Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳуқуқшунос жавоби: Мажбурий обуна қонунийми?
5.08.2017 16:45,  
278

Савол: Ишхонада ҳар йили мажбурий тарзда газета-журналларга обуна қилдириб, иш ҳақимнинг 20-30 фоизини ушлаб қолишади. Мен обуна бўлмаслигимни айтсам ҳам бу ҳаммага мажбурий деб обуна қилишади. Ҳар галгидек, бу сафар ҳам менга обуна бўлганлигим тўғрисида бирор ҳужжат бергани йўқ, обуна бўлган журналлардан эса дарак ҳам йўқ. Мажбурий обуна қонунийми?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, меҳнат ҳақидан ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Демак, ходимнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш, масалан, обунага ушлаб қолиш учун ходимнинг розилиги талаб этилади. Бунинг устига ушбу розилик ёзма ифодаланган бўлиши лозим. Агар иш берувчи обуна барча ходимлар учун мажбурийлигини айтса, ундан буни тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиш лозим.

Қонуннинг юқорида айтилган бандидаги «суднинг қарорига асосан» деган қисми алимент тўлаш, қарздорликни ундиришга ўхшаш каби ишларга тааллуқли.

Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан, фақатгина қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади:

1) Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;

2) суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;

3) иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун. Бундай ҳолларда иш берувчи авансни қайтариш ёки қарзни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёхуд ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан аванс ёки қарзни ушлаб қолиш ҳақида фармойиш беришга ҳақлидир. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёхуд бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган аванснинг ушлаб қолинишини асоссиз ёки миқдорини нотўғри деб ҳисобласа, у ҳолда қарз суд тартибида ундирилади;

4) ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун. Ана шу кунлар учун ҳақ меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 89-моддасининг тўртинчи қисмида, 100-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 2-бандлари, 106-моддасининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган асосларга кўра, шунингдек, ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан бекор қилинганда ушлаб қолинмайди;

5) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;

6) ушбу Кодекснинг 181-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун. Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.

Демак, иш берувчи ходимнинг иш ҳақидан мажбурий тарзда обуна учун ушлаб қолиши ноқонуний ҳисобланади. Меҳнат кодексининг 260-моддасига асосан, ушбу ҳолат юзасидан корхонадаги меҳнат низолари комиссиясига (агар мавжуд бўлса) ва/ёки корхона жойлашган туман фуқаролик ишлари бўйича судига шикоят қилишингиз лозим.

Дилором Абдуллаева,
ҳуқуқшунос

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан