Фарзандингизни тўғри тарбиялаяпсизми?

29.08.2017 | Илм-фан | 2589

Ўсиб келаётган авлодни тарбия қилиш ниҳоятда масъулиятли ва кўп меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ёндашиши ҳам бор гап. Тажрибаси йўқларга эса фарзандларни қандай тарбия қилиш борасида маслаҳат ва кўрсатмалар берадиган кўплаб адабиётларни топиш мумкин. Ўз фарзандларига яхши тарбия беришга интиладиган ва севимли ота-она бўлиш истагидаги жуфтликларга қуйида бола тарбияси бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижасини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган мақола ҳавола этилади.

Оммавий маданиятни тарғиб этадиган филмларда кўпинча биз болалар муаммоси ҳолдан тойдирган ёш жуфтликларнинг роҳат-фароғатсиз ҳаёт кечираётгани саҳнасини кўришга ўрганиб қолганмиз. Aммо Калифорния университети олимлари бу мутлақо хато эканлигини тасдиқлашди. Олимларнинг тадқиқотига кўра, вақтларини болалари билан ўтказадиган жуфтликлар фарзанди йўқ жуфтликларга нисбатан анча ҳам бахтлироқ экан. Фарзандлари билан мулоқот қиладиган ота-оналар шундай кўп ижобий ҳисларга эга бўлар эканларки, бундай ҳисларни бошқа ҳеч бир машғулот беролмас экан.

Олимларнинг фикрича, болаларга алтруистик муносабатда бўладиган ота-оналар ниҳоятда бахтиёр эканлар. Ўз фарзандларининг муаммоларига кўпроқ эътибор бериб, фарзандларининг муаммосини ўзлариникидан устун қўядиган ота-оналар ўзларини ниҳоятда кераклидай ҳис қилишар экан. Боланинг қизиқишларига эътибор бериш катталар ҳаётига янги мазмун бахш этиши билан бир қаторда салбий ҳисларнинг йўқолишига туртки бўлади. Бола тинч бўлса, ота-она хотиржам бўлади, дейилган гаплар орий рост бўлиб чиқди.

Бироқ бола улғайиб вояга етган пайтда унга алтруистик муносабатни ҳаддан зиёд бериш болага анча зарарли экан. Ҳаддан зиёд эътибор болада мустақил бўлишга, ҳаётга мослаша олмасликка сабаб бўлади ва болада тушкун кайфиятни ҳосил қилади. Бола вояга етар экан, унга нисбатан ҳам меъёрида эътибор бериш яхши.

Юқорида айтилган фактларга қўшимча тарзда шуни баён қилиш лозимки, болага бўлган муҳаббат мутаассиблик даражасида бўлмаслиги керак. Бундай муносабат ҳам болага, ҳам ота-онага ниҳоят даражада зарарли. Ҳаддан зиёд меҳрибонлик, ўз истакларидан бола истаклари учун воз кечиш, ота-оналарда тушкунлик кайфиятини, ҳаётдан қониқмаслик ҳиссини юзага чиқаради. Фарзандларни яхши кўриш ва уларга муҳаббат бериш керак, аммо мутаассиблик даражасида эмас.

Меҳрибонликнинг яна бир бошқа тарафи боладан қаттиқ тартиб-интизомга амал қилишни сўрашдир. Ота-оналар билан фарзандларнинг бир-бирига яқинлиги бўлишидан қатъи назар, болага бақириш ва оғзаки танбеҳлар болаларда тушкунликни юзага келтиради. Шунингдек, болани сўкиш, қаттиқ танбеҳ бериш унинг хулқи тузалишини кафолатламайди, аксинча янада ёмонлашишига олиб келади. Бу AҚШдаги олимларнинг ўз хулосаларини Child Development журналида нашр этганларидан сўнг маълум бўлди.

Лондондаги психологлар бола уч ёшга тўлган даврдан бошлаб беш йил мобайнида бола руҳияти ва хулқ-атворини ўрганди. Тажрибалар натижасида болага мунтазам уйқу ниҳоятда зарурлиги аниқланди. Уйқунинг етишмаслиги болада когнитив қобилият сўниши ва оқибат болада математикага, ўқишга , фикрлашга бўлган мойилликнинг йўқолишига олиб келиши аниқланди. Уйқу режимининг тўғри ташкил этилиши боланинг ақлий қобилиятига ижобий таъсир қилади.

Оиладаги ўзаро муносабатларнинг самимийлиги ва аҳиллиги биргаликда уй рўзғор ишларини бажариш орқали юзага келади. Хўжалик ишларини тўғри тақсимлаш ва бир пайтда биргаликда бажариш боланинг руҳияти ва оила аъзолари ўртасидаги муносабатларга қулай шароит яратади.

Ойнаи жаҳон ҳаётимизга кўп янгиликларни олиб кириши билан бирга бола шахсининг шаклланишига кўплаб салбий таъсирларни ҳам ўтказади. Бу нафақат бола руҳиятига, балки ақлий ривожланишига ҳам таъсир этади. Монреал университетида олиб борилган тадқиқотлар натижасида беш ёшгача бўлган болаларнинг ҳаддан зиёд зангори экранга муккасидан кетиши уларда луғат бойлигининг камайишига, болада математик қобилият ва фикрлаш салоҳиятининг ёмонлашишига олиб келишини аниқланди.

Aгар сиз жисмоний тарбия машқлари болага ҳеч ҳам наф келтирмайди деб ўйлайдиган ота-оналар тоифасидан бўлсангиз, Шотландиядаги олимлар тадқиқотлари билан танишганингиз маъқул. Мунтазам бадантарбия билан шуғулланган 11 ёшли болаларни кузатган олимлар болаларнинг аниқ ва ижтимоий фанларни ўзлаштиришига ижобий таъсир қилганлигига гувоҳ бўлди.

Фарзандлар ташқи кўриниши ва характерига кўра ота-оналарига ўхшашликни такрорламайди ва янги туғилган болаларнинг ажойиб қобилиятлари ҳам турлича бўлади. Улардан сизга ўхшашлигини кутиш - тўғри эмас. Ҳаттоки, бир оилада туғилган ака сингиллар бир генетик кодга эга бўлса-да, турлича ижтимоий, иқтисодий шароитда бўлади. Буларнинг барчаси индивидиум шахсиятини юзага келишига ва ҳар бир бола ўзига хос бетакрор бўлишига имкон беради.

facte.ru