Ўзбекистон суверен кредит рейтингини олишни режалаштирмоқда

28.09.2017 | Иқтисод | 2650

Ўзбекистон суверен кредит рейтингини олишга тайёргарликни бошлади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 27 сентябрь куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида маълум қилди.

«Биз суверен рейтинг олиш ишларининг энг бошланғич босқичидамиз. Citibank маслаҳатчимиз бўлиши мумкин, эҳтимол банклар консорциуми бўлиши ҳам мумкин — яқин келажак буни кўрсатади», — деди бош вазир ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, суверен кредит рейтингини олиш учун аризани расмийлаштириш дастури яқин вақтлар ичида Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.

Жамшид Қўчқоров ҳукумат суверен рейтингни хориждан маблағларни жалб қилиш манбаларини диверсификация қилиш йўлларидан бири сифатида кўраётганини таъкидлаб ўтди.

Унинг маълум қилишича, суверен рейтинг олинганидан сўнг Ўзбекистондаги йирик компаниялар ва банклар худди шундай рейтинг олиши ва бозорга маблағларни жалб қилиши мумкин.

Мамлакат кредит рейтингининг олиниши тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ўсиши, хорижий шериклар билан ҳамкорликларнинг кенгайиши, шунингдек банклар ва тадбиркорларга жаҳон молия бозорида пастроқ ставкаларда кредит маблағларини жалб қилишлари учун қулай шароитлар яратилишига имкон яратади.

Маълумот учун, суверен рейтинг, бу — бирор ҳукуматнинг келгусида инқирозга учраш-учрамаслиги эҳтимолини намоён этувчи кўрсаткич. Бугунги кунда Moody’s, Standard & Poor’s ва Fitch Ratings каби нуфузли рейтинг агентликлари фаолият олиб бормоқда. Улар рейтинг тузишда тузишда ҳукуматлар томонидан ташқи қарзларнинг ёпилиши, шунингдек иқтисодий барқарорлик даражасига катта аҳамият қаратади.