Ўзбек чегарачилари йирик миқдордаги контрабанда товарларини қўлга олишди

24.08.2017 | Жамият | 2779

Ўзбекистон чегара қўшинлари қўмондонлиги ходимлари томонидан август ойи бошидан бери бир нечта йирик миқдордаги контрабанда товарларини олиб ўтиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Спутник нашрига МХХ Давлат чегарасини ҳимоя қилиш қўмитаси вакили хабар қилди.

Чегара қўшинлари маълумотларига кўра, контрабандачиларнинг энг фаол ҳаракати аввалгидек Қирғизистон чегарасида қайд этилган.

"Фарғона туманидаги чегара олди Қораянтоқ қишлоғида Қирғизистондан юк билан келаётган уч нафар қонунбузарлар чегарачилар томонидан аниқланди. Қўлга олиш жараёнида қонунбузарлар юкларни ташлаб кетиб, қўшни ҳудудга қочиб кетдилар. Воқеа жойи кўздан кечирилганда хорижда ишлаб чиқарилган жами 29,9 млн сўмлик 5 минг дона сигаретлар борлиги аниқланди", — деб таъкидлади чегара қўшинлари вакили.

Бундан ташқари, чегара олди Кураш қишлоғида чегарачилар Ўзбекистонга ноқонуний равишда жами қиймати 32 млн сўмлик 16 дона телевизор олиб кирилишига чек қўйишди. Чегарачиларни кўриши билан 4 нафар контрабандачилар юкларни ташлаб, Қирғизистонга қочиб кетдилар.

Наманган вилояти Учқўрғон тумани Янгиобод қишлоғида фуқаролар А.Қодиров, А.Болтабоев ва Ф.Умаровлар чегарачилар томонидан ушланди. Улар Қирғизистондан жами қиймати 44 млн сўмлик мобил телефонлар учун 1094 дона мониторлар олиб киришга уринганлар.

"Фарғона тумани чегара олдидаги Қувасой ва Япаги қишлоғида чегарачилар Қирғизистондан ноқонуний равишда юборилган жами қиймати 60 млн сўмдан ортиқ бўлган 15,8 минг электр лампалар ва 1 мингдан ортиқ парфюмерия маҳсулотлари қўлга олинди", — деб қўшимча қилди қўмита ходими.

Барча товар-моддий бойликлар давлат ҳисобига ўтказилди.