Саудиялик аёлларга футбол стадионига киришга рухсат берилди

26.09.2017 | Жаҳон | 2380

Ўтган ҳафтада Саудия Арабистонида қироллик ташкил этилганининг 87 йиллиги нишонланди. Reuters​ агентлиги хабарига кўра, мамлакат тарихида илк маротаба саудиялик аёллар асосий байрам тадбирида иштирок этишган.

Шанба куни куни Ар-Риёд шаҳридаги Қирол Фаҳд стадионида мустақиллик кунига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтган. Байрам тадбирига аёллар қатнашишига рухсат беришилиши жуда катта воқеа бўлди. Саудия Арабистонида аёллар эркаклар билан аралаш тадбирларда қатнашиши ҳозирга қадар кузатилмаган эди.

Бу сафарги концерт дастурида Қирол Фаҳд стадионида оилали эркаклар аёллари учун алоҳида дарвозадан кириладиган махсус ўринлар ажратилган. Байрам дастурини томоша қилиш учун стадионга минглаб оилалар ташриф буюрган. Ҳукумат эълон қилган расмий ахборотда айтилишича, 17 шаҳарда бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида 1,5 миллион киши қатнашган.

Эркаклар ва аёллар аралаш тадбирларда иштирок этиши, бирга ишлаши, концертлар ва кинотеатрлар, аёлларнинг спорт мусобақалари ва томошаларда қатнашиши, автомобиль бошқариши тақиқланган Судия Арабистонида сўнгги йилларда ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Саудиялик аёлларга сайлаш ва бошқарув органларига сайланиш ҳуқуқи берилганига ҳали унча кўп бўлмади. Аёллар 2015 йилги сайловларда илк маротаба номзодларини қўйишган эди.