Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хитой тажрибаси: “онлайн-қишлоқ”лар мўъжизаси
26.07.2017 09:15,  
126

Хитой деганда кўз олдимизга қудратли саноат корхоналари ва гавжум шаҳарлар кўз олдимизга келади. Ҳолбуки, бу мамлакатда миллионлаб аҳоли қишлоқ жойларда, қашшоқликда кун кечиради.

Айнан мана шундай қишлоқларда “Taobao қишлоқлари” феномени юзага келди. Бу феномен муайян маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва йирик хитой интернет-дўконлари орқали сотиш орқали иқтисодий юксалишга эришаётган аҳоли яшаш пунктларини қамраб олади. Келинг, мана шундай хитой қишлоқларига биргаликда саёҳат уюштирамиз.

Данцзи (Dangji) посёлкаси марказий Хитойнинг қумли текисликларида ясланган қишлоқлардан бири бўлиб, бир қарашда мамлакатдаги электрон тижорат ривожланишига етакчилик қиладиган сиёғи кўринмайди.

хитой-2

Округ аҳолиси ўз яшаш жойларида ҳақида сўзлашни “чекка” иборасидан бошлайдилар. Бир неча йил олдин 15 км масофада жойлашган округ марказига бориш учун соатлаб вақт сарфлашга тўғри келарди – йўлларнинг хароблиги бунинг сабаби эди. Лекин бу кўпчиликни ўйлантирмасди ҳам: барибир аҳолида на машина, на уни сотиб олиш учун пул бор эди. Қолаверса, қишлоқда, Хитойнинг бошқа кўплаб чекка жойларида бўлганидек, меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли жуда кам қолган, кўпчилик мавсумий иш излаб соҳилбўйи томонларга кўчиб кетганди. Данцзи ва бошқа қатор қишлоқларни ўз ичига олган Хэцзэ маъмурий маркази ўша йилларда журналистлар томонидан “иқтисодий қолоқлик синоними, Шаньдун вилоятининг ўгай боласи” дея таърифланганди.

2013 йилда маъмурий марказдан Данцзига раҳбар этиб Су Ёндзюн тайинланади. У қишлоқдаги қашшоқликни кўриб ҳайратга тушади. Посёлка таркибига кирувчи икки қишлоқ бутун вилоятда энг хароб гўшалар саналарди. Ён-атрофдаги аҳоли яшаш пукнтларида бир-иккита бўлса ҳам кичик фабрика ишласа, Данцзида ишлаб чиқариш умуман йўқ эди.

хитой-3

Бугунга келиб посёлка ва унинг атрофидаги туманлар ихтисослашган маҳсулот – саҳна ва рақс либослари ишлаб чиқарувчи асосий масканлардан бири саналади. Посёлканинг 45 минг нафарлик аҳолисининг ярми турли-туман либослар – кинодаги ёвуз кучлар кийимларидан тортиб, илонлар, тимсоҳлар ва маймунларнинг ёқимтой либосларигача тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланади. Маҳсулотлар Alibaba корпорациясига тегишли Taobao интернет-дўкони орқали сотилади.

2016 йилда Данцзи 1,8 млрд юань (26,2 млн доллар)га тенг либослар сотган. Бутун округ миқёсида бу кўрсаткич тахминан уч баробар катта. Бу Taobaoдаги махсус либослар бозорининг 70 фоизи демакдир. Округдаги Динглу қишлоғи электрон тижорат саноатининг ривожланиши бошлаб берган бўлиб, бу ердаги 306 та уй хўжалигининг 280 таси Taobaoда савдо билан машғул. Қолганлар эса у ёки бу сабабга кўра ишга лаёқатсиз.

хитой-4

Бугунги кунда “Taobao қишлоқлари”ни яратиш қишлоқ туманларни ривожлантириш ва қашшоқликни бартараф этишга қаратилган миллий сиёсатдаги устувор йўналишлардан биридир.

2016 йил ноябрда Қашшоқликка қарши кураш давлат қўмитаси, 16 та вазирлик билан биргаликда, қишлоқ ҳудудларда электрон тижоратни кенг кўламда ривожлантириш бўйича тавсиялар эълон қилди.

хитой-5

2020 йилга келиб қолоқ округлар савдо ҳажмини тўрт баробарга оширишлари лозим. Бунга эришишнинг йўли эса, электрон тижорат деб ҳисобланмоқда. Хусусий фабрикалар қаршисида катта ҳарфларда, алвон рангда: “Taobao туфайли ҳаётингизни изга туширишингиз мумкин. Электрон тижорат саодат сари элтади” деб ёзиб қўйилгани бежиз эмас.

хитой-6Хитой Президенти Си Цзиньпин 2020 йилга бориб мамлакатни қашшоқликдан халос этишга ваъда берган ва бунинг учун “аста бойиб борадиган жамият”ни барпо этишга барчани жалб қилишини билдирган. Расмий статистикага кўра, бугун Хитойда 50 млн атрофида одам қашшоқликда ҳаёт кечиради. Бу сон 2010 йил нархларида энг  кам даромад 2300 юань деб белгиланиши асосида ҳисоблаб чиқилган. Амалдорлар 2020 йилга бориб минимал даромадни 4000 юанга кўтаришни режалаштирганлар.

хитой-7

Жўшқин шаҳар

Динь Пейлиннинг кичкинагина омборсифат фабрикаси Динлу қишлоғидаги унга тегишли ер майдонининг бир чеккасида, янги тушган йўлга қаратиб қурилган. Бир хонада ўрта ёшлардаги икки аёл Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий ҳамширалар кийимига дазмол урмоқда. Бу либослар хитойларнинг япон оккупациясига қарши курашига бағишланган тарихий фильм учун мўлжалланган. Олдинлари бу аёллар сал наридаги далаларида деҳқончилик билан шуғулланишган. Энди эса яхшироқ ва уйларига яқинроқ иш топдилар.

хитой-8

Аксарият катта ёшдаги аҳоли бутун умрларини қишлоқларида ўтказадилар. Динь – 60 ёшлар атрофидаги жиккаккина, кўзойнак таққан киши мактабни битириб, шу ерда ўқитувчи бўлиб ишга кирди. У математика, ёзув ва адабиётдан таълим берар, маоши жуда кам эди. 13 йил дарс бергач, 1980 йилларнинг ўрталарида, у бошқа ишга ўтди. Қўшни қишлоқдаги мусаввир фотосессиялар учун манзаралар суратини чизарди, лекин уларнинг савдоси билан шуғулланишга вақт топа олмасди. Динь ва унинг қариндоши уйма-уй юриб ушбу маназаларларни таклиф қила бошлади. Кейин у аста фотосуратга тушиш учун либосларга ўтди, ундан саҳна асарлари учун либослар йўналишига кўчди. Бу йўналишда харидорлар кўпроқ бўлди.  2013 йилда фақат Динь ва яна бир нечта бошқа оилаларгина томорқаларида экин етиштиришдан ташқари, яна у ёки бу бизнес билан шуғулланардилар.

Янги раҳбар – Сю Йондзюнь ривожланиш имкониятларини кўра билди. Йўллар маҳсулотларни юк машиналарда ташишга мутлақо ярамасди, шу сабабли у ташаббусни ўз қўлига олди. Ёндош яшаш пунктлари раҳбарларини ёрдамга чақирди ва биргаликда йўлларни эпақага келтириб олдилар. Оптик толали кабель ётқиздилар – “интернет Шанхайдагидан ҳам тезроқ”,– деб ёзади Сю коллеж битирувчилари ва меҳнат мигрантларига аталган очиқ хатида. Бу хатда у посёлкани яхши ҳаёт ва иш топиш илинжида ташлаб кетганларни ортга қайтишга чақиради.

хитой-9

Қашшоқликка қарши курашиш давлат дастури доирасида посёлка маъмурияти аҳолини электрон тижоратга ва кийим тикишга ўргатишни молиялаштирди, кам фоизли қарзлар таклиф этди ва муваффақиятли бизнесменларни маҳаллий аҳолининг энг қашшоқларини ишга олишга чорлади. Alibaba тадқиқотларига кўра, тўрт йилдан оз фурсатда Данцзи ва бутун округдан 6300 нафар инсон, интернет орқали савдо туфайли, қашшоқликдан расман халос бўлдилар.

хитой-10

Alibabaда таъкидлашларича, бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб авваллари қашшоқликда яшаган 18 та қишлоқ жами 10 млн юань (1,45 млн доллар)лик товар сотмоқда. Минимал даромад қиймати оширилганидан кейин қашшоқлар сафига қўшилиб қолган яна 200 та қишлоқнинг ялпи айланмаси ҳам шу кўрсаткичга яқинлашиб қолган.

Данцзидан бир неча юз километр наридаги Хэбэй вилояти Пинь округи қишлоқлари ҳам расман қашшоқ саналарди.

Ҳозирда у ерда болалар велосипедларини кенг кўламда ишлаб чиқармоқдалар. Юньань вилояти Жануби-ғарбидаги қишлоқлардан бирида кам сонли миллат – байлар қўлда тайёрланган кумуш буюмлар сотиш билан шуғулланадилар, улар 2015 йилда Taobao орқали 19 млн юанли товар сотганлар.

Сю саъй-ҳаракатлари шарофатидан, Данцзи қишлоғи ривожлана бошлади, бу эса қишлоқ аҳолиси ўртасида раҳбарнинг обрўсини осмонларга кўтариб юборди. Сю эса, бу тажрибани исталган ерда қўллаш мумкинлигини таъкидлайди: “Ҳар бир аҳоли пунктида қандайдир ноёб товарлар ишлаб чиқариш мумкин. Муҳими – уларни онлайн сотиш имкониятини беришдир”.

“Аста бойиётганлар”

Хитойдаги иқтисодий тараққиёт туфайли кейинги 30 йил ичида глобал қашшоқлик даражаси анчайин пасайгани рост. Буни Хитойда ҳам яхши тушунишади. 2016 йилда ХХРдаги қишлоқ жойларни ривожлантириш ишчи гуруҳи раҳбарларидан бири айтганди:

– Агар 2020 йилга бориб ҳам қашшоқликдаги аҳоли сони камаймаса, бу аста бойиб бораётган жамиятнинг ҳаёт сифатини тушириб юборади. Фуқароларимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг бизга ишончи йўқолади. 2020 йилга қадар аҳоли фаровонлигини белгиланган даражагача кўтаришга эришсак, бу партиянинг етакчи ролини ва хитой социализмининг афзалликларини бутун дунёга намоён этади.

хитой-11

Белгиланган муддатгача саноқли йиллар қолди. Марказий ҳукумат 2016 йилда қашшоқликка қарши курашга харажатларни 43 фоизга оширди, бу 66 млрд юандан зиёд сумма бўлади. Вилоятлар маъмуриятлари яна 40 млрд қўшдилар. 2013 йилда қашшоқликка қарши кураш миллий кампанияси авжига чиқди, унинг доирасида қашшоқликда яшовчи туманларни аниқлаш ва уларнинг иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича режали ишлар бошлаб юборилди.

2016 йил охирига бориб беш йиллик тараққиёт режаси қабул қилинди, унда расман энг қашшоқ деб топилган 128 000та қишлоқни мақсадли ривожлантириш кўзда тутилган. Қашшоқлик даражасини пасайтириш учун марказий ва маҳаллий аппаратлар жавобгарлиги кўриб чиқилди, амалдорлар фаолиятининг унумдорлигини баҳолаш ушбу кўрсаткичга боғлаб қўйилди.

Alibaba корпорацияси ҳам ўз ёрдамини таклиф этди. Бугунги кунда у қишлоқ туманларига тўртта тараққиёт дастурини таклиф этмоқда. Асосий урғу мамлакатнинг марказий ва ғарбий минтақаларига йўналтирилмоқда – у ерга Alibaba 10 млрд юань миқдорида инвестиция киритиган. Ушбу инвестиция Taobao учун 100 000 та хизмат кўрсатиш марказини қуриш, нақлиёт инфратузилмасини ривожлантириш ва маҳаллий аҳолига Taobao бозорига тезкор чиқиш сир-асрорларини ўргатишга сарфланади. Марказий ҳукумат Alibaba ва Jingdong билан келишув имзолаган, унда мамлакатнинг қашшоқ туманларида электрон тижоратни ривожлантириш учун яна бир платформани яратиш кўзда тутилган.

2010 йилда Alibabaнинг молиявий бўлинмаси – Ant Financial кичик бизнесни микромолиялаштириш дастурини жорий этганди. Ўтган давр мобайнида Ant Financial Малайзиядаги қашшоқларга кўмаклашувчи Grameen Bank қарийб қирқ йил давомида берган кредитларидан тўрт баробар кўп кредит ажратди.

Кетганлар қайтмоқда

Жойлардаги некбинлик кайфияти ва ҳукуматнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига қарамай, қашшоқликка қулоғидан шўнғиган туманларнинг электрон тижорат тараққиётига қўшилишлари қийин кечяпти. Баъзи кузатувчиларнинг фикрларига кўра, Данцзининг афзал жиҳати – унинг ялангликда жойлашганлиги, йўл ва керакли инфратузилмани бунёд этиш қийин эмаслиги бўлган.

хитой-12

Хитойнинг кўплаб туманларида иқтисодий тараққиёт аҳоли яшаш пунктларининг чеккалиги ва тоғли ҳудудлар ўзига хослиги туфайли мураккаблашган. Alibaba маълумотларига кўра, 1000 дан зиёд “Taobao қишлоқлари”нинг 25 тасигина бориш қийин туманларда жойлашган. Қаерлардадир, мураккаб иқлим ва ландшафт шароитларига қарамай, тақсимот ва нақлиёт тизимини ташкил этишга муваффақ бўлинмоқда, лекин, аксарият ҳолатларда, ҳар қанча қўллаб-қувватлаш ҳам ёрдам бера олмаяпти.

Бугунги кунда Хитойда қишлоқларнинг қашшоқ аҳоли яшаш пунктларидан миллий миқёсдаги ишлаб чиқариш марказларига айлантириш бўйича катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Лекин, бу вазифани муваффақиятли ҳал этиш учун, барча даражадаги ҳукумат аппарати ва бизнеснинг ҳамкорлиги талаб этилади.

Ҳозирда Хитойда қишлоқ минтақаларида саноатнинг кескин ривожланиши кузатилмоқда. Посёлка ва қишлоқлардаги корхоналар бандлик ўсишини таъминлади, маҳаллий маъмуриятлардан кўмак олдилар. Айнан маҳаллий корхоналар туфайли ўз пайтида қишлоқ жойлардан саноат ҳудудларига ишчи кучлари кетиб қолишини тўхтатишга муваффақ бўлинди.

Сю Данцзига меҳнат мигрантлари ва коллежлар битирувчиларини таклиф қилган очиқ хатини 2015 йилда ёзганди. У қўшимча рағбат бўлди: Taobao лойиҳалари авж ола бошлагач, Данцзига шаҳарлардан 5000 га яқин одам қайтди, улар ичида юзлаб коллеж битирувчилар бўлди. “Қайтиб келган барча коллеж битирувчилари муваффақиятга эришдилар, энди биз кенгайишимиз керак”.

Динь Пейлинь қўшни округлар ва шаҳарлардаги кечаги мактаб битирувчиларига уй-жой ва таом таклиф қилади. Бир нечта компьютерларни тайёрлаб қўйган. Лекин одамларни қишлоқларга жалб қилишнинг ўзи бўлмайди. Шу билан бирга, савдолар энг қайнаган кезларда, посёлка корхоналари буюртмаларга тўлиб кетади ва уларнинг бир қисмини бошқа вилоят корхоналарига беради. Бу – мураккаб, лекин ҳавас қилишга арзигулик муаммо, бир неча йил олдин унинг юзага келиши мумкинлигини биров хаёлига ҳам келтирмаганди.

Сотувлар ҳамжи ортгани сари, аҳоли бизнесни кенгайтириш бўйича режалар туза бошлайдилар. Посёлкада яқинда ишлаб чиқариш ва сотув офислари учун учинчи саноат парки бунёд этилади. Бугунги кунга келиб Данцзи либосларни чет элга: Малайзия, Вьетнам ва Жануби-ғарбий Осиёнинг бошқа мамлакатларига сотмоқда. Режада маҳсулот сифатини ошириш ва Европа ҳамда Америка бозорларида рақобатбардош бўлиш.

Бундай ўзгаришларда бевосита иштирок этган Дин Пейлиннинг мақсади холис: “Бутун Хитой ва бутун дунё Динлу қишлоғи ҳақида билсин, дейман”.

хитой-13

Биз эса, ушбу тажриба Ўзбекистон шароитида қанчалик ўзини оқлар экан деган мулоҳазадамиз. Юртимиздаги қишлоқларнинг географик жойлашуви, аҳолининг савияси, инфратузилма – буларнинг бари бўйича афзалликка эгамиз. Демак, “технологик қишлоқ” лойиҳалари ўлкамизда янада каттароқ самара бериши керак. Бу борада мутахассислар қандай фикр билдиришади?

Манба: kommersant.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан