Келажаги бор ўғри ("Ҳам куласиз, ҳам куясиз" туркумидан)

20.09.2017 | Блог | 3407

Шарқ яккакураши

Болалигимда шарқ яккакурашларига роса қизиқардим. Шуғулланиш учун ўзимга ёқадиган турини ахтариб каратэ, у-шу, айкидо китобларини жуда кўп ўқиганман. Аммо машқ қилиш машаққатлари боис барчасидан тезда кўнгил қолган. Ва, ўшалардан таъсирланиб ўзимнинг ғишатэ жанг услубимни кашф қилганман. Менинг пиласопиям бўйича ҳар қандай спортчиниям бир лаҳзада тавбасига таянтира оласиз. Бунинг учун йиллаб шуғулланишга, жисмоний машқлар билан ўзингизни қийнашга ҳожат йўқ, яримта ғиштни рақиб бошига мўлжаллаб ура олсангиз - кифоя . Ҳа-я, эсимдан чиқибди, испаринг жангга чиқишдан олдин қурбон (айнан қурбон томон, барча спорт турларида рақиб томон бўлса ғишатэчи учун муносиб рақибнинг ўзи йўқ, фақат қурбон томон бор холос) томондан "Даъвоим йўқ, мен дурак икки кун залга қатнаб тош кўтарган киши бўлиб ғишатэ-до бўйича қора дўппи соҳиби билан ўзим хоҳлаб рингга чиққаман" деган тилхат ёздириб, нотариусдан тасдиқлатиб олинг.

Келажаги бор ўғри

Долливой пиённинг уйига ўғри тушибди, оғилдан сигир-бузоғини етаклаб кетмоқчи бўлганда қўшнилар ушлаб олишибди. Ўртага олиб дўқ-пўписа қилишаётса, Долливой пиён оломоннинг орасидан айириб олиб, уйига олиб кириб меҳмон қилибди, камига ўғрининг қўлтиғига катакдаги иккита товуғини қистириб, иззат-икром билан кузатиб қўйибди. Қўшнилари ажабланиб, нега ундоқ қилганини сўрашса Долливой пиён “Бир пайтлар уйимиздан товуқ ўғирлаётганда Болтавойнинг ўғлини ушлаб бир-икки шапалоқ ургандим. Ҳозир у миршаббоши бўлиб кетган, қаерда мени кўрса қовоғини солиб ўтади. Кейинги сафар велосепедимни ўғирлаган бола ҳам ҳозир катта бўлиб прокурор бўлиб кетган, кўзига қарагани одам уялади. Энди бугун уйимга тушган бола қўрқмай эна-бола молимга чанг солибдими, келажаги бор, ё ҳоким бўлади ёки вазир”, дея жавоб берибди.

 Долливой пиён циркда

Долливой пиён иш билан шаҳарга борибди, айланиб юриб циркка кирибди. Кўзбойлоғич шляпасини ичидан қуён, чўнтагидан каптар чиқарганини кўриб ёнидаги шеригига “Шуям ҳунар бўлибдими, биз томондаги миршаблар ҳам чўнтагингга қўлини тиқиб хоҳлаган нарсасини чиқариши мумкин. Мана яқинда қўшнимнинг уйида тинтув ўтказишиб ертўласидан танк миниб чиқишди, энг қизиғи қўшнимнинг уйида аввал танк тугул ертўла ҳам йўқ эди. Мана буни маҳорат деса бўлади”, деди .

Бўлган воқеа

Бир бола олий ўқув юртига ҳужжат топширмоқчи бўлиб қўшни вилоятга бориш учун таксичилик қиладиган ўртоғидан илтимос қилибди . Ўзиям тест синовларидан қийналмай ўтиш учун роса репетиторга қатнаган экан.

Таксичи болаям “бор барака” деб ҳужжат топширибди, имтиҳон куни ташқарида турмай ичкарида ўтирарман, деб. Тест синовларига киришибди, таксичи бола ўз исминиям бехато ёза олмайдиган даражадаги бола. Тест қоғозидаги саволларга кўзини юмиб, тўғри келган катакни белгилаб, биринчи бўлиб ечиб чиқиб кетибди. Кейин тест натижалари чиқадиган куни боришса, репетиторга қатнаган бола контрактгаям илинмабди, таксичи бола энг юқори балл тўплаб, рўйхатда биринчи ўринда турганмиш. Юқори балл тўплагани учун мукофот ҳам олибди.

Мана энди ишондим, биздаги олий ўқув юртларига ўз кучи билан кириш мумкинлигига.

Парадокс

Бошимиз оғриб қолса, амбулаторияда фаррош бўлиб ишловчи Сарви холага кинна силатиб оламиз.

Қўлимиз лат еса, марказий шифохона орқасидаги кўчада турувчи синиқчи-табиб Толиб тоғага бориб силатиб келамиз.

Уйимизни ўғри урса ўғрини топиш учун шаҳарга бориб милиция бўлими ёнидаги кўчада тиланиб ўтирган лўли хотинга фол очдириб келамиз.

Ва ниҳоят- ҳуқуқларимиз бузилса, прокуратура ёнидаги интернет кафега кириб порталга ёзамиз.

Ўзи бирор нарсани тўғри қиламизми биз?

Ярим ҳазил, ярим чин

Донишманднинг олдига бир мижғовроқ одам келиб, майда-чуйда саволлар билан кечгача вақтини олгач, кетар пайти "Қани устоз, ҳаққимга бир дуо қилиб қўйинг", деса, донишманд ҳам қўлни дуога очиб:

- Илоҳо омин! Яратган Эгам сенгаям эс ато қилсин, ақлинг ошиб-тошиб кетсин-да, ўзингга ўхшаган бир эзма келиб тонг саҳардан то тунгача асаб торларингни ғижжак қилиб чалсин! - дермиш  :-)

Мавлоно Андижоний