Саудия Арабистонида тарихий ўзгариш: аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берилди

27.09.2017 | Жаҳон | 2527

Сешанба куни Саудия Арабистони раҳбари Қирол Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауд тарихий фармонни имзолади, дея хабар бермоқда Saudi Gazette  нашри.

Фармонга мувофиқ, саудиялик аёлларга тарихда биринчи марта автомобилни бошқариш ҳуқуқи бериладиган бўлди. Аёлларга 2018 йилнинг 24 июнидан (1439 ҳижрий йил Шаввол ойининг 10-кунидан) бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишга рухсат берилади. Автомобилни бошқариш вақтида аёлларга ёнларида маҳрам эркак бўлиши ҳам талаб этилмайди.

Қирол фармонида аёлларнинг машина ҳайдашининг ислом шариатига мувофиқлиги масаласи диний уламолар билан кўриб чиқилгани ҳам қайд қилинган. Аёлларга бундай ҳуқуқни бериш тарафдорлари ва унга қарши бўлганларнинг фикрлари, далиллари ўрганилган. Натижада, «Уламолар Кенгашидаги кўпчиликнинг маъқуллаши туфайли» аёлларга автомобилни бошқариш ҳуқуқини беришга қарор қилинган.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистони тарихий эврилишлар палласига кирганини кўриш мумкин. Умуман олганда, ўзгаришлар 2013 йилда – собиқ подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз даврида бошланган эди. 2015 йилда аёлларга илк марта сайловларда овоз бериш ва номзодини қўйиш ҳуқуқи берилган эди. Ўтган ҳафтада саудиялик аёллар тарихда биринчи марта мустақиллик байрами тадбирларини футбол стадионидан туриб кузатишган.

Саудия Арабистонида узоқ йиллардан бери аёллар ва эркаклар аралашиб юриши, бирга тадбирларда, спорт мусобақаларида қатнашиши, концерт ва кинотеатрлар, аёлларнинг машина бошқаришларини тақиқлаб келинган.