104 ёшли индонезиялик аёл ҳаж зиёратига борди

28.08.2017 | Жаҳон | 2331

Бу йилги ҳаж мавсумининг энг ёши улуғ зиёратчиси бўлиши кутилаётган Мария Марғаний Муҳаммадни шанба куни Жиддадаги Қирол Абдулазиз аэропортида Саудия Арабистони расмийлари ва Индонезия консули томонидан кутиб олинган. Бу ҳақида Al Arabiya​ телеканали хабар бермоқда.

104 ёшли Мария Муҳаммад аэропортда тиббий кўригидан ўтган. Шифокорлар унинг соғлиғи яхши эканлиги ва ҳаж амалларини бажаришга тайёрлигини маълум қилишган. Сауидя Арабистони Маданият ва ахборот вазирлиги хабарига кўра, Мария Муҳаммад 90 ёшида умра зиёратини амалга оширган.

Индонезия энг кўп мусулмон аҳолига эга мамлакат ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ҳаж зиёрати учун рўйхатдан ўтганлар сони 3,2 миллиондан ошади. Ҳозирги квоталарда индонезияликлар ҳаж навабти келиши учун 37 йил кутишларига тўғри келади. Ҳаж зиёратини амалга ошириш индонезияликларга ўртача минг АҚШ долларига тушади.

Ҳар йили 200 мингдан ортиқ индонезияликлар ҳаж зиёрати учун Саудия Арабистонига ташриф буюришади. Бу йил ҳаж зиёрати учун Индонезиядан 226 541 киши етиб боргани хабар қилинган. Ҳозирга қадар 1,7 миллиондан ортиқ ҳожилар Саудияга етиб борган. Ҳожиларнинг умумий сони 2 миллиондан ортиқ бўлиши кутилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Мария Муҳаммад ҳаж зиёратини амалга ошираётган энг кекса зиёратчи эмас. Ҳозирга қадар рўйхатга олинган энг кекса ҳожи ҳиндистонлик ҳабиб Миян ҳисобланади. Ҳабиб Миян 2004 йилда ҳаж зиёратини адо этган вақтда 125 ёшда бўлган.