Бир йилдан бери бутун мамлакат бўйлаб гиёҳвандликка қарши кенг қамровли кураш олиб бораётган Филиппин президенти Родриго Дутерте кутилмаган баёнот билан чиқди, дея хабар бермоқда Анадўлу агентлиги.
Филиппин раҳбари гиёҳвандликка қарши курашда ҳатто оила аъзоларини ҳам аяб ўтирмаслигини маълум қилган. Дутерте Филиппин полициясига гиёҳванд моддалар тарқатилишига чек қўйиш йўлида ўз ўғилларини ҳам ўлдиришга буйруқ берган.
“Полицияга шундай фармойиш бердим: агар менинг фарзандларимдан биротаси гиёҳванд моддаларга алоқадор бўлса, уни ўлдиришсин. Токи бошқалар тилларига эрк беришмaсин”, деб айтган Родриго Дутерте ҳукумат мулозимлари қаршисида қилган чиқишида.
Президентнинг бундай баёнот билан чиқишига мухолиф партия вакили Антонио Трилланес ИВнинг айблови сабаб бўлган. Мухолифат вакили президентнинг ўғли ва айни пайтда Давао шаҳри мери ўринбосари лавозимида ишлаётган Паоло Дутертени наркотик моддалар контрабандасига алоқадорликда айблаган эди. У президент ўғлини гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулландиган халқаро жиноий ташкилот аъзоси эканлигини айтган.
Паоло Дутерте ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади. Унинг отаси Родриго Дутерте ҳам фарзандларининг жиноий фаолиятлари исботланган тақдирда истеъфога чиқишини маълум қилган. Президент Дутертенинг эътирофича, агар Паоло жинояти туфайли полиция томонидан ўлдириладиган бўлса, уни ўлдирган полициячининг тарафини олади ва у бундан ўз ўғлини хабардор қилган.