Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ёш ижодкорлар форумига нега бормайди?
6.10.2017 09:23,  
70

Эртага Бўстонлиқнинг сўлим оромгоҳларидан бирида республика ёш ижодкорларининг 1 форуми иш бошлайди. Бир неча кун аввал республика ёш ижодкорлар ассоциацияси раҳбарларидан бўлмиш ойдин қизим мени ҳам ушбу тадбирда иштирок этишимни сўради. Менинг шеърият ва таржима йўналишида дарс беришим кўзлангани ҳақида хабар бериб, форумнинг тасдиқланган дастурини ҳам юборди.

Бу ҳақда биринчи таклиф айтилганда, энг аввало "Кимлар қатнашади?" деган саволни бердим. Менга мурожаат қилган қизимнинг ёзишича, форум иштирокчиларининг аксарияти мен билан учрашиш истагини билдирган экан.

Ўтган куни почтамга юборилган форум дастурини олиб, танишиб чиқдим. Ажойиб тадбирлигига ишондим. Аммо, охир-оқибат ассосициядан мурожаат қилган ойдин қизимга сукут билан жавоб бердим. Менинг бу сукутим форум ишларида қатнашмаслик жавоби эди. Айни шу сукутим учун ойдин қизимдан узр сўрайман.

Аллоҳ шоҳид, мен ёш ижодкорлар билан учрашувга интизору тайёр эдим. Уларга айтадиган гапларим ҳам бор эди. узоқ йиллар давомида Зомину Дўрмон учрашувларига таклиф этилмаганим ўрнини тўлдириш имкони туғилган эди.

Очиғи, "Нега сизни Зоминдаги ёшлар анжуманларига таклиф этишмайди?" деган саволлар узоқ йиллар давомида тинмай почтамга келарди. Ҳолбуки, фақат мени эмас, Усмон Азим, Йўлдош Эшбек, Хуршид Дўстмуҳаммаду Эркин Аъзамни, Мурод Муҳаммад Дўстниям таклиф этишмасди. Узоқ йиллар давомида Зоминга бир хил рангсиз шоирлару бедард носирлар, аосан уюшмани эгаллаган уюшган тўда маишат учун борарди.

Мана, энди биринчи бор таклиф этишди. Ойдин қизим менга "Сизни иштирокчилар сўрашяпти" деб ёзди. Аммо мен сукут сақлаб жавоб бермадим. Бўстонлиқдек чиройли жойга бориб, мамлакатнинг тўрт томонидан келган ёш ижодкорлар билан учрашишни қанчалик истамайин, яна форумни очадиган ўша Фантомас башарасини кўришни, унинг ёлғон ва сохта гапларини эшитишни истамадим.

Барибир "Нима учун бормаслигим" ҳақида ўша Худо ёрлақур ойдин қизим мени нотўғри тушунмасин деган мақсадда жавоб беришни истадим.

Бормаслигимнинг сабаби битта: токи бугун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бошида Муҳаммад Али ва унинг номард ўринбосарлари турар экан, Мен - Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон мамлакатдаги расмий тадбирларда иштирок этишдан сақланаман.

Бирон бир уюшма аъзосини ҳимоя қила олмаган, унга кўмак бера олмаган, фақат ва фақат ўзини ўйлаган ташкилот раҳбарлари, қолаверса, ташкилотнинг ўзи ўзгармас экан мен ўзимни бундай ташкилот аъзоси деб ҳисобламайман ва унинг бирон бир жойда қўлламайман ва ундан ҳеч нима кутмайман.

Бу ташкилот катта забардаст шоирлар ўлиб кетганидан бехабар, Амир Темур ҳақидаги бир тийинлик пенталогияни тарғиб этувчи, фақат ва фақат шу бемазаликни мақтайдиган ходимлар ишлайдиган Муҳаммад Алининг шахсий корхонасидир. Бу ташкилот фақат ҳаваскорликдан паст Зулфиячи шоиралару улардан роҳатланадиган раис ўринбосарларининг қўшма корхонасидир.

Ўзбекистонда бугунги бўлаётган ижобий ўзгаришларга монанд, эркин ва мустақил ёзувчилар ташкилоти (бирлиги, бирлашмаси, аммо уюшмаси эмас) ташкил топмас экан, мен ўзимни ўз эрки, ҳуқуқини ҳимоялашга қодир шахс ҳисоблаб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолигига алоқам йўқ деб биламан.

Мабодо, Ўзбекистон халқ шоири унвонини менга берилганига келсак, бу ишга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг мутлақо алоқаси йўқлигини қатъиян айтаман. Бу унвон менга 25 йил давомида Халқаро "Шарқ тароналари" мусиқа фестивали, ҳар йили бўлажиган мустақиллик тадбирларини, Амир Темурнинг 660 ва Мирзо Улуғбекнинг 600 , Бухоронинг 2500, Самарқанднинг 2750 йиллиги айёмларини ва бошқа бир қатор адабий анжуманларни тайёрлашда иштирок этган ижодкор - сценарий муаллифи сифатида берилганини маълум қиламан.

Менинг адабиётга алоқадор биргина мукофотим - "Туркий шеъриятдаги хизмати учун" таснифи билан берилган Мушфиқ мукофотидир. Униям менга Озарбайжон берган.Олтин Қалам мукофоти билан телевидение соҳасидаги хизматларим учун, очиғи ғолиб топилган телеканал раҳбари сифатида тақдирланганман. Менинг 1993 йили Туркиянинг Бурсасида Туркча ёзадиган шоирларнинг илк анжуманида Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Азим Суюн билан иштирок этишим ҳам Туркий олам томонидан қадрлананимни бир эътирофи деб биламан.Ягона ўзбек шоири сифатида АҚШда бўлиб ўтган Осиё адиблари конгрессида иштирок этганимни ҳам менинг адабиётдаги арзимас хизматимнинг белгиси деб биламан.

Энг аввало, "Ўзбекистон халқ шоири" унвони адабиётга ва асл шоирликка мутлақо алоқаси йўқлигини айтишим керак. Буни англаш учун битта саволимга жавоб излаб кўринг: шеъри деворий газетада эълон қилинишига арзимайдиган Тўлан Низом, Маҳмуд Тоир, Энахонлар сазовор бўлган бу унвон нега Шавкат Раҳмон, Чўлпон Эргаш, Муҳаммад Раҳмонларга берилмаган?

Хуллас, бугундан эътиборан токи Муҳаммад Али каби нотавон ва ебтўймас кимса мазкур ташкилот раҳбари экан мен ўзимни бундай ташкилотга мутлақ алоқам йўқлигини, унинг аъзоси эмаслигимни эълон қиламан. Мабодо бу ташкилот китобларим нашр этилишига тўсқинлик қилиши мумкин деб айтадиганлар пайдо бўлса, уларга Мустақиллик йилларида, демак 26 йил давомида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги10 дан ортиқ нашриётда биронтаям китобим нашр этилмаганини айтаман ва бундан "ўлиб қолмаганим"ни ҳам маълум қиламан.

Мен ёзувчилар бир тоифа одамлар бўлмаслигини, улар турли маслакдаги шахслар эканлигини яхши англайман. Демак Ўзбекистонда ўз маслаклари атрофида бирлашган ёзувчилар ташкилотлари керак. Фақатгина ўшанда Муҳаммад Алига ўхшаган манфаатпарастлардан қутулиб, ҳар биримизни ҳимоя қилишга қодир ижодий иттифоқлар таркибидаги маслакдош жамолар сифатида бирлашмоғимиз мумкин.

Бу иттифоқ бугунга ўхшаб тепадан тайинланадиган ва бош маслаҳатчига ўхшаган худбинларнинг ихтиёридаги қўғирчоқ кимсалар эмас, ёзувчилар қурултойида эркин сайлов натижасида сайланадиган ишончли Шахслар томонидан бошқариб борилади.

Бу иттифоқ ижодкорлар меҳнати оқибатида миллиардлаб пул тўпланган Ижод фондини эмиб юрган уюшган тўда-ю уларнинг лаганбардорлари учун эмас, МИЛЛАТ ВА ВАТАН учун фаолият юритади.

Давлат ҳам бу иттифоққа пул бериб, сени боқяпман деган беписанд назар билан эмас, йиллар давомида ёзувчи меҳнатидан давлат хазинасида жамғарилган фойдани қисман эгасига қайтаряпман деган руҳда сиёсат юргизиши керак.

Ёзувчи ва Ижодкор бу энг аввало Миллат, Сўз ва Маслак одамидир. У бир тоифадаги одам эмас. У ЯГОНА МИЛЛАТ ғами билан яшаган ТУРЛИ ФИКР одамидир.

Шу ўринда қатъий айтиш лозимки,мамлакатда битта ёзувчилар ташкилотининг борлиги собиқ шўро империясидан қолган бир сарқит тушунчадир. Ёзувчилар ташкилоти ҳамма ҳайвон қамалган зоопарк эмас. Шўролар тузумининг ҳаммани бир хонага тиқишдан мақсади назоратни осон қилиш эди. Бугунги янгича ислоҳотлар бундай бадбин ва сарқит амалдан воз кечиш пайти келгани кўрсатмоқда.

Яна бир аччиқ ҳақиқатни айтмасам бўлмайди: Ўзбекистонда ёзувчи қадри билан боғлиқ , адабиёт музейлари-ю уй музейлари бор бўлса барчаси СССР даврида пайдо бўлган. Мустақиллик йилларида эса биргина "Бу уйда Муҳаммад Юсуф яшаган" лавҳидан ёки ёмғир ёғса тўкилиб кетадиган ҳайкаллардан бошқа ҳеч нима яратилган эмас.

Ёзувчи меҳнати кўчадаги гадо аҳволи билан баб-баробар. Қалам ҳақи тушунчаси мосуво этилган. Ёзувчи бир неча йиллар давом этган заҳмати эвазига нашриётдан 3-4 китоб олади холос.

Яқинда бўлиб ўтган учрашувда қалам ҳақини ошириш ҳақидаги гапларга мен мутлақ ишонмайман. Буларнинг барчаси популизм учун айтиляпти. Қалам ҳақи тушунчаси энг аввало халқ турмушидаги ҳолат билан боғлиқ. Одамлар яхши ойлик олса, ортиқча пули пайдо бўлса, ана шу ортиқча даромад эвазига китоб олиши мумкин. Аҳоли китоб ола бошласа, нашриётда муаллифга берадиган маблағ, яъни қалам ҳақи манбаи пайдо бўлади. Бошқа қалам ҳақини ошириш ҳақидаги ҳар қандай ваъда демагогиядан бошқа нарса эмас.

Бу масалада ўтлаб кетмай, яна асосий мавзуга қайтайлик.

Давлат раҳбарияти тарихга назар ташлаб энг оғир ва таҳликали паллаларда амалдорлар эмас, миллатнинг юзи ва кўзи бўлган инсонлар нажоткор бўлганини ўйлаб иш тутиши керак. Ўш, Бўка ва бошқа қонли фожиалар пайтида ўртага давлат раҳбарлари эмас, эътиборли ёзувчилар тушганини унутмаслиги керак.

Сўнгги чорак аср, очиғини айтсам, мустақиллик йилларида давлат раҳбарияти ижодкор шахсларнинг миллат ва жамиятдаги ўрнини рад этиб иш кўрди, уларни халқ ва жамият ишидан четлаштирди. Чунки замон тинч эди. Илоҳим тинч бўлсин. Аммо, худо сақласин, бирон нотинчлик рўй берса амалдор учун сичқоннинг ини минг танга бўлади, ўртага яна Миллат тан оладиган Шахс чиқишига зарурат пайдо бўлади.

Бугун Ўзбекистонда шундай Шахс борми, деган савол жавобсиз қолади, деб ўйлайман. 25 йиллик Шахсга қарши кураш шахссиз оломон жамиятини яратди. Бу аччиқ ҳақиқатдир.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар яна Шахс тушунчасини тирилтиришга қаратилмоқда. Бу жараёнда ёзувчилар ташкилотининг ўрни сезилиши керак. Жамиятдаги Ёзувчи ўрнини ва Шахснинг тирилишини истамайдиган амалдорлар ҳали-ҳануз Президентнинг шундоқ ёнгинасида, унга маслаҳатлар бериб, давраларда қўр тўкиб ўтиришибди. Бундай шахслар Президент билан зиёлилар учрашувини ташкил этиш пайтида асл башараларини кўрсатиб, тадбирга асосан соқов ва кар ижодкорларнигина таклиф этиб, сўз айтишга журъати ва фикри бор Шахслар иштирокини қатағон этишди.

Шахсан мен ўша учрашувда иштирок этмаганимдан аламзада эмасман; чақиришмадими, демак менинг фикримдан, муносабатимдан қўрқадиганлар борлигини билдим, демак, тор даврада эмас, Ватан ва миллат даврасида ўрним борлигини англадим. Буни англаш учун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бўлиш шарт эмас, буни англаш учун миллат билан баробар яшаш керак. Соҳибқирон бобомиз васият қилганидек, миллат дарди билан яшаш кераклигини эса, "Мустақиллик шарофати билан эмас", қўлимга қалам ушлаган кунимдан англаганман.

Яна бир бор республика ёш ижодкорларининг 1 форуми иштирокчиларидан ва мени умид билан бу форумга чорлаган ойдин қизимдан узр сўрайман.

Хуршид Даврон

Ўзбекистон халқ шоири

Адибнинг Facebook саҳифасидан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан