Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Матбуот ва ахборот агентлиги сифатсиз ОАВларнинг асл башарасини очиб ташламоқчи
5.08.2017 11:34,  
20

Оммавий ахборот воситаси – жамият кўзгуси, миллатнинг юзи. Унинг зиммасида кенг жамоатчиликни фикрлашга чорлаш, тарбиялаш, дунёқарашни бойитишдек масъулият туради. Бироқ афсуски, сўнгги йилларда республика матбуот ва оммавий ахборот воситалари мониторинги баъзи таҳририятларда бу масъулият тобора сусайиб кетаётгани, улар фаолиятида қатор камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларининг содир этилиши мунтазамлик касб этаётганини кўрсатмоқда.

Қонунбузилишлар юзасидан таҳририятлар ва муассисларга нисбатан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қўлланилаётган таъсир чораларидан тегишли хулоса чиқармаслик, уларга яратиб берилаётган имконият ва эркинликни суистеъмол қилиш оқибатида кўплаб тақдимнома ва кўрсатмалар қоғозда қолиб кетиши, натижада таҳририятлар фаолиятидаги хато ва камчиликлар такрор-такрор содир этилиши аниқланмоқда.

Мазкур ҳолатга жамоатчилик эътиборини қаратиш, бир таҳририятда йўл қўйилган қонунбузарликнинг бошқа таҳририятда содир этилишини тўхтатиш ва келгусида уларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятида аниқланган салбий ҳолатлар ҳақида ўз сайтида мақолалар эълон қилиб, уларни келтириб чиқарган омилларни жиддий танқидий таҳлил этиб, бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар, амалий йўриқ ва кўрсатмалар бериб боришга қарор қилди.

Юқорида қайд этилган нохуш ҳолатларни юзага келтирувчи қонунбузилишларга чек қўйиш мақсадида биргина 2017 йилнинг ўтган етти ойи давомида Агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларига 100 дан ортиқ, нашриёт ва матбаа корхоналарига 70 га яқин таъсир чоралари қўлланилди. Бироқ айрим турдаги қонунбузилиш ҳолатлари борки, таъкидланганидек, уларга жамоатчилик эътибори ўз вақтида қаратилмаса, “касаллик” бошқа нашрларга ҳам юқиши, “тадбиркорман-ку, журналист эмасман, фаолиятимда камчиликларга йўл қўйсам ҳам бўлаверади” қабилида иш тутиш ҳолатларига фақат қоғоз орқали чора қўллаш, эртанги кун ёшларининг, қолаверса, жамиятнинг оғриғига айланиши мумкин.

Телерадио дастурлари, матбуот саҳифаларида асосан Ғарб санъаткорларининг қўштирноқ ичидаги ишқий ҳаётини мунтазам ёритаётган, уларда оилавий қўнимсизлик, жуфтларнинг бир-бирига хиёнати, никоҳсиз турмуш сингари иллатларни оддий ҳол сифатида тасвирлаётган ахборот воситалари афсуски йўқ эмас. Одамларни шу каби “саҳналар” билан ўзига жалб қилишга ўрганиб қолган тадбиркорларга Агентлик томонидан бир неча маротаба огоҳлантириш киритилса-да, улар ўз фаолиятига танқидий ёндашиб, хулоса чиқариш, таҳририятлар ишига маънавий етук, зиёли, ҳар жиҳатдан ибратли, ҳаётий ва касбий тажрибага эга ижодкорлардан иборат мутахассиларни жалб қилиш ва шу орқали маънавиятни тарғиб қилишни йўлга қўйиш ўрнига салбий ҳолатларни тарғиб этишда давом этиб келмоқда. Бугунги аччиқ бўлса-да, ўрнак вазифасини ўташига умид қилиб қўл урган мавзуимизда ана шулар ҳақида сўз юритамиз.

Ўзининг кўп сонли ўқувчиларига эга бўлган “Келинчак”, “Humo” журналлари, “Отдохнем!” газетасида хориж санъаткорлари ҳаётига доир янгиликлар мунтазам бериб борилган ва уларда урғу кўпхотинлик, кўпэрлик, фуқаролик никоҳи каби салбий иллатларга қаратилган. Жумладан, “Humo” журналида ўқувчида анъанавий оилага хос турмуш-тарзига нисбатан ҳурматсизлик, бефарқлик уйғотиши мумкин бўлган “Жизель Бундхен ждет третьего ребенка?”, “Беспросветный туман и озарение”, “Ирина Понаровская – леди Совершенство”, “Королева Голливуда. Два лица Элизабет Тейлор” каби материаллар чоп этилган.

“Отдохнем!” газетасида “Надя Ручка: “Чем сильнее человек, тем сильнее его слабости” сарлавҳали материалда қўшиқчи Надежда Ручканинг никоҳсиз ишқий муносабатлари ёритилган: Да я никогда не стремилась к браку. Мне даже казалось, что это тюрьма, где тебя посадят на цепь и заставят варить борщ” ҳамда “Бен Эффлек: Я всегда был легкой добычей для остряков” сарлавҳали материалда актёр Бен Эффлек оилали бўла туриб ишқий алоқада бўлгани “Когда Дженнифер Гарнер подала на развод, никто не сомневался, что назад пути нет  - ведь Бен Эффлек закрутил интрижку с няней собственных детей, да еще чуть ли не в их присутствии...” дея, очиқ намоён қилинади.

“Сиенна Миллер: Тяжело быть одинокой мамой, но я счастлива “, “Эмма Стоун: В награду я получила уникальную стойкость и запас жизненных сил”, “Милла Йовович: Дом и материнство – мои главные радости теперь” сарлавҳали материалларда ғарблик машҳур санъат намояндаларининг шахсий ҳаётига доир, ёшларни йўлдан оздирадиган жиҳатлар бадиий бўёқдорлик билан ёритилган. “Неудачное свидание” материалида эса пул учун танани сотишдек тубанлик ижобий фазилат дея баён этилади.

Бу каби материаллар жамиятимиз анъаналарини емириши, оила аталмиш муқаддас қадриятга путур етказиши, барқарор маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши, бир сўз билан айтганда, “оммавий маданият” ниқобидаги қора кучларнинг тегирмонига сув қуяётганини наҳот таҳририятдаги масъул ходимлар, муҳаррирлар тушуниб етмаса?!

Қолаверса, нашрда эълон қилинаётган бошқотирмаларда ҳам мунтазам равишда алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан савол сифатида фойдаланиш ҳолатлари кузатилган. Жумладан, сканвордларда “Разбавитель спирта”, “Пиво по домашнему”, “Мерная доза спиртного на дорожку”, “Махорка”, “Пальмовая водка”, “Сорт выдержанного крепкого алкоголя ”, “Табак по-простому”, “Водка в Акапулько”, “Красное вино” каби саволлар берилган.

“Келинчак” журналида “Йигит изтироби” сарлавҳали қисса эълон қилинган бўлиб, унда талаба йигит ва қизнинг ўзаро никоҳсиз ҳаёт кечириши, беҳаё саҳналар, оммавий маданият ва европача турмуш тарзини тарғиб қилувчи лавҳалар мавжуд. Қиссадаги миллий қадрият ва урф-одатларимизнинг қаҳрамон тилидан қолоқлик, эскилик сарқити сифатида тасвирланиши ўқувчида европача дунёқараш ва турмуш тарзига ҳавас, аксинча, миллий қадриятларимизга нисбатан беписандлик, лоқайдликни шакллантириши мумкинлигини эътиборга олиш лозим.

Шунингдек, журналда “Биз билган ва билмаган Пушкин” сарлавҳали материал чоп этилган. Унда рус шоири А.С.Пушкин ва унинг аёлларга нисбатан муносабати тасвирланиб, айрим бузуқлик, хотинбозлик, никоҳсиз турмуш ва хиёнатни тарғиб қилувчи саҳналар таҳрирсиз эълон қилинган. Жумладан: “...Шоирнинг аксарият саргузаштлари ўткинчи эди. Аммо ўртага муҳаббат аралашса борми, шоир учун маъшуқасига жисман эришиши шарт бўлар эди... Пушкин кутилмаганда жўш урадиган ҳиссиётларини табиати енгил аёллар билан қондиришга ҳам ўрганганди...

...Бу бева хоним Пушкинни ўқишдан ҳайдалишидан асраб қолган директорга қариндош бўларди. Улар деярли ҳар кеча яширинча бирга бўлишар ва бу лаззат онлари ўспирингагина эмас, тул хотинга ҳам ёқиб тушардики, у бунинг ҳар кеча такрорланишини истарди”.

Журналнинг қиз-жувонлар аудиториясига мўлжаллангани, ёш келинлар учун турли фойдали тавсия ва маслаҳатлар, оилани мустаҳкамлаш, никоҳ, эр-хотин садоқатининг муқаддаслиги, миллий, умуминсоний эзгу қадриятларни тарғиб қилиш ўрнига тийиқсиз ишқий ҳаёт, жазманбозлик, тўшак саҳналари билан боғлиқ енгил-елпи турмуш тарзининг изчил чоп этилиши ёшлар одоб-ахлоқи, ижтимоий дунёқарашига салбий таъсир қилиши, шубҳасиз.

Қонунбузарлик ҳолатларига ана шундай беписандлик билан қараётган нашрлардан яна бири “Oltin asr” журналидир. Нашрнинг таъсис ҳужжатларида ихтисослашуви ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий, ҳуқуқий экани кўрсатилган. Бироқ, журналда берилган кўплаб материалларда “Oltin asr” ҳуқуқий журнали тарзида маълумотлар келтирилган. Журналга ҳуқуқий дея зўр беришга уринишдан мақсад нима?

Ушбу “ҳуқуқий” журнал муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига риоя қилмаслик, тил қоидаларини қўпол равишда бузиш бўйича “рекордчи” нашрлардан биридир. Хусусан, нашрнинг 1-сонида ўндан ортиқ материал Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан кўчирилгану асл манбаси кўрсатилмаган. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент қарор, фармонлари номи ва нормаларини бузиб кўрсатиш ҳолатлари бўйича ҳам “етакчи” бўлган бу нашр саҳифаларида саноқсиз имловий ва услубий хатоларга йўл қўйилган.

Бундан ташқари, журналда сондан-сонга мақолалар сарлавҳаси такрорланган. Журнал республика миқёсидаги нашр ҳисобланади. Аммо унда чоп этилаётган бир қатор мақолаларда материал қайси туман ёки вилоятга мансублиги қайд этилмаган, маҳалла ёки мактаб номи кўрсатилган холос.

Журналдаги аксар мақолаларда меъёридан зиёд хушомад, мадҳу мақтовлар баён этилган, миннатдорликлар билдирилган. Ҳар бир сонида қарийб 10 дан зиёд мақолада қаҳрамонлар номидан “ҳожилик мартабасига эга бўлдим” дея ўзини ўзи мақташга эътибор қаратилган.

Бундай ҳолатларни республика телерадиоканаллари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги “Денов-АТР”, Бухоро вилоятидаги “Ғиждувон-ТВ”, Жиззах вилоятидаги “Жиззах ТВ2” телеканаллари, Андижон вилоятидаги “Дийдор ФМ” радиоканали, “Тараққиёт” телеканали фаолиятида Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 5-моддаси доимий қўпол равишда бузиб келинаётгани мазкур оммавий ахборот воситалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш вақти келди, деган хулосани ўйғотади.

Номлари келтирилган теле ва радиоканаллар фаолиятида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг сўнгги йиллар давомида қайта-қайта қўпол равишда бузиб келиниши, Агентлик томонидан юборилаётган огоҳлантиришлар, тақдимномалар кор қилмаслиги, ёшларга рақсбоп тарона-ю, кўнгилочар фильмларни қўйиб эшиттириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ниқоби остида маданиятсизликни тарғиб қилиш, шаҳвоний туйғуларга эрк бериш каби ҳолатларга томошабин бўлиб қараб туриб бўлмайди, албатта.

Афсуски, бундай ҳолат нафақат оммавий ахборот воситалари фаолиятида, балки нашриётлар фаолиятида ҳам кузатилаётгани ачинарлидир.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари, нашриётлар муассисларига белгиланган тартибда чоралар қўлланилди. Бироқ, бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади, деганидек бирини эпласанг, иккинчиси иш кўрсатиб туради. Шунинг учун биз ўз истеъмолчиси – обуначисига пулини олиб сифатсиз “маҳсулот” бераётган бундай газета-журналлар, нашриётларнинг асл башарасини очиб ташлаб, халқ ҳукмига ҳавола қилиб бораверамиз.

Зеро, куни кеча республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувидаги маърузасида ҳам, бугунги кунда енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани кескин танқид қилинди. Бундан ҳар биримиз тешишли ва зарур хулосаларни чиқариб олишимиз шарт. Бугунги кунда юртимиз, халқимиз олдида оммавий ахборот воситаларининг шаъни ва қадрини, журналист, зиёли деган шарафли номни оқлаш, унга муносиб бўлиш ҳар бир ижодкорнинг юксак масъулияти ва виждон иши бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан