эмас. 

"Лекин бугун қайси бир партиянинг ташаббуси билан уларнинг шунчаси ўзгарди, деб айта оламиз? Очиқ айтиш керак, сиёсий партияларда бу соҳада ҳалигача хотиржамлик, қандайдир мудраб ўтириш кайфияти ҳукм сурмоқда. Ҳеч кимга фойдаси бўлмаган мажлислар соатлаб давом этмоқда, танқидий таҳлил ўрнига майда масалалар билан ўралашиб, долзарб муаммоларнинг ечими четда қолиб кетмоқда. Эътибор беринг, ҳар бир партиянинг дастурида вазифалар ва йўналишлар аниқ белгиланган. Ушбу соҳалар бўйича жавоб берадиган вазирлик ва давлат қўмиталари ҳам аниқ. Аммо нима учун партиялар ана шу вазирлик ва қўмиталар фаолияти устидан ўзларининг вакиллик органларидаги фракцияси ва партия гуруҳлари орқали парламент ҳамда депутатлик назоратини самарали амалга оширмаяпти, деган савол туғилади",  - таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг фикрича, шу муносабат билан ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, назорат қиладиган вазирлик ва қўмиталарни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ва доимий ишлаши фойдадан холи бўлмас эди.

"Масалан, Халқ демократик партияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, “Миллий тикланиш” партияси Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Адолат” партияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус ҳамда Халқ таълими вазирликлари, ЎзЛиДеП Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Экоҳаракат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши, албатта, мақсадга мувофиқ бўлар эди-ку! Агар шу таклифлар бўлганида, Ҳукумат (А.Арипов) депутатларимизга барча шароитларни яратиб берган бўларди. Энг муҳими, бу жараёнда сиёсий партиялар ва Экоҳаракат иш фаолиятини тўғри ташкил қилиши керак. Назорат тадбирларини расмиятчилик учун ўтказиш, вазирлик ва қўмиталарга муаммони шунчаки кўрсатиб ўтиш, номига муҳокама қилиш, аксарият ҳолларда қоғозда қолиб кетаётган қарорлар қабул қилиш амалиётидан бутунлай воз кечиш зарур. Муаммо аниқландими, албатта, унинг ечимини топиш керак. Бундай иш тизими ҳам сиёсий партияларнинг, ҳам вазирлик ва қўмиталарнинг асосий вазифалари ижросини таъминлашга, албатта, ёрдам беради. Шунинг учун ҳам партияларнинг фракциялари вазирлик ва қўмиталар устидан, партияларнинг маҳаллий кенгашлардаги гуруҳлари эса – вазирлик ва қўмиталарнинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиши керак", - ўз сўзини якунлади давлат раҳбари.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан