Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказини ташкил этишда Юсуф бин Аҳмад ёрдам беради

22.09.2017 | Илм-фан | 2825

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказини ташкил этишда ёрдам беришда тайёрлигини билдирди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

У бу ҳақда 2017-йилнинг 21-сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ бош қароргоҳида билан учрашганида маълум қилган.

Музокаралар чоғида Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин Ўзбекистоннинг 2016-2017-йилларда ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги муваффақиятли раислиги даврида Ислом уммасини бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга ғоялар илгари сурилган ва амалга оширилганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўтказилган ИҲТ ТИВКнинг 43-сессиясида Шавкат Мирзиёев Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилган эди. Ушбу ташаббус жаҳон ҳамжамияти Ислом дунёси томонидан жуда катта қизиқиш билан қабул қилинди ва қўллаб қувватланмоқда.

Мирзиёев топшириғига кўра, Марказнинг умумий майдони 2000 кв.м бўлиб, ундан 200 ўринга мўлжалланган анжуманлар зали, маърузалар хонаси, шинам ва кўркам кутубхона, замонавий тарихий адабиётларни мўтадил ҳароратда сақлаб турадиган махсус хоналар ўрин олади.

Бундан ташқари бу ерда йиллар мобайнида фаолият олиб бораётган олимлар ва марказ ходимлари учун иккита турар жой биноси ҳам қурилади. Миллий анъаналар, Самарқанд меъморчилик услубига ҳамоҳанг тарзда қад ростлаган Марказнинг фасад қисмини қуришда оқ мармар бошқа ўзига хос қурилиш материалларидан фойдаланилади.