Наманган вилояти ҳокимлиги тўй, маърака маросимларини қандай ўтказиш бўйича янги қарор лойиҳасини ишлаб чиқди

13.09.2017 | Ўзбекистон | 3072

Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан “Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини янада ихчамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Ҳукумат порталида муҳокамага қўйилди.

Қарор сентябрь ойи охирига қадар муҳокама қилиниши ва кучга кириши режалаштирилган.

Унда бир ҳафта муддатда Наманган шаҳар ва туманлар ҳокимлари раислигида тегишли қарорлар билан тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар тузиш, уларнинг таркибига туман(шаҳар)даги обрў-эътиборга, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган меҳнат фахрийлари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, шунингдек, маҳалла фаол(нуроний)ларини киритиш тавсия этилган.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, вилоятда ҳар қандай тўй ва маросимлар бир кунда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйиш,  Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган тўй базмлари кечки соат 22:00 да тўхтатиш лозимлиги назарда тутилган.

Келин-куёв ФҲДЁга келишда 3 тадан ортиқ автоуловлардан фойдаланмаслик, шунингдек, автоуловларда шаҳар ва туманлардаги диққатга сазовор ва кўнгилочар жойларга сайр қилишда марказий йўл ва айланма йўл кесишмаларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳақидаги таклифлар маъқулланган.

Вилоят Ички ишлар бош бошқармасига:

  • тўй ва бошқа маросимларда ёлланган енгил автотранспорт воситаларининг тартибсиз ҳаракатланишларини бартараф этиш, шунингдек, тўй-ҳашам муносабати билан хиёбонларда суратга ва видеога олиш жараёнида жамоат тартибига риоя этилиши юзасидан ўрнатилган тартибда қатъий чораларни кўриш;
  • шаҳар ва туманлардаги ресторан, кафе ва тўйхоналарда маросимларни ўтказиш вақтини 3 соатдан ортиб кетмаслигини назорат қилиш;
  • тўй ва маросимларда жамоат тартибини сақлаш ва тадбирларни кечгача чўзилиб кетишини олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари томонидан қатъий назорат ўрнатиш;
  • тадбирларни белгиланган тартиблар асосида ўтказиш бўйича меъёрий ҳужжатларга амал қилмаган, жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларга нисбатан тегишли чоралар қўллаш вазифалари юклатилган.

Вилоят Давлат солиқ бошқармасига:

  • ресторан, кафе ва тўйхонада тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, нархларни бир хил миқдорда, сунъий ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда амалга ошириш каби бошқа вазифалар юклатилган.

Вилоят адлия бошқармасига:

  • бир ой муддатда ФҲДЁ органларида никоҳдан ўтиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар қаторида никоҳдан ўтиш учун мурожаат этган ҳар бир келин-куёвнинг ўзи истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғинидан тегишли маълумотнома тақдим этиш амалиётини жорий этиш бўйича Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда таклифлар киритиш;
  • жойларда ФХДЁ бўлимлари томонидан касб-ҳунар коллежлари ўқувчи қизларини талим муассасасини тамомламагунга қадар никоҳ шартномасини имзоланишига йўл қўймаслик чораларини кўриш вазифаси берилган.
  • Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакилига:
  • жойларда оилани муқаддаслиги, шаърий никоҳ ҳамда яқин қариндошлари билан никоҳ муносабатларида бўлишга йўл қўймаслик;
  • эр-хотин, қайнона-келин муносабатларини амалга оширишда бир-бирига ҳушмуомалада бўлиш борасидаги тушунтириш ишларини амалга ошириш;
  • қонуний никоҳдан ўтмаган фуқароларга шаърий никоҳ ўқимаслик;
  • шаърий никоҳ ўқиётган расмий ёки норасмий имомларни аниқлашда фуқаролар йиғинлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқиндан ёрдам бериш тавсия этилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига:

  • жойларда чет элдан қайтиб келган фуқаролар, айниқса ўсмирлар ва аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, уларни тиббиёт марказларига бевосита ўзлари келишларини таъминлаб, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг тегишли хулосаларни тақдим этиш;
  • яқин қариндошларни никоҳ муносабатларини қуришига йўл қўймаслик, уларга тиббиёт ёндашуви асосида бу борадаги салбий оқибатлар тўғрисида тушунтириш тарғибот ишларини кенг амалга ошириш;
  • жойларда малакали ходимларни жалб этган ҳолда фуқаролар йиғинлари билан биргаликда аҳоли ўртасида тиббий кўрикдан ўтиш маданияти бўйича тушунтириш ишларини ўтказиш топширилган.

Ҳужжат лойиҳасида, шунингдек, ресторан, кафе ва тўйхоналарда бўлиб ўтадиган ҳар қандай тадбирлар бир кунда, кўпи билан 200-250 нафардан ортиқ меҳмонларни жалб этмаган ҳолда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилиши тавсия этилган.

Тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишда тадбир эгалари томонидан навбатчи санъаткорлардан ташқари қўшимча санъаткорлар таклиф этилиши тартибга солиниб, уларнинг сони 2-3 тадан ошмаслиги юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланган.

Вилоят Адлия, Халқ таълими, Ўрта махсус, касб-ҳунар бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашларнинг вилоятдаги барча мактаб, лицей ва коллежлар қошида “Ёш оила қурувчилар мактаби”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Ҳудудий комиссиялар ҳар ойда бир маротаба ҳокимлик ижроия аппарати йиғилишида ҳамда йилнинг ҳар чорагида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари йиғилишларида томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бериши белгилаб қўйилган.

Ушбу қарор “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталарида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.