Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Инфляция нимаси билан зарарли ва унга қарши қандай курашиш мумкин
3.09.2017 17:48,  
219

Иқтисодий ислоҳотлар авж палласига чиқди. Валюта бозори либераллашуви жараёни кечмоқда, эрта-индин алмашинув курслари тенглашади, аҳоли ва бизнес валютани банкларда ва алмашинув шохобчаларида бемалол содиш-харид қилиш имкониятига эга бўлади. Экспорт учун барьерлар қисқаради. Бизнесни юритиш учун маъмурий харажатларни қисқартириш, табрикорларнинг моддий ресурслардан фойдаланишини енгиллатиш бўйича чоралар режалаштирилмоқда. Солиқ ислоҳоти муҳокама этилмоқда. Банк ислоҳоти эшик қоқмоқда. Рақобатни ривожлантириш ва бизнес юритиш учун тенг шароитлар яратиш бўйича чоралар кўзда тутилмоқда. Маъмурий ислоҳотларни ўтказиш режалари чоп этилмоқда, деб ёзмоқда Kommersant.uz нашри.

Ушбу чораларнинг амалга ошиши бозор механизмларининг ишлаши учун шароитларни анчайин яхшилайди, демакки, маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни, сотув ва бандликни кенгайтириш учун асос ва рағбат пайдо бўлади.

Буларнинг бари истеъмол товарлари ва хизмат кўрсатиш, хом ашё ва бутловчи қисмлар, ишчи кучи, молия, валюта бозорларининг самарали ва биргаликда ишлашини назарда тутади. Шунингдек, ҳукуматнинг иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун турли хилдаги пул ва бюджет сиёсати воситаларидан фойдаланишини тақозо этади. Лекин, бу бозорлар яхши, бетўхтов ишлаши, ҳукумат эса, бозор иқтисодиётига таъсир кўрсатиш воситаларидан самарали фойдалана олиши учун, бир ўта муҳим шартни бажариш – кучли инфляцияни йўқотиш керак.

Инфляция – бу нима?

Инфляция – бу мамлакат ичида миллий валюта харид қобилиятининг пасайиши жараёни бўлиб, аввало нархларнинг умумий даражаси кўтарилишида ифодаланади. Инфляция нархлар индекси ёрдамида ўлчанади (энг машҳури – истеъмол нархлари индекси, ИНИ).

Баъзида инфляцияни девальвация – бошқа миллий валюталар (асосан етакчи жаҳон валюталари)га нисбатан миллий валюта қийматининг пасайиши билан адаштирадилар. инфляция ва девальвация бир-бирига фаол таъсир кўрсатса-да (қандай таъсир кўрсатиши ҳақида қуйироқда сўз юритамиз), барибир, бошқа-бошқа ҳодисалардир.

Инфляция – бу мамлакат ичида миллий валюта харид қобилиятининг пасайиши жараёни бўлиб, аввало нархларнинг умумий даражаси кўтарилишида ифодаланади.

Девальвация – бошқа миллий валюталар (асосан етакчи жаҳон валюталари)га нисбатан миллий валюта қийматининг пасайиши.

Суст инфляция (ривожланган давлатлар учун йиллик 3–5%, ривожланаётган мамлакатлар учун – 6–10%) қаттиқ зарар келтирмайди, аксинча, иқтисодиёт учун фойдали ҳамдир. Лекин бундан кучлироқ инфляция хавф туғдиради – у иқтисодий тараққиёт учун жиддий тўсиқ бўлади. Йиллик 20%дан юқори инфляция “катта одимловчи”инфляция дейилади ва, одатда, ҳукуматлар уни суст инфляция даражасига тушириш учун курашадилар.

Қайд этиш ўринлики, сўмнинг қора бозорда кескин тушиб кетишидан кейин (бу Россия рубли ва унинг кетидан қозоқ тенгеси курси тушиб кетишининг оқибати), айниқса кейинги ярим йил-бир йилда, менинг сезишимча, мамлакатимизда инфляция кучайди (афсуски, инфляциянинг расмий кўрсаткичлари, юмшоқроқ айтганда, ишонч уйғотмайди ва улар асосида текшириш иложсиз кўринади). Бу – иқтисодий тараққиётга нисбатан жуда кучли таҳдид, у ўтказилган ва амалга оширилаётган ислоҳотларни йўққа чиқариши мумкин.

Инфляция жадаллашувининг зарари нимада?

1. Инфляциянинг кучайиши белгиланган (яъни фақат вақти-вақти билан кўриб чиқиладиган)даромадга эга одамларга зарар келтиради – улар эса, деярли барча ёлланма ишчилар, шунингдек ижтимоий нафақа олувчи пенсионерлар, талабалардир. Уларнинг белгиланган даромадлари нархлар ўсиши сабабли қадрсизланаверади.

2. Катта одимловчи инфляция ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш ва инвестиция киритишга қизиқишни сусайтиради. Ишлаб чиқариш билан шуғулланиш, айниқса узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларига аралашиш мутлақо фойдасиз бўлади: ишлаб чиқаришда маблағ жуда секин айланади ва ўзининг харид қобилиятини йўқотади. Шу сабабли фаол тадбиркорлик фаолиятининг бош соҳаси товарлар ва валюта билан чайқовчилик қилиш бўлиб қолади, у турли маҳаллий бозорлардаги нархлар ўртасидаги фарқда (турли бозорларда нархлар турлича суръатда ўзгаради) ва вақт ўзгаришида пул ишлаб олиш имконини беради. Шу сабабли, агар инфляцияни жиловламасак, молия соҳаси ва валюта бозорининг либераллашуви молиявий ресурсларнинг ишлаб чиқаришдан чайқовчилар қўлига ўтиб кетишига олиб келади, бу эса инвестицияларга ва ишлаб чиқариш ҳамда бандликнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатади.

Агар инфляцияни жиловламасак, молия соҳаси ва валюта бозорининг либераллашуви молиявий ресурсларнинг ишлаб чиқаришдан чайқовчилар қўлига ўтиб кетишига олиб келади, бу эса инвестицияларга ва ишлаб чиқариш ҳамда бандликнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатади.

3. Катта одимловчи инфляция молиявий бозорларнинг меъёрдаги фаолиятини издан чиқаради. Қандай фоизда кредит бериш ва қарз олиш, қимматли қоғозлардан қанча даромадлиликни кутиш керак – буларнинг барчаси кутилаётган инфляция суръатларига боғлиқ бўлади. Аммо катта одимловчи инфляция суръатларини олдиндан айтиш иложсиздир. Натижада, қарз берувчилар ҳам, қарз олувчилар ҳам зарар кўришлари мумкин. Шу сабабли фоиз ставкалари осмонга кўтарилиб кетади, унинг кетидан инфляция суръатлари ва уларнинг тезлашиб кетиши эҳтимоли билан боғлиқ хатарлар ҳам кучаяди. Депозитларга ёки бошқа молиявий активларга пул қўйишга қизиқиш уларнинг қадрсизланишидан хавотир туфайли сўнади. Шунинг баробарида, жамғарма учун ишончлироқ восита сифатида, хорижий валютага талаб ортади. Бунинг натижасида молиявий бозорлар ёмон ишлайди: жамғармаларни инвестицияларга айлантириш ва ишлаб чиқариш тармоғини мақбул пул ресурслари билан таъминлаш функциясини талаб даражасида бажармайди. Бу эса иқтисодиётнинг ривожланишига ўта нохуш таъсир кўрсатади.

Булар – инфляция кучайишининг асосий салбий оқибатлари, холос. Бошқа яна кўплаб оқибатлар мавжуд.

Инфляция, пул эмиссияси ва ортиқча бюджет харажатлари

Инфляция юзага келишининг асосий сабаби – реал иқтисодий ўсиш суръатларига нисбатан пул массаси ўсиш суръатининг ошиб кетишидир. Яъни, мисол учун, ЯИМ бир йилда реал кўрсаткичда (нарх кўтарилишини ҳисобга олмаганда) 5 фоизга, пул массаси эса – 15%га ўсган бўлса, ўртадаги фарқ (10% = 15% — 5%) – бу ориқча пул массасининг ўсиши, у инфляциянинг асосий манбаи бўлади.

Пул массаси (агрегат М1) ва нархларнинг умумий даражаси (истеъмол нархи индекси) ўсиши, 1980–1990 йилларда, фоизларда

Юсупов-таблица

Муомаладаги пул миқдорини назорат қилиш Марказий банк вазифасига киради. МБ пул масасига учта асосий йўл билан таъсир кўрсатиши мумкин:

– очиқ бозордаги амалиётлар – валюта ва қимматли қоғозларни харид қилиш ва сотиш орқали (агар МБ сотиб олса, миллий валюта билан тўлайди ва бу билан муомаладаги пул массасини оширади, агар сотса – аксинча бўлади);

– тижорат банкларига кредитлар тақдим этиш орали (кредитлар қайта молиялаш ставкаси бўйича берилади, шу сабабли, агар МЮ пул массасини қисқартиришни хоҳласа, у қайта молиялаш ставкасини оширади, бу билан ундан қарз олишга рағбатни сусайтиради. Бу эса, ўз навбатида, тижорат банкларининг ўз кредитлари қимматлашувига ва бизнес ҳамда аҳоли томонидан пулга талаб камайишига олиб келади; бинобарин, пул массасини кўпайтириш учун қайта молиялаш ставкасини тушириш зарур);

– давлатнинг ортиқча харажатларини (яъни, давлатнинг бюджет даромадларидан зиёд харажатларини) молиялаштириш орқали.

Бизнинг вазиятимизда, нархларнинг умумий ўсишини тўхтатишни истасак, юқоридагилардан шундай хулосачиқаришимиз мумкин:

1. Марказий банк очиқ бозорда амалиётлар ўтказиш ва тижорат банкларига арзон кредитлар бериш орқали пул эмиссиясини чеклаши зарур. Шу жиҳатдан, яқинда амалга оширилган қайта молиялаш ставкасини 9%дан 14% га кўтариш тўғри танлов бўлди. Боз устига, банк тизими либераллашувида қайта молиялаш ставкасини яна ҳам юқорироқ кўтаришга тўғри келади. Лекин бу вақтинчалик, инфляцияни жиловлаш учун кўрилган чора бўлади. Молиявий барқарорлик таъминланганидан кейин ставкани камайтириш, кредитларнинг бизнес ва аҳоли учун ҳамёнбоп қилиш мумкин бўлади.

2. Ортиқча бюджет харажатларини чеклаш керак бўлади. Улар (имтиёзли кредитлар билан бирга) бугунги кунда пул массаси ортиқча ўсишининг асосий манбаи бўлиб келмоқда. Давлат харажатларини (бюджетдан ташқари фондлар харажатларини (ЯИМнинг 35%)ни ҳам) иқтисодиётимизнинг имкониятларига мувофиқ ҳолга келтириш керак! Ҳа, харажатларни қисқартириш (ёки ўсишини чеклаш) – унчалик ҳам хуш ёқадиган чора эмас. Бироқ ортиқча харажатларни фақат ортиқча пул эмиссияси (бу инфляция ва бозор механизмларининг барбод бўлишига олиб келиши мумкин) ёки солиқларни кўтариш (бу бизнеснинг рақобатбардош бўлишига салбий таъсир кўрсатиб, солиқ ислоҳотларини йўққа чиқаради) эвазигагина қоплаш мумкин. Иқтисодиётни либераллаштириш, солиқ юкининг камайиши бир қанча вақтдан кейин иқтисодий ривожланишнинг жадаллашуви ва бюджетга тушумлар ортиши кўринишида ижобий самара беради. Ўшанда давлат харажатларини оширишга қайтиш мумкин. Ҳозир эса, “белни маҳкамроқ боғлаш” талаб этилади.

Инфляциянинг бошқа омиллари

Инфляция бошқа омиллар таъсирида ҳам жадаллашиши ва юзага келиши мумкин. Булар, аввало, қуйидагилардир:

“Инфляция–девальвация” спирали

Агар миллий валюта хорижий валюталарга нисбатан арзонлашаётган бўлса, бу импорт товарларнинг қимматлашувини англатади, у эса, инфляциянинг омили бўлади. Бироқ, бошқа томондан олганда, девальвациянинг ўзи кўпинча инфляциянинг оқибати бўлади: ортиқча пул массаси валюта бозорига чиқариб юборилади, хорижий валютага талабни оширади, натижада миллий валютанинг “ички” қадрсизланиши унинг “ташқи” қийматида ҳам намоён бўлади. Яъни, инфляция ва девальвация бир-бирини тўлдириб келади. Шу сабабли, кўпинча, инфляцияни жиловлаш мақсадида (бошқа воситалар билан биргаликда), инфляция учун “лангар” сифатида, алмашинув курсини (бозор услублари билан) фиксациялашдан фойдаланади. Лекин бу восита пул эмиссияси қатъий чегараланган ҳолдагина иш беради. Акс ҳолда, МБ валюта резервлари бир пасда тугайди ва барибир девальвация ўтказишга тўғри келади.

Ҳозир бизда валюта бозори либераллашуви амалга оширилмоқда. Марказий банк қандай алмашинув курсини қўллаб-қувватлаши керак (яна бир бор таъкидлайман – бу маъмурий буйруқлар билан эмас, бозор услублари билан амалга оширилади), деган савол кўндаланг туради. Сўмнинг қадрини тушириб, уни мувозанат даражасидан (яъни валюта бозоридаги талаб ва таклиф тенглигини таъминловчи даражадан) паст даражада белгилаш жозибали кўринади. Масалан, талаб ва таклиф мувозанатига бир доллар учун 7000 сўм даражасида  эришиладиган бўлса (бу шартли кўрсаткич), алмашинув курсини сунъий равишда бир долларга 8000 сўм даражасида ушлаб туриш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун фойдали бўлади, чунки экспортимизни арзонроқ, импортни анчайин қиммат қилади. Миллий валютанинг бундай сунъий пасайтирилган қийматини таъминлаш ҳам мураккаб эмас – МБ бозорда долларни харид қилиб, улар ўрнига сўм берса, кифоя. Бироқ бу инфляциянинг кучайишига олиб келади: иқтисодиётда сўм кўпайиб кетади, у нархларнинг умумий ўсишини рағбатлантиради, бунинг устига импорт товарлар доллар қимматлиги сабабли қимматлашади.

Миллий валюта курсини пасайтириш сиёсатини экспортга йўналганлик моделидан фойдаланувчи кўплаб мамлакатлар қўллайдилар. Биз ҳам шуни амалга оширишимиз лозим. Бироқ бу моделни кейинроқ, инфляцияни жиловлаб олгандан кейин, қайтадан кўтарилиб кетмаслиги учун оҳисталик билан қўллаш талаб қилинади.

“Маош–нархлар” спирали

Истеъмол товарлари ва хизматлари нархларининг ўсиши иш берувчилар (жумладан давлат)ни иш ҳақини оширишга мажбур қилади. Бу эса, ўз навбатида, инфляциянинг янги босқичини бошлаб беради: маош кўтарилиши талаб ошишига (одамларда кўпроқ пул пайдо бўлади) ва бозор таклифи қисқаришига (маошнинг ортиши – бу ишлаб чиқарувчи харажатларининг ортишидир) олиб келади, шунингдек ортиқча бюджет харажатлари ҳам ортади, уларни, биринчи навбатда, пул эмиссияси эвазига молиялаштиришга тўғри келади.

Шубҳасиз, инфляция шароитида ҳукумат аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари манфаатлари ҳақида ғамхўрлик қилиши керак. Бироқ, шуни ҳам тушуниш керакки, кўп ҳолларда бунинг учун қўлланиладиган чоралар (давлат тармоғида маошлар оширилиши, минимал иш ҳақининг кўтарилиши) фақат инфляциянинг янги босқичини очиб беради, у ҳукуматнинг сайъ-ҳаракатларини тезда қадрсизлантиради. Бундан ташқари, валюта бозорини либераллашуви ва молия соҳасининг етарли ривожланмаганлиги ҳолатида маошнинг кўпайиши хорижий валютага талабнинг ортишига ва “инфляция–девальвация” спирали ишга тушишига олиб келади.

Шу сабабли, инфляцияни жиловлаш учун ҳукумат аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдалангани маъқул – буларга манзилли ёрдам кўрсатиш механизмлари, жамоат ишларини ташкил қилиш, хусусий бизнес фаолияти учун шароитни яхшилаш (бу тадбиркорларга бошқа харажатларни тежаш ҳисобидан иш ҳақини кўтариш ва кўпроқ ишчиларни ёллаш имконини беради).

“Солиқ–инфляция” спирали

Инфляция иқтисодиётга солиқ юкини кучайтириши мумкин, бу аввало прогрессив солиқлар (солиққа тортилувчи база қанчалик катта бўлса, солиқ ставкаси шунчалик юқори бўлади) туфайли рўй беради. Ахир, олдинлари ўрта ёки йирик деб ҳисобланган ва юқорироқ солиқ ставкалари бўйича солиққа тортилган иш ҳақи инфляция туфайли қийматини йўқотади, лекин юқори ставкалар сақланиб қолади.

Агар биздаги вазият ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда расмий курс бўйича миллий валютада тўланадиган божхона тўловлари (моҳиятига кўра булар ҳам солиқлар) энг катта хавотир уйғотади. Алмашинув курслари бирхиллаштирилганда (бу яқин кунларда рўй беради), расмий курс кучли девальвацияга учрайди. Пировардида, тўланадиган божхона тўловлари сезиларли даражада кўтарилади, бу импорт товарлар қийматининг ортишини англатади, бинобарин, инфляциянинг янада авж олишига хизмат қилади. Шу сабабли, ҳукумат расмий алмашинув курси девальвациясидан аввалроқ ёки у билан бир вақтда божхона тўловлари ставкаларини қисқартириши жуда муҳим. Афтидан, ҳукумат бу масала устида иш олиб бораётган кўринади.

Иқтисодиётнинг юқори даражада монополлашганлиги

Иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқларида, афсуски, рақобат муҳити жуда бўш. Бу, кўп жиҳатдан, алоҳида корхоналар ёки корхоналар гуруҳлари учун кўплаб имтиёзлар (солиқ, конвертация, кредит, моддий ресурслардан фойдаланишдаги) борлиги, шунингдек бозорга янги иштирокчилар кириши учун тўсиқлар мавжудлиги ҳамда ташқи рақобатдан ёпиқ эканига боғлиқдир. Монополчи корхоналар, бозордаги ўзларининг истисновий мавқеларидан фойдаланиб, ўта юқори монопол даромад олиш мақсадида нархларни осмонга кўтариб юборадилар. Шу сабабли, инфляцияга қарши курашишда рақобат йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш муҳим: барча иштирокчилар учун тенг ўйин қоидаларини тузиш, бизда юзага келган имтиёзлар ва устуворликлар тизимини парчалаш, бозорларга янги иштирокчилар кириши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш.

Инфляция хавотири

Инфляция шароитида аҳоли ва тадбиркорлар, пулларининг қадрсизланишидан хавотирланиб, нақд пулдан, пластик карточкадаги ва талаб қилиб олингунча омонатлардаги маблағлардан имкон қадар тезроқ қутулиб қолишга ҳаракат қиладилар (бу ҳодиса одатда “пулдан қочиш” деб аталади). Натижада пул бирликлари муомаласи тезлиги ортади, бу эса, пул массаси кўпайгандек самарани беради. Бундан ташқари, кўп ҳолларда сотувчилар товарнинг бугунги кундаги нархига эртанги инфляцияни киритадилар, яъни маҳсулотларини аслидан қимматроққа сотишгагина рози бўладилар. Инфляция хавотири, аввало, аҳоли ва бизнес давлатнинг инфляцияни жиловлай олишига ишонмаслигига боғлиқдир. Шу сабабли, инфляцияга қарши кураш қатъий, изчил ва очиқ бўлиши лозим. Фақат шундагина аҳоли ва бизнес инфляция хавотиридан воз кечади, бу эса нарх ўсишига қарши курашнинг муҳим омили бўлади.

Инфляция хавотири, аввало, аҳоли ва бизнес давлатнинг инфляцияни жиловлай олишига ишонмаслигига боғлиқдир.

Кўрамизки, инфляция ўзини ўзи юзага келтира олиш хусусиятига эга (“маош–нархлар”, “инфляция–девальвация”, инфляция хавотири ва бошқалар). Шу сабабли, инфляцияни бартараф этиш учун, шунчаки пул эмиссиясини чеклашнинг ўзи етарли эмас. Нарх ўсишининг барча асосий сабабларига таъсир кўрсатувчи комплекс чоралар тизими талаб этилади.

Яна бир бор таъкидлайман: амалга оширилаётган ислоҳотлар “уйқусираб” турган хусусий ташаббус ва тишбилармонлик кучларини уйғотаётган, бозор механизмлари тўлақонли ишлай бошлаётган бугунги кунда инфляцияга қарши курашиш айниқса муҳимдир. Кучли инфляция хусусий ташаббусни ва ресурсларни ишлаб чиқариш фаолиятидан чайқов томонга буриб юборади, молиявий тизимнинг омонатларни инвестицияларга айлантириш имкониятларини чеклайди, бозор кучларининг иқтисодиётимиз самарадорлигини оширишига йўл қўймайди. Шу сабабли ушбу ёвуз кучга қарши инфляцияни юзага келтирувчи ва кучайтирувчи турли-туман омилларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда курашишга куч ташлаш ниҳоятда муҳим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан