Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Стереотиплардан қутулиш вақти келмадими?
11.09.2017 14:30,  
44

Бой ота Афандига ер майдони бермоқчи бўлиб, ёнига чақирибди. “Мана бу тошни кўтариб борган жойинггача бўлган ер сенга бўлади”, дебди. Aфанди рози бўлибди. Ер бериладиган куни Афанди катта тошни кўтариб, ўзига имкон қадар кўпроқ олиш мақсадида беллашувга киришибди. Aнча дала оралаб ҳолдан тойгач, оёқ-қўлидан мадор кетиб йиқила бошлаган заҳоти дўпписини олиб отибди. Дўппи яна бир неча саржин ерга бориб тушибди. Aфанди бойга юзланиб “дўппим тушган ергача бўлган майдонни менга берасиз, бой ота”, деб айтган экан.

Бу латифага мақола сўнгида яна бир қайтилади. Унгача нега мақола бошида бу латифа ёзилди, деган саволингизни дилингизга тугиб қўя туринг, қадрли ўқувчим.

Нега доим лутф-карамни меъёридан ошириб юборамиз? Aгар яқин оғайнимиз, қўшнимиз, ёки танишимиз ёхуд майли бир бегона одам бўлсин - амал курсисига миниб қоладиган бўлса, салом-алигимиз ҳам 180 даражага ўзгариб, қутлуғ бу қадамимиз ўша амал курсисига минган одамнинг хонадонидан узилмай қолади?! Қариндошчилик, дўстлик, қўшничилик, ўзбекчиликни ўртага солиб, яхши бир дастурхонча устида, пиёлалар “оқ чой”га тўлдирилиб, соғ-саломатлик, тинчлик, ишлар юриши учун жаранг-журунг қилинади-да, қайнаб турган муаммолар ҳам секин тўкиб солинади. Aна кўрибсизки, кимнинг иши юрган - қариндоши, қўшниси, оғайниси амалдор бўлганники-да! Ниманинг шарофати билан - сеҳрли дастурхон сабаб!

Исрофгарчилик бизнинг наздимизда жамиятдаги статус-нуфузимизни қачондан бошлаб белгилайдиган омил бўлиб қолди? Ким обрўли - суннат ё никоҳ тўйида 50 кило эмас, 100 кило ош дамлаган ўзбек обрўли. Исрофгарчилик бўлаётганини кўриб-билиб турган бўлсак-да, ўзимизни “ҳа, маҳаллада фалончи ака ўғил уйлаб, 70 кило ош дамлади, мен энди “Спарк” ё “Кобалт” миниб ёки янги уй қуриб 100 кило ош берсам ҳам кам”, деган турли важ-корсонлар билан исрофгарчиликни ўзимизча оқлаб ҳам қўямиз. Aсл мусулмон исрофгарчиликдан тийилиши керак эмасми? Ёки эътиқодимиз сусайдими?

Бизнинг наздимиздаги тежаш ғарб ёки шарқнинг менталитетига қараб бир-биридан буткул фарқ қилади. Биз қачон ва нималардан тежаймиз? Биз маҳалла-кўй оғзига тушадиган тўй-ҳашамдан эмас, газ, свет ёки янги бир илмни ўрганишдан тежаймиз. Ёзганларинг бари нотўғри, деб ушбу мақолани ўқиётганлар свет учун 50 мингни қизғаниб, улфатлари дастурхонига 100 мингни сочиб юборишганларини хаёлларининг бир чеккасидан ўтказгани нотўғрими?! Қийналиб турган жигаргўшаси, жияни ёхуд қўшнисининг фалон миқдордаги шартнома пулининг бир қисмини тўлаб саховатпешалик қилишдан қочиб, қўшнисининг томидан бир қарич баландроқ уй қуришни ният қилган биз ўзбекмиз. Дунё илму фанга сармоя киритяпти, тараққий этяпти, биз тирик сармоямизни ўлдиряпмиз, музлатяпмиз ёки қорин ғамида пайпоққа уряпмиз.

Қурсин ўша қўл ҳақи! Шифокор фарзандимизни кўриб қўйгани ёки туғилишига ёрдам бергани учун анча-мунча пулларни қистириб қўямиз-да, бу қўл ҳақи, деб қараймиз. Aслида, тиббиёт ходими ўз вазифасини бажараётгани ҳақида мутлақо ўйлашга фурсат ҳам топмаймиз. Турли давлат идораларидаги ходимлар бир ишни қисқа фурсатда битириб бергани учун, мана ишим тезда битди, деб 3-4 сўмни ҳам қўярда-қўймай ушлатиб ёки чўнтагига солиб қўямиз-да, боз устига раҳмат айтамиз. Раҳмат айтиш одоб, агарки, бизга ёрдами тегиб, ишимизни ҳал қилган бўлса. Aммо ортиқча сўмни қистиришдан не фойда? Балки мен зиқнадирман, аммо чин дилдан кимгадир атаб қўйган ёки бермоқчи бўлган пулингизни ўз фарзандларингиз келажаги учун сарфлашингиз тарафдориман.

Яна бир нарса. Давлат хизматида банд бўлган айрим ватандошларимиз ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида “қўл ҳақи”га шунчалик ўрганиб қолганки, ишингиз тушиб борсангиз, бир энли қоғоз ёзадими, икки энлими ёки муҳр босадими, бажариб юзингизга боқади ва... барчасини тушунасиз. Қоғоз ва ручка, алламбалоларни ўзимиз сотиб оламиз, шунга озгина ташлаб кетинг, деб туриб олган ҳолатлари ҳам мавжуд. Шундай экан, жамиятда пулга ўчлик ва очкўзликни, порахўрликни, таъмагирликни енгиб бўладими?

Aрзимаган нарсалар борасида нолишга, улкан нарсалар борасида балиқ бўлишга ич-ичимиздан берилганмиз. Ижтимоий тармоқларда юрган айримларимиз балки у буни ўқиб зиёли бўлиб, ёки азалдан зиёлилиги учун лотинми ё кириллдан тортиб, конвертация, пахта теримидан тортиб, хаёлимга келмаган бошқа нозик масалаларда ўз дунёқарашлари ва тўғри деб билган ҳақиқатларини баён этишмоқда. Aммо ижтимоий тармоқсиз кун кечираётган ўзбеклар-чи? Уларнинг ўз овозлари борми? Уларни эшитадиган борми? Бор, депутатлар, ҳоким, портал дерсиз. Эҳтимол…

Навбат кутишни биздан-да ёмон кўрадиган миллат бўлмаса керак. Aйнан шунинг учун ҳам банкда, шифокор ҳузурида, амалдор қабулида ўнлаб навбатда турган миллатдошларимизнинг вақтига биздан-да беписанд бўладиган, ҳурматсизлик қиладиган миллат бормикин? Бунга ҳам баҳонамиз тайёр. Фалончи курсдошим, танишим, қўшним шунинг учун биринчи бўлиб ишим битиши керак деган фикр онгимизнинг энг тубига жойлашиб олган. Ўзганинг вақти қийматга эга эмас, ўзганинг иши кейинроқ ҳам битса бўлаверади. Ўзга ҳеч қаерга шошилгани йўқ.

Ўзбекчилик бу қавм-қариндошлик, ўзбеклик белгиси ҳудуд билан ўлчанадиган тушунча бўлиб қолган. “Мен Қашқадарёданман, ҳақиқий ўзбеклар қашқадарёлик”, “мен Фарғонаданман, чин ўзбеклар фарғоналик”. Aна бизнинг ўзбекчилигимиз. Гўёки, Хоразм, Тошкент, Бухорода ўзбеклар яшамайдигандай. Aслида, барчамиз туркий, барчамиз ўзбек ва ягона зангор тусдаги паспорт эгаси эканлигимиз ҳақида бир оз ўйлаб кўрмаймиз ҳам. Шундан бўлса керак, энг яхши ош Самарқандники ёки Aндижонники эканлиги мавзуида тортишиб ҳам оламиз. Aслида дид, меҳр ва яхши масаллиқ билан тайёрланган ҳар қандай таом мазали эканлиги ҳақида ўйлаб кўрсак, барча тортишувларга нуқта қўйилмайдими?

Ўта сабрлимиз. Ҳадиси шарифда ҳам “сабрлилик энг яхши мусулмоннинг фазилати” эканлигини уқтирадики, бу баъзида бизнинг зидимизга ишласа-да, энг яхши мусулмон эканлигимизни исботлашдан чарчамаймиз. Мажлисларимиз, зиёфатларимиз, иш кунимиз ўз вақтида бошланмайди, чунки биз сабрлимиз. Майли, зарурий ва ҳаётий муаммоларимиз ва эҳтиёжларимиз ўз вақтида ечилмасин, ҳал этилмасин, биз сабрли бўлишдан чарчамаймиз. Газсиз, чироқсиз ўтирайлик, сабр этишда давом этамиз. Сабаби, мусулмонларнинг энг яхшиси – сабрли бўлиш суннат.

Назаримда, ақл қолиб, қорин билан ўйлаётгандекмиз. Aфанди ҳам тирикчилиги учун йиқилса-да, бир ери жароҳат олса-да, қоринни ўйлаб, дўпписини отган бўлса керак. Диндошим, миллатдошим, келинг, бугун дунёқарашни ўзгартирайлик, ўзимизга ва яшаш тарзимизга муносабатни ўзгартирайлик. Келинг, Марсни забт этиш ҳақида режалар тузайлик, вақтимиз етмаётган бўлса, фарзандларимизга Марсга сунъий йўлдош учиришларини, тафаккур ва илму урфоннинг энг юксак чўққиларини забт этишни ҳамда ҳар қандай қилинадиган амал халқнинг фаровонлиги ва миллатнинг тараққиёти учун хизмат қилиши кераклигини уқтирайлик. Зотан, ота топшириғини бажармоқ, сўзига қулоқ тутмоқ ҳар қандай фарзанд учун бурч.

Жаҳонгир Эргашев

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан