Ўзбекистонда электр ўчмайдиган бўлади - инвестицион лойиҳа шартлари тасдиқланди

06.10.2017 | Жамият | 4777

Ўзбекистон президенти магистрал тармоқлар нимстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича инвестицион лойиҳанинг техник-иқтисодий шартларини тасдиқлади, деб хабар бермоқда Новости Узбекистана. Қиймати 292,15 млн доллар бўлган мазкур лойиҳа 2017 — 2022 йилларда амалга оширилади.

Жаҳон банки экспертларининг маълумотига кўра, лойиҳага кўра Тошкент шаҳри ва 10 та вилоятдаги 22 та муҳим аҳамиятга эга нимстанцияларнинг реконструкция қилиниши техник йўқотиш ва эксплуатация харажатлари камайиши ҳисобига энергетика сектори самарадорлигини оширади.

Лойиҳа доирасида магистрал электр узатиш тармоқларидаги узилишларни зудлик билан бартараф этишга мўлжалланган 110 киловольт/ўрта кучланишли кўчма нистанциялар сотиб олиш кўзда тутилган. Мазкур янги технология миллий энергия тизимининг мустаҳкамлигини ошириш имконини беради.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида магистрал электр тармоқларининг ишончлилиги ортади, иқтисодиёт соҳаси ва аҳоли узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

Инвестицион лойиҳа "Ўзбекэнерго" АЖ манбалари (75,35 млн доллар), Халқаро реконструкция ва тараққиёт банки заёми (92 млн доллар), Халқаро тараққиёт ассоциацияси кредити ($58 млн) орқали молияланади.

Ўзбекистоннинг улуши солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишида 66,8 млн долларни ташкил этади.