Америкалик оила суднинг нотўғри қарори туфайли 21 йил қамоқда ўтирди

26.08.2017 | Жаҳон | 2550

АҚШнинг Техас штатида истиқомат қилувчи жуфтлик қамоқда ўтказган 21 йил учун 3,4 миллион доллар товон пули оладиган бўлди, деб ёзади Associated Press ​ агентлиги.

Ден ва Френ Келлер 1992 йилда 3 яшар болага жинсий тажовуз қилишда айбдор деб топилган ва ҳар бири 48 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Улар Остин шаҳридаги уйларида болаларга тарбиячилик қилиш билан шуғулланишган. Прокурорлар оилани сатанизм маросимларини бажариш учун болаларга тажовуз қилишда айблашган.

2013 йилда Келлерлар оиласи Техас Апелляция суди қарори билан озодликка чиқарилган. Суд 1992 йилда шифокор томонидан жинсий тажовуз ва жисмоний куч ишлатиш бўйича нотўғри ташхис қўйган, деган хулосага келган. Шифокорнинг ўзи ўшанда нотўғри гувоҳлик берганини тан олган

Июнь ойида судья Травис округ прокурори Маргарет Моорнинг Келлерлар оиласини айбсиз деб эълон қилиш бўйича сўровини маъқуллаган. 75 ёшли Ден Келлер ва 67 ёшли Френ Келлер ниҳоят суд томонидан оқланган. Суд уларнинг ҳар бирига қамоқда ўтган ҳар бир йили учун 80 минг доллардан товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарган.