Ичимлик суви илинжидаги ўзбекистонликлар

25.08.2017 | Блог | 3754

Сув билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам

(ўзгартирилган шеър)

Кимдир янги чиққан айфонни орзу қилади, бошқа кимдир бир қултум сувни. Агар сизнинг уйингизда жўмракни бурашингиз биланоқ шариллаб ичимлик суви келса, қувонинг – кўпчиликнинг қўли етмайдиган неъмат сизга ёғилиб турибди.

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг жанубидаги қишлоқлар бу галги муаммоли мақоламизнинг мавзуи бўлди.

Айтиш керакки, юқорида тилга олинган қишлоқларни табиат тоза ичимлик суви билан сийламаган. Уларга сув маҳаллий халқ тили билан айтганда “юқоридан”, яъни сувга мўл Ўқчи қишлоғидан келади (расмга қаранг).

Туманнинг Обод, Каримдевона, Ойимча-қақир, Даҳанақақир, Тагоб, Файзиобод, Қайқуобод, Дўстларобод қишлоқлари ва Шўрсув шаҳарчасида тоза ичимлик сувининг муаммога айланиш тарихи 90-йилларга бориб тақалади. Сув чиқариш иншооти эса ...1932 йилда қурилган. 80 йилдан зиёд халққа хизмат қилган “водокачка”га раҳмат дейиш керакми ёки ўрнига бошқа қуриш адолатли бўладими?

Ўқчи қишлоғидан бетон ариқда келадиган сувнинг ҳолатини кўряпсизми? Шу сувни 35 мингга яқин аҳоли истеъмол қилади. Оқ сув дейишади. Бу “оқ сув” йўл-йўлакай қаерларни суғормайди, кимлар чўмилмайди...

Етиб келгунича азизга айланадиган сув Каримдевона қишлоғидаги “суволғич” (водозаборник) иншоотида тиндирилади. Ҳа, фақат тиндирилади, бирор механик ёки кимёвий ишловдан ўтказилмайди ва тўғридан-тўғри аҳолига узатилади.

Дўстларобод қишлоғига сувни тиндирмасдан берилганда аҳоли маиший бочкада тиндириб ишлатиб кўрди. Натижа шуки, 8-10 марта сув тиндирган бочкангиздан лахта-лахта лойқа олиб ташлайсиз.

Хўш, маҳаллий аҳоли қўл қовуштириб турмасдан пул тўплаб, артезиан қудуғи қазиб чиқарса, бўлмайдими, дерсиз? Афсуски, ушбу қишлоқларнинг остида чучук сув захираси йўқ. Юзлаб метрдан қазиб кўришган аммо тоза ичимлик суви чиқмаган. Кайқубодлик фаол Шермуҳаммад Усмонов айтади: “300 метргача кавладим. Сув чиқди, аммо минераллиги жуда юқори. Ичмаслик тавсия қилинган. Чорвага, ювингани ишлатиб турибмиз”.

Бундан ташқари, Тагоб, Каримдевона, Жонобод ва бошқа қишлоқларда артезиан суви қазилган. Аммо сувнинг тузи ўша-ўша. Бу сувдан оз-оз ичиб туришади, аммо соғлиққа таъсири бор. Хатна қилинмаган болаларнинг қўли чотидан тушмайди, чунки булбулчасининг учига туз тўпланиб, қичиштиради. Бу қишлоқларда боқилган молларнинг жигари ёмон сув таъсиридан еб бўлмайдиган ҳолга келади.

Сувсизликдан ичи ачиган маҳалла оқсоқоллари ва фаоллар вилоят “Сувоқова” идораси, ҳокимликлар ва ҳатто, президент порталигача муаммони олиб чиққан, бироқ арзирли бир натижага эриша олмади. Қуйида юқори идораларга йўлланган сон-саноқсиз шикоят ва ариза, мурожаат ва таклифлар дастасини кўриб турибсиз. Агар уларни саҳифага жойласак, мақоламиз ниҳоятда узайиб кетади.

Гапнинг пўскалласини айтадиган бўлсак, Ўқчи қишлоғидан қувур билан ичимлик сувини тортиб келтириш муаммога ечим, “оқ сув” ичаётганларнинг дардига шифо бўлади. Ўқчида артезиан суви масаласида муаммо йўқ, ерни қазиса ичимлик суви чиқади. Фақат салкам 20 кмдан катта қувурда сув келтириш анча-мунча “Фарҳодман” деганнинг ҳам белини букиб қўйиши тайин. Эҳтимол, шунинг учун ҳалигача қишлоқларга сув келмади. Дарвоқе, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бунга 23 млрд сўм атрофида маблағ сарфланади. Буни давлат дастурига киритиб, қарийб 35 минг ўзбекистонликнинг кўнглини овловчи инсон топилармикан?

Ш. Исломов ва М. Аҳмаджонов (маҳалла оқсоқоли)