Москванинг Домодедово аэропортида катта миқдордаги валюта контрабандаси аниқланди

08.08.2017 | Жаҳон | 3092

Домодедово аэропортида Батуми-Москва рейсида учиб келган йўловчилар божхона назоратидан ўтказилганда жуда кўп миқдорда хорижий валютасини олиб ўтишга ҳаракат қилмоқчи бўлган Грузия фуқароси тўхтатилди. Бу ҳақда Домодедово божхона хизмати матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, 34 ёшли Грузия фуқароси "яшил йўлак" орқали божхона назоратидан ўтишга уринган. Унинг қўл юклари текширилганда 56,5 минг АҚШ доллари, 10,7 минг турк лираси ҳамда 297 минг Россия рубли бўлган.

Россия божхона қонунчилигида 10 минг АҚШ доллар эквивалентида бўлган валюта қимматликлар олиб ўтилаётган ҳолларда ёзма равишда божхона декларацияси тўлдирилиши шартлиги қайд этилган.

Грузия фуқароси эса декларация тўлдирмасдан олиб ўтиш мумкин бўлган миқдордан 5 баравар кўп пулни олиб ўтишга ҳаракат қилган.

Унинг бу ҳаракати Россия Жиноят кодексида пул маблағлари контрабандаси сифатида таснифланади. Ундан жарима ундирилиши ёки тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.