Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини рад этди

13.09.2017 | Жаҳон | 2509

КХДР БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкцияларини бутунлай рад этди, деб хабар бермоқда «Рёнхап».

«КХДРнинг жавоб чоралари АҚШни, улар ўз тарихида қачондир бошдан кечирган оғриқдан ҳам каттароқ азобга мубтало қилади», - дея маълум қилди Шимолий Кореянинг Женевадаги элчиси Хен Тей Сун.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан КХДРга нисбатан янги санкциялар киритилиши учун овоз берди. Чекловлар Пхеньяннинг экспорт ва импорт имкониятларини сезиларли даражада қисқартиришга йўналтирилган.

2375 рақами билан номланган резолюция XXI асрда БМТ томонидан қўлланган энг қатъий тартибдаги санкциялар сирасига киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ, КХДРга нефт ва қайта ишланган нефт маҳсулотларини етказиб беришга чекловлар қўйилган.

Шимолий Корея шунингдек, конденсатлар ва суюқ газ конденсатларини харид қилиш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини сотиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Барча давлатларга КХДР фуқароларига ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни бериш тақиқланган.

Кеча БМТ Хавфсизлик кенгаши КХДРга қарши санкцияларни бир овоздан кучайтирди. Эслатиб ўтамиз, 3 сентябр куни КХДР минтақалараро баллистик ракеталар учун мўлжалланган водород ўқини муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди. Япония ва Жанубий Корея ҳарбийлари синовдан ўтказилган ўқ қувватини 120-160 килотоннга тенг, дея баҳолашмоқда. Бу эса Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига 1945 йилда ташланган энг қудратли атом бомбаларидан бир неча баробар кучлироқ деганидир. Ушбу синов Пхеньян томонидан ўтказилган олтинчи синов бўлди. Ундан бир ҳафта олдин эса КХДР Япония ҳудуди устидан баллистик ракетани учирган эди.