Туркия ва АҚШ ўртасида сиёсий можаро: фуқароларга ноиммиграцион визалар бериш тўхтатилди

09.10.2017 | Жаҳон | 2407

Туркиянинг АҚШда элчихонаси Америка фуқароларига ноиммиграцион визалар берилиши тўхтатилганлиги ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда дипломатик миссиянинг Твиттердаги расмий саҳифаси орқали маълум қилинди.

"Охирги воқеалар Туркия ҳукуматини АҚШнинг Туркия дипломатик миссиялари объектлари ва персонали хавфсизлигини таъминлаш  борасидаги содиқлигини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Ташриф буюрувчилар сонини минималга келтириш учун барча консуллик ва элчихонамизда ноиммиграцион визалар берилишини тўхтатдик", деб айтилган Туркия элчихонаси баёнотида. 

Бир кун аввал, яъни 8 октябрь куни АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси ҳам Туркиядаги Америка дипломатик ваколатхоналар учун ноиммиграцион визалар беришни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди. 

Иккала баёнот ҳам «сўнгги ҳодисалар ҳукуматнинг мажбуриятлари ҳақидаги масалани қайта кўриб чиқишни тақозо этди», деб бошланади.

Виза борасидаги санкциялар чоршанба куни Туркия суди Истанбулдаги АҚШ элчихонаси бош консуллиги ходими Метин Топузни Фатҳуллоҳ Гулен ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилиб, ҳибсга олганидан сўнг бошланди. Унга қўйилган айбловлар қаторида жосуслик ҳаракати ва турк ҳукуматини ағдаришга интилиш каби ҳолатлар ҳам қайд этилган.

Қўлга олинган шахснинг полиция вакиллари ва собиқ прокурор Зекерия Оз билан муносабатлари борлиги ҳам тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркия армиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари давлат бошқарувини ўз қўлларига олиш учун тўнтариш уюштиришди. Асосий исён Анқара ва Истанбул шаҳарларида кўтарилди.

Туркияда тўнтаришдан сўнг 50 мингдан ортиқ киши қўлга олинди, 140 мингдан ортиқ давлат ишчилари ўз лавозимидан озод этилди. Ҳукумат бу ҳаракатни Фатҳуллоҳ Гулен уюштирган деб хулоса қилди.