Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Mаҳалла фуқаролар йиғини раислари: темир-терсак йиғиш ва мажлисбозликдан безидик
10.08.2017 18:25,  
122

"Кўп ҳолларда маҳалла йиғин ходимларини мутлақо бошқа ишларга жалб этиш, ваколат доирасидан ташқаридаги масалалар билан шуғулланишларига мажбурлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида оқсашларга сабаб бўлмоқда", деб ёзади "Маҳалла" газетаси.

Қайд этилишича, маҳаллий ҳокимликларнинг ўзи фуқаролар йиғинларини турли ишларга сафарбар этишда бош-қош бўлмоқда.

"Айниқса, металл парчаларини йиғиш, боз устига, катта миқдорда "норма" белгилаш, белгиланган "норма"ларни бажармаётган фуқаролар йиғинларига нисбатан қўпол муносабатда бўлиш, коммунал қарздорликларни ундиришга жалб этиш, қишлоқ хўжалиги ишларига, ўз ҳудудидан ташқари жойларни тозалашга мажбурлаш ёки ишчи кучи топишни буюришдек ачинарли ҳолатлар юртимиздаги деярли ҳар бир ҳокимликларга хос "фазилат".

Ахир, елкасида санаб адоғига етиш қийин бўлган бир неча долзарб вазифалари бўла туриб, бугун айрим маҳалла раислари гоҳ далада ўтоқ, чопиқ, чилпиш билан, гоҳ пиллаю тутзор муаммолари, гоҳ ғалла ташвиши билан югургиласа, гоҳ мажлисбозликда залларни тўлдиришда ҳозиру нозир бўлиб, кунига 10 марталаб ҳокимиятга чопса, ўзларининг ишига қачон вақт топади?!", дейилади газета веб сайтида жойлаштирилган мақолада.

Мақолада миллий қонунчиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатлар борлиги, бундай ҳужжатларда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди, дея қатъий белгилаб қўйилганлиги таъкидланади.

"Жорий йилнинг 21-22 июль кунлари давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига сафарлари давомида "вилоят ҳокимлиги, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини улар фаолиятига тегишли бўлмаган вазифалар бўйича турли йиғилишлар ва ишларга (айниқса, қишлоқ хўжалиги ишларига, газ, электр энергияси ва бошқа коммунал тўловларни ундириш, металл парчаларини йиғишга) жалб этишни қатъиян тақиқлаш"ни буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21-22 июль кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида мустаҳкамланган.

Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, маҳалла фаолларининг беминнат меҳнатига ўрганиб қолган мутасаддилар "беминнат дастёрлар"ни қўйиб юборгиси йўқ, шекилли. Жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах вилояти кенгашига мурожаат қилганимизда уларнинг ҳам дарди ичида экани ойдинлашди", дейилади мақолада ҳамда бош мутахассис Руслан Нишоновнинг сўзлари келтирилади.

Нишоновнинг айтишича, металлом йиғиш, топшириш фуқаролар йиғини зиммасидаги вазифа эмас. Лекин маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳар бир фуқаролар йиғинига ойига ўрта ҳисобда бир тоннадан металлом топшириш режаси белгилаб қўйилган.

Бахмал тумани кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Отабоевнинг таъкидлашича, туманда 26 та фуқаролар йиғини фаолият кўрсатади, ҳокимлик томонидан ҳар қайси фуқаролар йиғинига бир тоннадан металлом топшириш вазифаси юклатилган. "Бу борада бироз қийинчиликлар бор. Аммо топшириқ уддаланяпти", дейди ўринбосар.

Тумандаги "Нурафшон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холбўта Муродовнинг жамоаси йил бошидан бери 3,5 тонна металл парчаларини топширган.

— Маҳалламизга ойига 500 килограмм металлом топшириш режаси қўйилган. Уни ҳам аранг уддалаяпмиз. Қийин бўлиб кетяпти, — дейди раис.

Газета мухбирлари Янгиобод тумани кенгаши билан боғланганида кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Исмоилов тумандаги ҳар бир фуқаролар йиғинига 600 килограммдан металлом топшириш юклатилганини баён этиб, ҳозиргача белгиланган режа туманда 33,6 тоннадан ошганини маълум қилган.

Савот қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ўктам Ҳамдамов эса шундай дейди:

— Қишлоғимиз аҳолиси 2719 нафар. Металлом тўплаш ниҳоятда қийин бўляпти. Тўғрисини айтганда, масъул котиб Салоҳиддин Аҳмедов, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Раъно Ниёзқулова ва мен ойлик маошимиздан йиғиб, металлом сотиб оламиз. Сўнгра Даштободдаги металлом қабул қилиш пунктига топширамиз. Нақд пулга сотиб олган металломнинг пулига бозордагидан қимматроқ нархда электрод, челак, тоғора, дазмол беришяпти. Энг қизиғи, бу нарсаларнинг бизга кераги йўқ. Бир неча бор биз учун зарур бўлган девонхона маҳсулотлари — қоғоз, қалам, ручка сўрадик. Лекин ололмадик.

"Пахтакор тумани Боғишамол қишлоқ фуқаролар йиғини масъул котиби Шавкат Ражабалиевнинг ҳасратлари ҳаммасидан ошиб тушди.

— Бизга сал кўпроқ режа қўйилган, — дейди Шавкат Ражабалиев. — Ҳокимиятдагиларнинг сўзларига қараганда, аҳоли сони 7 минг нафар бўлгани боис 1,5 тонна металлом топширишимиз зарурмиш. Июль ойида шунча ҳаракат қилганимиз билан буни уддалай олмадик. Белгиланганидан 500 килограмм кам металл парчалари топширдик.

Ундан шунча металломни қаердан олаётганини сўрадик.

— Ҳамма гап ана шунда-да, — дейди жиғибийрони чиққан Шавкат Ражабалиев. — Ҳомий излаймиз, пул топамиз, металлом тўпловчи тадбиркор Ўктам Холиқов билан "тиллашамиз". Хуллас, белгиланган топшириқни уддалашга ҳаракат қиламиз. Қиммат нархда сотиб олган металломни ярим пулига килосини 216 сўмдан сотиб, режани бажарамиз.

Бухоро вилояти маҳаллалари фаоллари "металлом" йиғиш билан бирга мажлисбозликдан безиганларини таъкидлашди.

— Туман ҳокимлигининг ҳар навбатчи йиғилишида қатнашишга мажбурмиз, — дейди исмини ошкор этишни истамаган, ғиждувонлик маҳалла раиси. — Бундай йиғилишларда бизнинг фаолиятимизга тааллуқли масала кўрилсин-кўрилмасин, албатта, иштирок этишимиз шарт. Кундузи-ку, майли, аммо баъзида мажлис жуда кеч тугайди, транспорт воситалари ҳаракати тўхтайди. Уйга кетиш учун такси чақиришга мажбурмиз. Ахир, кунда-кунора такси пулини чўнтагимиз кўтаравермайди-ку.

Фарғона вилояти маҳаллалари фаоллари билан боғланганимизда улар ҳам мажлисбозликдан гап очиб, энг ёмони, бундай мажлисларга фермерларнинг "давомати"га йиғин раислари масъул этилганидан ёзғиришди. Яъни, барча фермерлар ҳудудига кўра маҳалла раисларига бириктирилган, агар улардан бирортаси ҳокимлик йиғилишларига келмаса, ҳамма таёқ йиғин раисининг бошида синаркан(!)", дея давом этилади мақолада.

Мақола сўнгида "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгаш раислари ҳам маҳалла фаолини ўз ишидан чалғитиши эмас, аксинча, унинг фаолиятини янада ривожлантириш учун қайғурсалар, нур устига нур бўларди. Ахир, ҳудудларнинг маънавий муҳитини мустаҳкамлаш, оилалардаги низоларни бартараф этиш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашдек хайрли ишларни ўлда-жўлда ташлаб, ҳали у, ҳали бу масала ортидан чопқиллайвериш маҳалла фаолига ярашармикан?!", дея фикр билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг куни кеча эълон қилинган "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида маъмурий иш ҳажмини оширадиган ва юклатилган вазифаларни бажаришдан чалғитадиган идоралараро йиғилишларни ўтказиш тақиқланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан