Ўзбекистонда Ихтирочи аёллар уюшмаси ташкил этилди

21.09.2017 | Илм-фан | 2261

Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг олдида турган муҳим мақсад ва вазифаларини самарали ташкил этиш мақсадида Қўмита ва унинг худудий бўлимлари қошида Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қўмита ва Уюшма томонидан республика бўйлаб иқтисодиёт тармоқларининг турли йўналишларда ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган, ўз қобилиятини намоён этаётган иқтидорли хотин-қизларни излаб топиш, янги иқтидор қирраларини очиш, олима аёллар, докторант, мустақил изланувчи, иқтидорли талаба, ихтирочи, инженер, конструктор, рационализатор ва мутахассис хотин-қизларни илмий техник ижодкорликка кенг жалб қилиш режалаштирилган.

Хотин-қизларнинг изланишларини мақсадли йўналтириш, ихтирочилик ва илмий-ижодий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон аёлларининг 100 та инновацион лойиҳаси» I республика танловини ўтказиш, танлов ғолибларини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича ишлар ҳам амалга оширилмоқда.