Фотима отин ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик бормиди?

23.09.2017 | Жамият | 8613

Ўзбекистон телевидениеси Тошкентдаги хонадонда тўпланган аёллар «рухсат олмасдан диний йиғилиш ўтказгани» ҳақида тайёрлаган кўрсатуви ижтимоий тармоқларда анча шов-шув бўлди. Кўрсатув "Отиннинг сўнгги ови” деб номланиб, Фотима отинни (Фотима Абдуллажонова) ноқонуний диний йиғилиш ўтказганликда, бир неча бошқа аёлни эса мазкур диний йиғилишда қатнашганликда айблайди. Бундай ҳуқуқбузарлик учун ҳам Фотима отин, ҳам қатнашган аёллар Маъмурий Кодекснинг 201 моддаси, 2 қисми асосида жавобгарликка тортилган. Хўш, Фотима отин ҳаракатлари ҳақиқатдан ҳуқуқбузарлик ҳисобланадими?

201 модданинг қўлланилиши асослими?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг (бундан буён Кодекс) 201 моддаси «Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш,» деб номланади. Мазкур модданинг 1 қисми йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш учун энг кам иш ҳақининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазосини назарда тутади.

201 модданинг 2 қисми эса (Фотима отин мазкур модданинг айнан шу қисми билан ҳуқуқбузар деб топилган) диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш учун энг кам иш ҳақининг саксон бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишни назарда тутади.

Демак, 201 модданинг 2 қисми қўлланилиши учун аниқланиши шарт бўлган энг асосий савол - Фотима отин ва бошқа аёлларнинг тўпланиши «диний йиғилиш» ҳисобланадими?

Фикримизча, баҳси кетаётган ҳодисадаги тўпланиш «диний йиғилиш» ҳисобланмайди. Мазкур моддани талқин қилишни унинг номланишига эътибор қаратишдан бошлаш керак. 201 модда «Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш,» деб номланган (русча матни “​проведения собраний, митингов, уличных шествий или демонстраций​.”)

Бу моддада йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишлар каби сўзлар бир қаторда бежиз қўлланмаган бўлиб, уларнинг мазмун ва моҳияти бир-бирига яқинлигидан далолат беради. 201 модда шу нуқтаи назардан талқин қилинганда, унда назарда тутилган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишлар кўп сонли, пухта ташкиллаштирилган, кўпинча, ижтимоий ёки сиёсий муаммоларни кўтариш учун амалга ошириладиган тадбирларни англатади.

201 модданинг 2 қисмида назарда тутилган «диний йиғилишлар» ҳам шу нуқтаи назардан келиб чиқиб талқин қилиниши керак. Зеро модданинг 2 қисмида диний йиғилишлар, кўча юришлари ва диний маросимлар бир қаторда санаб ўтилади. Демак, 201 модданинг 2 қисмида назарда тутилган «диний йиғилиш» ҳам кенг қамровли, кўп сонли, маълум диний қарашни олға суриш ниятида ташкиллаштирилган йиғилишни англатади.

Фотима отин ўтказган тўпланиш эса бундай характерга эга эмас. Кўрсатувдаги лавҳалардан ва баён этилган маълумотлардан аниқ бўлишича, Фотима отин ва бошқа аёллар кўпроқ меҳмондорчилик ва диний китоб мушоҳадаси (шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини кўриш мумкин) ва Қуръон ўқишни ўргатадиган, ҳеч қайси қонун ёки қонуности ҳужжати билан тақиқланмаган “Муаллими Соний” китобини ўрганиш учун тўпланишган. Мазкур йиғилишдан у ёки бу ижтимоий ёки сиёсий муаммони кўтариб чиқиш бўлмаган. Шундай экан, Фотима отин ва аёллар ҳаракати 201 моддада назарда тутилган «диний йиғилиш» деб баҳоланиши мумкин эмас.

Қолаверса, 201 моддани қўллаш учун йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби бузилган бўлиши керак. Савол туғилади, бундай тартиб ўзи борми ва қоидалари нимадан иборат? Фотима отин бундай тартибни буздими? Бу саволларга жавоб йўқ. Кўп сонли киши иштирок этадиган митинг ва намойишларни ташкиллаштириш тартиби бор бўлиши мумкин (лекин www.lex.uz қонунлар порталидан бундай қонун ёки қонуности ҳужжати топилмади), аммо у ёки бу хонадонда, меҳмондорчилик асносида араб алифбосини ўрганиш, диний мавзуда фикр алмашиш тартиби қандай бўлиши белгиланмаган. Демак, Фотима отин ва аёллар ўтказган йиғин ҳеч қандай тартибни бузмайди. Чунки тартиб бузилиши учун, аввало, ўша тартибнинг ўзи бўлиши керак.

Маъмурий Кодекснинг 241 моддаси махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш учун жавобгарлик белгилайди. Аммо судья Санжар Зулунов мазкур моддани қўлламаган, демак Фотима отин ҳаракатларида ноқонуний диний таълим бериш аломатлари бўлмаган.

Конституция ҳар қандай қонундан устун

Мавзуда кўтарилган масалани тўлиқ муҳокама қилиш учун Фотима отин ташкиллаштирган йиғин қонун билан тақиқланади ҳам дейлик. Бу ҳолатда мазкур қонун Конституцияга мосми, деган савол туғилади? Бундай қонун мавжуд бўлганда ҳам, у Конституцияда белгиланган узвий ҳуқуқларни қўпол равишда бузган бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16 моддасига биноан, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас. Хўш, Конституция Фотима отин ҳуқуқлари ҳақида нима дейди?

Конституциянинг 27 моддасига кўра, ҳар ким шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Демак, агар киши бирон динга ишониш ёки ишонмасликни танласа ва бу йўлда дўстлари билан тўпланишни маъқул кўрса, унинг ҳаракатлари бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламаётган бўлса, бундай ҳаракатлар у кишининг конституциявий ҳуқуқи бўлиб, бунга ҳеч кимнинг аралашиши мумкин эмас. Киши хатти-ҳаракатлари жамоат жойларида эмас, ўз уйида амалга оширилаётган бўлса, бундай хатти-ҳаракатлар қўшимча равишда турар жой дахлсизлиги билан ҳимоя қилинади.

Конституциянинг 29 моддасига биноан, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқнинг мантиқий давоми сифатида ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Бу ҳуқуқ фақат амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан аниқ белгиланган бошқа ҳолатларда чекланиши мумкин.

Фотима отин “Муаллими Соний”дан дарс берди ҳам дейлик. Бу ишни амалга ошириш на бошқаларнинг ҳуқуқларини чеклайди, на конституциявий тузумга қарши ҳисобланади. У ёки бу мавзуда суҳбат қилиш, илм ўрганиш, бу мақсадда тўпланиш ҳар бир кишининг шахсий қарори бўлиб, Конституция билан ҳимояланади.

Бордию, Фотима отин ҳаракатлари Маъмурий Кодекснинг 201 моддасида назарда тутилган «диний йиғилиш» ҳисобланади, деб ҳам фараз қилайлик. Шундай бўлганда ҳам, Фотима отин ҳаракатлари ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Зеро, Конституциянинг 33 моддасига биноан, фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини қонунларга мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳокимият органлари бундай тадбирларни фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина тўхтатиш ёки тақиқлаши мумкин. Фотима отин ўтказган тўпланиш ва меҳмондорчилик қайси жиҳати билан хавфсизликка рахна солади?

Демак, Фотима отин ва йиғинда қатнашган аёллар ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқ. Белгиланган жазо бекор қилиниши керак. Маъмурий Кодекснинг XXIV-бобида назарда тутилган тартибда қарор устидан протест берилиши керак.

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос