Тошкент йўлларида темир панжараларни олиб ташлаш ишлари бошланади

08.08.2017 | Ўзбекистон | 3804

Тошкентда яқин ойларда марказий йўлларда ўрнатилган темир панжараларни олиб ташлаш ишлари бошланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидумар Оглаев маълум қилди.

Илгарироқ, Тошкент шаҳар ЙҲХБ Тошкент шаҳри Мустақиллик шоҳкўчасидаги темир панжаралар нега олиб ташланаётгани юзасидан изоҳ берган эди.

Оглаевнинг сўзларига кўра, бу муаммо бўйича пойтахт аҳолиси томонидан президент виртуал қабулхонасига кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Шунинг учун аҳолининг мурожаатларини ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш бошқармаси томонидан панжараларни демонтаж қилиш ишларига тайёргарлик кўрмоқда.

«Машинада кетаётган пайтда ушбу темир панжара деворга ўхшаб кўринади. Панжаралар ортидан ҳайдовчига пиёдалар кўринмайди. Бунинг натижасида кўплаб хавфли вазиятлар юзага келади. Шунингдек, темир панжаралар ҳайдовчиларга чорраҳаларда ўтишда халақит қилади», — деди ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Бундан ташқари, Оглаевнинг сўзларига кўра, демонтаж ишлари келгуси ойлар давомида амалга оширилади. Лекин қайси кўчаларда ва қанча темир панжара демонтаж қилиши номаълум.

«Темир панжаралар ҳашар йўли билан олиб ташланади. Шундан сўнг панжаралар туман ҳокимиятларига берилади. Улар ўз навбатида турли бюджет ташкилотларга, жумладан боғчалар, шифохоналар, мактабларга берилади. Панжараларнинг бир қисмини сув каналлар бўйлаб ўрнатиш режалаштирилмоқда», — деди Оглаев.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт марказий йўлларида темир панжаралар 2015 йил ёз мавсумида, яъни ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш пайтида ўрнатилган эди. Ўша вақтда бу панжаралар йўлларда хавфсизликни кучайтириш ва шаҳар қиёфасини яхшилаш мақсадида ўрнатилганди.