Ўзбекистондаги бир нечта олий ўқув юртлари танқид остига олинди

31.08.2017 | Жамият | 3685

Жорий йил 30 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида янги ўқув йилига тайёргарлик ишларининг якунига бағишланган видеоселекторда Ўзбекистондаги бир нечта олий ўқув даргоҳлари фаолияти танқид остига олинди, деб хабар қилди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот-хизмати.

"Жумладан, Гулистон, Термиз, Урганч давлат университети, Жиззах политехника, Жиззах, Нукус давлат педагогика институтларида, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали фаолияти ва бошқа олий таълим муассасалари фаолияти бўйича танқидий фикрлар билдирилди.

Айниқса, курсларда камида 2 та гуруҳда мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитишни босқичма-босқич йўлга қўйиш, инглиз тилида дарс ўтадиган профессор-ўқитувчиларни мақсадли тайёрлаш борасидаги ишлар ўта суст кетаётганлиги қайд этилди", — дейилади хабарда.

Олий таълим муассасалари раҳбарлари фаолиятига баҳо беришда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, олий таълим тизимида янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини жорий йил 25 августга қадар тўлиқ якунланиши керак эди.

Видеоселекторда ўқув юкламаларини тақсимлаш, ўқув дастурларини, ўқув-услубий мажмуаларни тайёрлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан боғлиқ тадбирларни юзасидан берилган топшириқлар ижроси бўйича муҳокамалар ўтказилган.

Шунингдек, ижро интизоми барча олий таълим муассасаларида талаб даражасида эмаслиги аниқ мисоллар билан айтиб ўтилган.

Видеоселектор якуни бўйича барча олий таълим муассасалари раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.