Туркия Эрон билан чегарада девор қуришни бошлади

09.08.2017 | Жаҳон | 2266

Туркиянинг қўшни Эрон билан чегарасида иккала мамлакатни ажратиб турувчи тўсиқ ўрнатилмоқда. Бу ҳақида Доғум агентлиги асосланиб, Russian Today​ телеканали хабар бермоқда.

Кенглиги 2 метр, баландлиги 3 метр бўлган девор орқали Туркиянинг хавфсизлигини контрабандачилар ва курд жангариларидан асраш кўзда тутилган. Туркиянинг Сурия билан чегарасида бундай девор аллақачон қад ростлаган.

Ҳукуматининг маълум қилишича, Туркияда фаолияти тақиқланган “Курдистон ишчилар партияси” ташкилоти Эроннинг Туркия билан чегараси яқинида жангариларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказадиган лагерьларга эга. Эрон, шунингдек, Туркия орқали Европага гиёҳванд моддалар олиб ўтадиган контрабандачиларга ҳам бошпана вазифасини ўтайди.

Аввалроқ Туркия ва Сурия чегарасида 700 кмдан ортиқ узунликдаги девор қурилган эди. Қурилиш ишлари 2014 йилда бошланиб, жорий йилнинг июнь ойида ниҳоясига етказилган. Девор билан бирга чегарада хавфсилик чоралари кучайтирилган ва кузатув камералари ҳам ўрнатилган.

Чегара бўйлаб девор қурилиши қўшни Эрон томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Май ойида Эрон ташқи ишлар вазирлиги мулозими Баҳром Қосимий чегарада хавфсизликни кучайтириш учун ҳар қандай ҳаракат маъқулланишини маълум қилган эди. Эрон томони чегарада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун қўшниси билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.