Кирилл алифбосини қонунийлаштириш таклифига зиёлиларнинг қатъий эътирози

12.08.2017 | Блог | 4553

10 август куни “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, адабиётшунос, Шуҳрат Ризаевнинг “Китоб дунёси” сайтига жойланган “Президентга мактуб” сарлавҳали катта ҳажмдаги мақоласида кирилл алифбосига қайтиш таклифи ўртага ташланди. Мақолада асосан, президент Шавкат Мирзиёев бошқарувида эришилган ютуқлар улуғланган ҳамда қисман тил ва маърифатпарварлик масалаларига тўхтаб ўтилган. Мақолани ушбу ҳаволада мутолаа қилишингиз мумкин.

Бироқ мактубнинг якунидаги “...Фурсат ўтмасидан кириллни — асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштирайлик” таклифи ижтимоий тармоқлардаги ўзбек зиёлиларининг қатъий эътирозларга сабаб бўлди. Қуйида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ва Тошкентдан зиёли Сардор Салимнинг муносабатини келтирамиз.

Хуршид Даврон:

Кириллга қайтишни истаганлар - аслида Кириллдан Лотин алифбосига ўтиш жараёнида ўша пайтдаги конюктурага биноан фаол қатнашганлар - Шуҳрат Ризаевга ўхшаганлар худбинлар - Ўзбекистонни тор қобиққа киритиш тарафдорларидир. Бугун, ҳатто, Назарбоев, демак, Қозоғистон Лотинга ўтиш сиёсатини қатъий олиб бораётганда, бундай кириллпарастлик Турк дунёсига нисбатан хоинликдан бошқа нарса эмас. Бундай ташаббусни кўтариб чиққан Шуҳрат Ризаев ҳатто ўзига ва оиласига нон едирган Жадид боболаримизга нисбатан хиёнат қилмоқда.

Сардор Салим:

Пост-колониал ўзбек зиёлилари ё ақлсизлиги туфайли, ё қасддан Тошкент дарвозасини очиб беришаяпти. Калитни топшириш маросимига гувоҳ бўлаяпмиз ҳозирда. Тарихий онлар :).

Мустақил миллат сифатида дунёга мослаша олмаганлигимизни, ҳаракатдан чарчаб, ўзимизни қандайдир буюк миллат паноҳига топшириб, унинг соясида «тинчгина» яшашни афзал кўрганга ўхшаймиз Буни янги тарихимиз ва тилимизга ўзгараётган муносабатдан англаса бўлади.

Тарихимизда Совет даври яна энг муҳим даврга, Иккинчи Жаҳон Уруши Буюк Ватан урушига айланди. Чўлпонга, Қодирийга Адиблар боғидан жой топилмади, лекин қандайдир иккиламчи “соцреализм куйчиларига” ҳайкал қўйилаяпти. Ўзбек миллатининг асл ғоявий отаси бўлган Фитратга, унинг назарий ғояларини амалга оширган, ҳозирги маъмурий-территориал чегараларда Ўзбекистонни яратган Файзулла Хўжаевни ҳеч ким билмайди, лекин “совет зиёлилари ва партия функционерларининг раҳнамоси” Шароф Рашидовни яна ягона миллий қаҳрамонга айлантиришаяпти. Ҳолбуки жадидлар биз учун Шароф Рашидовдан ҳам, Ислом Каримовдан ҳам муҳимроқ. Жадидлар бўлмаганда, Шароф Рашидов ҳам, Каримов ҳам бўлмас эди, чунки ҳозирги Ўзбекистоннинг ўзи вужудга келмасди :D.

Тил масаласида ҳам ортга чекиниш ҳаракатлари кузатилаяпти. Қуйида адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ўзбек тилига ғамхўрлик ниқобида кириллчага қайтишни президентдан сўрабди. Лотинга ўтиш бошидан сиёсий лойиҳа эди, ундан кўзланган асосий мақсад рус цивилизацияси таъсиридан иложи борича қутулиш, дунёни ўзбекча англаш зарурияти эди. Ўзбек маданияти ва тили рус маданиятининг соясида ҳеч қачон тўлиқ ривожлана олмайди, ҳозиргидек чалажон бўлиб қолаверади.

Аслида, лотинчага ўтиш мухолиф зиёлиларимизнинг ғояси бўлган, бу ғояни мустақилликнинг илк йилларида Каримов миллатпарвар қатламни ўзига оғдириш учун «ўзлаштириб олган». Ўзиники қилишга қилган-у, лекин бу ғояни амалга тўлиқ татбиқ қилишга шошилмаган. Балким, вақт олий ҳакам, лотинчага ўтиш ўз-ўзидан содир бўлади, дегандир, балким бошқа сабаблар бордир. Асл нияти нима бўлишидан қатъий назар, бу лойиҳа ўз-ўзидан амалга ошмади, давлатнинг ёрдамисиз ошмайди ҳам.

Икки ёзув муомалада бўлиши - бу ғайритабиий ҳолат. Янги ҳукумат лотинчага узил-кесил ўтиш орқали бу ғайритабиий ҳолатга чек қўйиши керак. Бордию, кирилга ўтадиган бўлсак, билинг-ки, Тошкентнинг калити Кремлга топширилди.

P.S. Баъзилар бизга фақат иқтисодий ёки диний масалалар муҳим, мафкура, тил, тарих каби мавҳум нарсалар роль ўйнамади, деб ўйлайди. Афсус, нотўғри ўйладилар. Ҳозир ҳамма нарса иқтисодий масалага айланган, тил ҳам, тарих ҳам, дин ҳам. Тил ва тарих, дин масалалари бизни бўлаяпти, бир мамлакатда икки жамиятни вужудга келтираяпти. Бўлинган миллатлар эса ҳеч қачон иқтисодий ривожланмайди.