Фото: Тошкент кўчалари бўйлаб ЙПХ ходимлари мотоциклларда патруллик қилишни бошлади

19.08.2017 | Жамият | 3076

16 августдан Тошкент шаҳрида йўл-патрул хизмати ходимлари мотоциклларда шаҳар кўчалари бўйлаб патруллик қилишни бошлади. Мотогуруҳ пойтахтда тажриба тариқасида тузилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Ушбу гуруҳга йўллар ва кўчаларнинг ҳаракатланиш қийин бўлган қатнов қисмларида, одамлар гавжум жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган. ЙПХ ходими мотоциклда енгил автомобилга қараганда тирбандликлар ҳосил бўлган, йўл-транспорт ҳодисалари рўй берган ёки серқатнов чорраҳада светофор ишламаётган жойларга тезроқ етиб боради. Мотоциклнинг автомобилга кўра манёвр қилиши осонроқ, габаритлари ҳам ихчам.

ЙПХ инспектори мотоциклни аъло даражада бошқара олиши лозим. Шунинг учун ушбу гуруҳда мотоцикл ҳайдаш малакасига, яъни “А” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ходимлар жамланган ва уларни бошқариш малакасини ошириш бўйича машғулотлар махсус автодромларда ўтказилди.