Анвар қори Турсунов: “Қуръони Карим” ва “Тафсири Ҳилол”ни ўқиш тақиқланмаган”

16.09.2017 | Жаҳон | 3886

11 сентябр куни «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган «Отин ойининг сўнгги ови» номли кўрсатув ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ҳамон муҳокама қилинаётган долзарб мавзу бўлиб турибди. 

Жума мавъизасида Анвар қори Турсунов билдирилган фикрларга раддия берди. Анвар қори Турсунов шунингдек, кўрсатувда бир неча бор намойиш этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Тафсири Ҳилол” ҳақида фикр билдириб ўтди, деб хабар беради Azon.uz сайти.

“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бизнинг устозимиз бўлади. У кишининг китобларини ўқинглар деб тўй-маъракаларда ҳам, жума мавъизаларида ҳам доимий равишда айтаман. Шайх ҳазратларининг китобларини мендек тарғиб қиладиган одам йўқ. Амру маъруф борми, бошқа тадбирларми, тинимсиз у кишининг китоблари ҳақида гапириб келганман. Ўзим ҳам ҳазратнинг китобларини ҳар куни ўқийман. Сизлар ҳам гувоҳсизлар, ҳар гал одамларга “Тафсири Ҳилол”ни ўқинглар дейман”, – дейди Анвар қори Турсунов.

Шунингдек, Анвар қори Турсунов Қуръон ўқиш тақиқланмагани ҳақида фикр билдирди:

“Мен 42 йилдан бери Қуръон ўқитаман. Неча юзлаб қори чиқардим. Қуръоннинг биринчи маънолар таржимаси 1990 йилда 1 миллион нусхада чоп этилди. Уни устозим Аловуддин Мансур таржима қилган. Қуръон дастлаб “Шарқ юлдузи” журналида, кейин алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Икки йил давомида шу нашрга муҳаррирлик қилганман. Бизнинг юртимизда Қуръон ўқиш ва ўқитиш тақиқланмаган. Фақат бунинг учун расмий рухсатнома олиш керак. Ҳамма нарса қонуний бўлиши зарур”, – дея фикрини якунлайди Анвар қори Турсунов.