Шавкат Мирзиёев 8 август куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Цзинь Лицюнни қабул қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг расмий сайти.
Учрашув чоғида Ўзбекистонда умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳаларни – сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий автомобиль йўллари қуриш, темир йўлларни электрлаштириш ва пойтахт метрополитени тармоғини кенгайтириш ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишга доир ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилиш механизмини яратиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари мавжудлиги алоҳида таъкидланди.