Шерзод Шерматов: "Текин маҳсулот тарқатилишида исталган мамлакатда ёмон ҳолатлар кузатилишини инобатга олиш керак"

11.09.2017 | Ўзбекистон | 3483

Хабарингиз бор, 8 сентябрь куни Milliy телеканали жамоаси томонидан ташкил этилган «O’ZBEGIM» Миллий қадриятлар фестивали доирасида дунёда энг катта ош тайёрланди. Паловнинг оғирлиги 7 тонна-ю 360 кгни ташкил этди.Рекордни қайд этиш учун Guinness World Records вакиллари: ҳакам — Ричард Стеннинг (Richard Stenning), тасвирчи — Оливер Грейнджер (Oliver Granger), бошловчи, халқа айлантириш бўйича дунёнинг саккиз карра рекордчиси Марава Вомп (Marawa Wamp) Ўзбекистонга келишди.

Тайёр ош шу куннинг ўзида “Мурувват”, “Саҳоват”, қариялар ва ногиронлар уйларига ҳамда фестиваль ҳудудидаги 14 та жойда меҳмонларга тарқатилди.

Ушбу йирик тадбир нафақат маҳаллий, балки бир қанча хорижий ОАВларда ҳам ёритилди. Бироқ... бироқ интернет тармоқларида тадбирда кузатилган баъзи ҳолатлар ҳам "ёритилмоқда"-ки, бунинг натижасида одамларда турли фикрлар юзага келмоқда. Гап фестивалга келган одамларнинг ярмаркаларда тарқатилган бепул озиқ-овқатлар ва ошни талашиб-тортишаётгани акс этган видеолар ҳақида. Бу видеоларни кўрган интернет фойдаланувчиларининг баъзилари халқимизни "очофатлик"да, маданиятсизликда ва бошқа салбий жиҳатларда айблашга тушиб кетишди. Лекин ҳолатга объектив қараб, бундай "маданиятсизликлар" ҳамма жойда ҳам бўлиши мумкинлигини ва бунга далиллар етарлича эканлигини айтаётганлар ҳам бор. Мисол учун, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов шундай дейди:

"Кечаги тадбир давомида олинган баъзи видеоларни кўриб дарров халқимиз ҳақида салбий хулоса чиқараётганлар, умуман ўзи одамларни жуда кўп йиғилиши ва текин ёки жуда арзон маҳсулотларни тарқатилишида деярли исталган давлатда шундай ёки бундан анча ёмон ҳолатлар кузатилиши мумкинлигини инобатга олиб қўйишса яхши бўларди.

Ҳатто иқтисодий ривожланиши жиҳатидан биздан анча олдинда бўлган АҚШда ҳам деярли ҳар йили бундан анча ёмон ҳолатлар кузатилади.

Масалан: 

ёки

Бу қиммат нарсалар, оддий овқат учун бундай бўлмайди дейилса, марҳамат бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин:

Москвадаги рекорд салат тарқатилишидаги ҳолат: 

Севастополдаги рекорд салат тарқатилишидаги ҳолат:

Нижнекамскдаги текин чак-чак тарқатишдаги ҳолат:

Хуллас, овқат қилиш бўйича рекорд қўйиш ҳам, уни аҳолига тарқатиш ҳам осон иш эмас. Асосийси, ташкилотчилар қўлларидан келган барча ишни амалга оширдилар ва Ўзбекистон номини дунёда таралишига яна бир бор ўз ҳиссаларини қўшдилар", - дейди Шерзод Шерматов.

Вазир тадбирга аҳолининг шунчалик кўп келишини, айниқса, ёш болалари билан биргаликда келишини мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикка бўлган улардаги ишончдан далолат, деб баҳолади.

"Тинчлигимизга ва аҳолимиз аҳиллигига кўз тегмасин. Нафақат овқат пишириш бўйича, балки бошқа кўплаб соҳалар бўйича доимо дунёда юқори марраларга эришиб юриш Ватанимизга ва халқимизга насиб бўлсин. Барчамиз шундай ютуқларга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳамда бўлиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга ҳаракат қилайлик", - дея фикрини якунлайди вазир.

Вазирнинг постига ҳуқушунос, блогер Хушнуд Худайбердиев шундай изоҳ қолдирган:

"Бундай ҳолат қайсидир миллатнинг эмас, инсониятнинг муаммоси. "Ўзбеклар унақа, ўзбеклар бунақа", деб миллатни қоралаётганлар аслида маданиятдан мосуво. Инсоният борки, қисқа вақтда тугайдиган ва сони чекланган нарсаларга шошилади, қолганлардан олдинроқ олиб қолай, деб ҳаракат қилади. Бу хоҳ энг ривожланган давлатда бўлсин, хоҳ энг қолоқ давлатда. Хоҳ энг маданияти гуллаган жамият бўлсин, хоҳ энг маданиятсиз жамиятда. Муаммо инсониятники, айни бир миллатники эмас".