Андижоннинг Булоқбоши туманида газ кони очилди

07.10.2017 | Ўзбекистон | 4865

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида газ кони очилди. Sof.uz сайтининг Фарғонада нефть-газ соҳасига яқин манбалари конни муваффақиятли ва истиқболли, дея баҳоламоқда. Газ кони Булоқбоши туманининг Кулла ва Учтепа қишлоқларига яқин ҳудудда очилган. Мутахассислар кон бир суткада 600-700 минг куб метр газ беришини айтмоқда. Бундан ташқари, қудуқдан газ конденсати ҳам олинмоқда. Газ неоген ётқизиқларидан чиққан бўлиб, 1,1-1,2 км чуқурликда ётибди.

Тажрибали мутахассисларнинг айтишича, Фарғона нефть-газли минтақасида яқин-орада бундай газ кони очилмаган. Ҳозир пойтахтдан борган кўплаб мутахассислар бевосита коннинг ўзида газ таркибини ўрганмоқда ҳамда захира миқдорини баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон газ қазиб чиқарувчи ва экспорт қилувчи мамлакатлар сирасига киради. Ўзбекистон 2016 йилда 57,7 млрд куб метр газ қазиб олиб (ОПЕК маълумоти) жаҳонда 15-ўринни эгаллаган.