Россия мудофаа вазири: Сурияда фуқаролар уруши тугади

24.08.2017 | Жаҳон | 2623

Шу кунларда Москва яқинидаги Кубинка шаҳрида «Армия-2017» халқаро ҳарбий-техника форуми бўлиб ўтмоқда. Форумда 13 мамлакатдан 58 та ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирок этиши белгиланган. Форум доирасида турли мамлакатлар мудофаа раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақида Russian Today​ телеканали хабар бермоқда.

Чоршанба куни Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу Ливан мудофаа вазири Ёқуб Риёз Сарроф билан учрашган. Мазкур учрашувда генерал Шойгу Сурияда ҳукуматга қарши мухолифат кучлари қолмаганини маълум қилган. Унинг айтишича, Сурияда ҳукуматга қарши курашаётган қуролли гуруҳлар террорчиларда иборат.

Россия мудофаа вазири ИШИД жангариларига қарши курашда Ливаннинг иштирокини олқишлаган. Сешанба куни Ливан армияси Сурия билан чегарада ИШИД назорат қилаётган ҳудудларни озод қилиш бўйича ҳарбий ҳаракатларнинг учинчи босқичини бошлаган.

Ғарб давлатлари «мухолифат ва террорчилар орасидаги фарқни ниҳоят англаб етгани»ни таъкидлаган Сергей Шойгу Суриядаги фуқаролар уруши амалда ниҳоясига етганини эълон қилган. Россиялик ҳарбий вазирнинг айтишича, Сурияда мухолифат йўқ бўлиб, Сурияда фуқаролар уруши эмас, терроризмга қарши кураш давом этмоқда.