«Фазовий кема» узра дронлар парвози Apple’га ёқмаяпти (видео)

13.07.2017 | Технологиялар | 2329

Энг номдор компаниялардан бўлмиш Apple’нинг фазовий кема шаклидаги янги кампуси қурилиши жараёни кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб келаётир. Ниҳоят, янги штаб-квартирани деярли қуриб битказишди, бироқ 12 минг нафар ходими билан янги иш жойига кўчиб ўтиш учун Apple’га ярим йил керак бўлади, деб ёзмоқда Terabayt.

Аммо ҳозир компаниянинг янги штаб-квартираси билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам қўзғалаётир. Гап шундаки, унинг барпо этилиши мобайнида шунчаки қизиқувчилар видеокамерали дронлар ёрдамида қурилиш жараёнларидан лавҳалар суратга олишган, уларни интернетда улашишган. Энди эса ҳаваскор тасвирчилар бу борада тўсиққа дуч келишмоқда.

YouTube’даги DroneOneMedia каналида яқинда эълон қилинган видеолавҳада Apple кампуси қурилишининг якуний босқичи акс эттирилган. Шу билан бирга, видеоблогер роликка матнли изоҳ бериб, энди бу объектдан видеотасвирлар олиш қийинлашганини ёзган.

Унинг сўзларига кўра, охирги роликни суратга олаётганида унинг ёнига Apple хавфсизлик хизмати ходими келган. Ходимнинг тушунтиришича, унинг асосий вазифаси – компания кампуси ёнида ҳеч ким дрон учирмаслигини назорат қилиб бориш экан. У ҳаваскор тасвирчига, агарда ҳозироқ дронини туширмаса, полиция чақиришини айтган. Дронни ҳаводаёқ уриб туширишмаганига шукур қилиб, эгаси уни қўндириб олган.


Қизиғи шундаки, Apple кампуси устидаги ҳаво ҳудуди дронлар парвози тақиқланган жой сифатида рўйхатга олинмаган. Бу ўринда Apple хавфсизлик хизмати ходими қандай асосга кўра ҳаракат қилганлиги номаълум. Видеоблогер эса у билан тортишиб ўтиришни ва полиция рўйхатига тушиб қолишни истамаган ва дронини учиришдан воз кечиб қўяқолган.

Демак, бунинг биргина сабаби бор: «фазовий кема» деворлари ортида аллақачон махфий ишлар бошлаб юборилган ва кимдир дронга ўрнатилган видеокамера орқали бунга назар солишини Apple истамайди.

 Эҳтимол, келажакда компания мазкур кампуснинг дронлар парвози тақиқланган жой сифатида рўйхатга киритишга эришар, акс ҳолда ҳали бу борада яна муаммолар келиб чиқса керак.