iPhone 8 дизайни олдинги тасвирланган рендерларга умуман ўхшамаслиги ойдинлашди

26.07.2017 | Технологиялар | 2731

Apple’нинг «юбилей» смартфони тўғрисида турли тахминлар, суратлар тарқалиб келаётганидан хабарингиз бор. Лекин, Forbes нашри колумнисти Гордон Келлининг таъкидлашича, iPhone 8 ромсиз бўлмайди, деб ёзмоқда Terabayt нашри.

Бу даъвосига исбот сифатида журналист бўлажак флагманнинг рендерларини кўрсатмоқда. Уларни эса Келлига Apple режалари билан яхши таниш бўлган компания – смартфонлар учун ғилоф ва аксессуарлар ишлаб чиқарувчи Nodus тақдим этган.

Forbes журналисти берган маълумотларга кўра, янги смартфоннинг дисплейи атрофидаги ром қалинлиги 4 миллиметрдан кам бўлмайди. Унинг экрани эса диагоналига 5,8 дюймга тенг келади.

Гордон Келли сўзларига кўра, мана шу расмларда кўриб турганимиз – iPhone 8 моделининг якуний дизайнидир. Жорий йилда купертинолик гигант ўз флагманининг шаклини ўзгартиришга чалғимасдан, унинг технологик жиҳозланишига асосий эътиборини қаратган, дейди у.

Шунга қарамасдан, биринчи бўлиб кўзга ташланадигани айнан дисплей бўлиб, у олд панелнинг 80 фоиздан кўпроқ қисмини эгаллайди. Шунингдек, унда Touch ID ўрнатилган «Уйга» тугмачаси йўқлиги ҳам аҳамиятлидир.

Яна бир янгилик – Apple биометрик модулни (бармоқ изи сканерини) дисплей остига барибир жойлаштира олмади. Бу датчик энди iPhone 8’нинг ён томонига кўчирилиши ва фаоллаштириш тугмачасида жойлашиши мумкин, дейилади хабарда.

Шундай бўлса-да, компания муҳандислари қурилманинг батареяси сиғимини кенгайтира олишди. Бунга эса L ҳарфи шаклидаги аккумулятор блоги жорий этилганлиги ҳамда смартфоннинг ишчанлигига жавоб берувчи плата ҳажмининг кичрайтирилиши орқали эришилган.

iPhone 8’нинг ташқи портлари тўплами эса, афтидан, аввалгиларидек қолади. Бу флагман ҳам, худди олдинги «аждоди» каби, Lightning-коннектор билан мослигини сақлайди ҳамда унда қулоқчин тирқиши йўқ. Смартфон жамланмасига AirPods симсиз қулоқчинлари ҳам киритиладими ё йўқми – буниси ҳозирча номаълум. Бироқ флагманнинг нархи яхшигина оширилади. Унинг базавий моделига 1100-1200 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланади.