Каспий денгизида Туркманистон паромини портлатмоқчи бўлишди

13.09.2017 | Жаҳон | 2839

Туркманбоши портида терактнинг олдин олинди. Шаҳардан Бокуга йўл олган паромни портлатмоқчи бўлишди, деб хабар қилди  "Хроника Туркменистана" нашри

Ҳодиса 28 август куни рўй берган бўлса-да, аммо у фақат сешанба, 12 сентябр куни оммага ошкор қилинган. Ёвуз ниятли шахслар — Туркманистонлик ака-укалар эканлиги аниқланган. Уларнинг исми ошкор қилинмаяпти.

Хабарга кўра, эркаклар Туркманбоши ва Баку шаҳарлари ўртасида мунтазам қатнайдиган йўловчиларни ва юк ташувчи "Бахтиёр" пароми бортига портловчи моддаларни олиб ўтишга уринишган.

Ака-укалар чипталарни ҳар хил жойга олишган ва портловчи моддаларни алоҳида-алоҳида олиб ўтишни режалаштиришган. Бомбани эса паромнинг ўзида йиғишни мўлжаллаганлар. Портлаш Туркманистон ҳудудига кираверишда юз бериши керак бўлган.

Ўша куни паромда 170га яқин йўловчилар, шунингдек Туркия компанияларига қарашли экипажли юк машиналари бўлган.

Нашр маълумотига кўра, махсус хизматлар терактга ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида олдиндан хабардор бўлишган.