Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Биологик соат кашфиётчилари тиббиёт бўйича Нобел мукофотига эга чиқишди
5.10.2017 09:47,  
100

Швеция Қироллик Академияси физиология ва тиббиёт бўйича 2017 йилги Нобел мукофоти ғолиблари номини эълон қилди. Бу йил тиббиёт соҳасидаги мукофот ҳам америкалик олимлар гуруҳига насиб этди. Рокфеллер университети профессори Майкл Янг ҳамда Брандейс университети олимлари Жеффри Ҳолл ва Майкл Росбаш физиология ва тиббиёт соҳасида мукофотни қўлга киритишди.

Олимлар тирик организмлардаги кундалик ҳаёт ритмини бошқариш механизмини кашф қилганлари учун нуфузли мукофотга муносиб топилган. Уларнинг кашфиёти кўпинча биологик соат деб ҳам аталади. У тирик организмларда Ернинг айланишига қараб ритмик ўзгаришни ифодалайди.

“Ердаги ҳаёт сайёрамизнинг айланишига мослашган. Узоқ йиллар давомида тирик организмлар, жумладан, инсонларда ҳам ички, биологик соат борлигини билар эдик. У куннинг доимий ритмини олдиндан билиш ва унга мослашишга ёрдам беради. Майкл Янг, Жеффри Ҳолл ва Майкл Росбаш бизнинг биологик соатимизни ичкаридан кузатиш ва унинг қандай ишлашини тушунтириб бера олишди. Улар қилган кашфиёт ўсимликлар, ҳайвонлар ва инсонлар қай тариқа Ердаги ўзгаришларга мослашишини тушунтириб берди”, – дейилади Нобел қўмитаси баёнотида.

Маълум бўлишича, биологик соат инсон физиологиясини куннинг турли вақтларидаги кескин ўзгаришларга мослаштириб боради. Ички соат феъл-атвор, гормон даражаси, уйқу, тана ҳарорати ва моддалар алмашинувини бошқаради. Организмларда ташқи ўзгаришларга мослашувни бошқарадиган биологик соат мавжудлиги ҳақидаги фараз илк бор XVIII ​асрда француз астрономи Жан Жак де Маир томонидан илгари сурилган. 1984 йилда Нобел лауреатлари пашшаларда ўтказилган тадқиқот орқали биологик соат қандай ишлашини аниқлай олишди.

Тиббиёт ва физиология бўйича Нобел мукофотининг умумий қиймати 9 миллион Швеция кронасини (1,1 миллион АҚШ доллари) ташкил қилади. Мукофот уч нафар лауреат ўртасида тенг тақсимланади. Эслатиб ўтамиз, Швецияда 2 октябрдан Нобел ҳафталиги бошланди. Сешанба куни физика бўйича лауреатлар номи эълон қилинган бўлса, бугун кимё бўйича мукофот эгаси номи маълум бўлади.

nobelprize.org

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан