Жанубий Корея президенти: Корея яриморолида уруш бўлмайди

17.08.2017 | Жаҳон | 2386

Пайшанба куни Корея Республикаси президенти Мун Же Иннинг ўз вазифасига киришганига юз кун тўлди. Шу муносабат билан Мун Же Ин 100 кунлик президентлик фаолияти бўйича ҳисобот бериш учун матбуот анжумани ташкил қилган. Бу ҳақида Yonhap News агентлиги хабар бермоқда.

Унинг айтишича, Корея яриморолида уруш келиб чиқиши эҳтимоли мавжуд эмас. Жанубий Корея президенти минтақада уруш бошланмаслиги учун қўлидна келган барча ҳаракатни қилишга ваъда берган.

«Ишонч билан айта оламанки, Корея яриморолида бошқа уруш бўлмайди. АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Кореяга қарши ҳар қандай чора қўлланишидан қатъи назар, Жанубий Корея билан маслаҳатлашишга рози бўлди», – деб айтган Мун Же Ин журналистларга.

Жанубий Корея раҳбарининг баёноти АҚШ ва КХДР ўртасида бир-бирига қарши даҳанаки жанглар ва уруш таҳдиди ортиб бораётган бир вақтда юзага чиқмоқда. Шимолий Корея томонидан қитъалараро баллистик ракеталар синови ўтказилиши АҚШ ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган ва Оқ уй маъмурияти КХДРни куч ишлатиш билан огоҳлантирган эди. Ўз навбатида, Ким Жонг Ин ҳукумати Гуамдаги АҚШ базасини ракетадан нишонга олишга тайёрлигини маълум қилган.

Жанубий Корея раҳбарининг фикрича, АҚШ ҳукуматининг таҳдиди Шимолий Кореяга қарши ҳарбий куч ишлатишни эмас, балки КХДРга қарши босимни кучайтиришни мақсад қилган. Мун Же Иннинг эътирофича, Шимолий Кореяга қарши ҳарбий куч ишлатиш фақатгина Сеулнинг розилиги билан амалга оширилади ҳамда уруш Корея яриморолидан ташқарида бўлади.