Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сукут сақлашга ҳақингиз бор ёхуд миранда ҳуқуқлари Ўзбекистон қонунларида қандай акс этган?
8.10.2017 18:01,  
199

АҚШ филмларида полиция кишини ҳибсга олишдан олдин унга асосий ҳуқуқларини санаб ўтаётгани тасвирланган саҳнани кўп кўргансиз. Жумладан, полиция ҳибсга олинган шахснинг тўртта асосий ҳуқуқини санаб ўтади: 1) сукут сақлаш ҳуқуқи; 2) шахс томонидан айтган ҳар бир сўз ёки хатти-ҳаракат судда унга қарши ишлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилиш ҳуқуқи; 3) адвокатга мурожаат қилиш ҳуқуқи; ва 4) агар адвокат ёллашга имконият бўлмаса, кишига давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқи. 

Юқорида санаб ўтилган ҳуқуқлар АҚШда “Миранда ҳуқуқлари” деб аталади. Миранда ҳуқуқлари санаб ўтилмасдан тўпланган ҳар қандай далил номабқул ҳисобланади. АҚШ қонунчилиги сўроқ қилинган шахснинг кўрсатмалари судда далил сифатида қабул қилиниши учун икки шартга жавоб беришини талаб этади. Биринчиси, сўроқ қилинган шахс унинг асосий ҳуқуқлари нимадан иборат эканлигини билиши керак. Иккинчиси, полиция берган саволларга жавоблар ихтиёрий равишда берилган бўлиши керак. 

Полиция томонидан ҳибсга олинган шахс, кўпинча, ўз ҳуқуқларидан унумли фойдалана олмайди. У ё ўз конституциявий ҳуқуқлари доираси ва мазмунидан бехабар бўлади, ёки хабардор бўлса ҳам, ҳибсга олингандан кейин полиция саволларига жавоб бериш мажбурий эмаслигини билмайди. Шу сабабли, юқорида тилга олинган икки шартнинг амалга ошишини таъминлаш мақсадида АҚШ қонунчилиги полицияга ҳибсга олинган шахсга асосий ҳуқуқларини бирма-бир санаб чиқиш мажбуриятини юклайди. Шу орқали ҳибсга олинган шахс барча асосий ҳуқуқларидан хабардор қилинган бўлади ва унинг полиция саволларига берган жавоблари ўз эркин иродасига кўра қилинган ҳисобланади. 

Мазкур мақолада юқорида тилга олинган тўрт ҳуқуқ Ўзбекистон қонунчилигида қандай акс этганлиги ҳақида фикр юритамиз. 

Амалдаги қонунчилик ва Миранда ҳуқуқлари

1) Сукут сақлаш ҳуқуқи

Сукут сақлаш ёки ҳеч қандай кўрсатма бермаслик ҳуқуқи айбсизлик презумпсияси тамойилига асосланади. Жиноят-процессуал Кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас, деб белгиланган. Сукут сақлаш ҳуқуқи, яни ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўгърисида кўрсатувлар беришдан бош тортиш ҳуқуқининг доираси 48-модда охирги қисмида тўлароқ очиб берилган. Унда гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек, ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас, деб белгиланган.

2) Шахс томонидан айтган ҳар бир сўз ёки хатти-ҳаракат судда унга қарши ишлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилиш ҳуқуқи

Кодекснинг 46 ва 48-моддаларига кўра, шахс (айбланувчи ёки гумондор) ўзига қўйилган айблов ёки гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўгърисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.

3) Адвокатга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Кодексининг 46 ва 48-моддаларига биноан, айбланувчи ёки гумон қилинувчи қамоққа олинганлиги ёки ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида адвокатга телефон орқали хабар бериш ҳуқуқига эга. Шахс ушланган вақтдан ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўгърисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб адвокатга эга бўлиш ҳуқуқига эга. 

4) Агар адвокат ёллашга имконият бўлмаса, давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқи

Кодекснинг 50-моддасига биноан, ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат ҳисобидан тўланади.

Демак, Миранда ҳуқуқлари амалдаги қонунчиликда тўлалигича акс этган. Унда асосий фарқ нимада? Миранда ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистон ва АҚШ қонунчилиги ўртасидаги фарқ икки жиҳатда намоён бўлади. Биринчиси, Миранда ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантириш берилиши шарт бўлган вақт. Иккинчиси, Миранда ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантириш тўла-тўкис берилмаганда далиллар мақбуллигига таъсири. 

Асосий ҳуқуқлар ҳақида қачон огоҳлантириш берилади?

АҚШ қонунчилигига кўра, шахс ҳаракати чекланиши билан Миранда ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилиши шарт. Масалан, агар полиция шахсга сизни ҳибсга олдик деб эълон қилиши биланоқ Миранда ҳуқуқларини санаб ўтиши керак. Ўзбекистон қонунчилигида бундай мажбурият назарда тутилмаган. Кодекснинг 48-моддасига биноан, гумон қилинувчи ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор қилиниши назарда тутилган. Юқорида тилга олингани каби, гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек, ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмаслиги белгиланган (Кодекснинг 48-моддаси), аммо ушбу ҳуқуқлар ҳақида гумон қилинувчини бевосита огоҳлантирилиш мажбурияти белгиланмаган. 

Гумон қилинувчи ва айбланувчи ҳуқуқларини тушунтириш мажбурияти Кодексда сўроқ қилиш тартибида тилга олинади. Жумладан, Кодекснинг 111-моддасига кўра, гумон қилинувчини, шунингдек айбланувчини биринчи марта сўроқ қилишдан бевосита олдин суриштирувчи, терговчи гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ушбу Кодекснинг 46 ва 48-моддаларида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши шарт.

Демак, амалдаги қонунчиликда шахс ушланган пайтданоқ унга асосий ҳуқуқларини санаб ўтиш мажбурияти мавжуд эмас. 

Миранда ҳуқуқларининг далиллар мақбуллигига таъсири

АҚШ қонунчилигига кўра, Миранда ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантириш бермай олинган кўрсатув ва тўпланган далиллар номақбул ҳисобланади. Ўзбекистон қонунчилигида бундай қоида мавжуд эмас. Кодекснинг 95-моддасига кўра, далиллар белгиланган тартибда тўпланган бўлсагина мақбул деб эътироф этилади. Далил тўплаш тартиби эса Кодекснинг 88, 90, 92, 93 ва 94-моддаларида назарда тутилган шартларни ўз ичига олади. Мазкур моддаларнинг биронтаси гумон қилинувчига ҳуқуқлари тушунтирилмаганлиги далилларни тўплаш қоидаларини бузади, деб белгиланманган.

Демак, умуман олганда АҚШ қонунчилигида назарда тутилган Миранда ҳуқуқлари Ўзбекистон қонунчилигида тўлиқ акс этган. Асосий фарқ мазкур ҳуқуқлар ҳақида огоҳлантириш бериш вақти ва далилларнинг мақбуллигига таъсири билан богълиқ. АҚШда Миранда ҳуқуқлари ҳақида киши ҳибсга олиниши биланоқ полиция томонидан санаб ўтилиши керак. Ўзбекистон қонунчилигида бундай мажбурият назарда тутилмаган. АҚШ қонунчилигида Миранда ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмасдан олинган ҳар қандай кўрсатув ёки тўпланган далиллар номақбул ҳисобланади. Ўзбекистон қонунчилигида бундай қоида белгиланмаган, яъни гумон қилинувчига ҳуқуқлари тушунтирилмасдан тўпланган далиллар автоматик равишда номақбул ҳисобланмайди. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан