Тошкентда валютафурушларнинг энг каттаси қўлга олинди (видео)

10.10.2017 | Жамият | 12383

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Тошкентдаги хонадонлардан бирида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётган шахс фош этилди.

Фуқаро Б.Т. ўзи яшаётган хонадонда ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиш учун махсус “яма” ташкил этиб, мўмай даромад ортиши мақсадида валюта маблағларини айирбошлаш билан шуғулланиб келган. Бу ҳақда "Ўзбекистон24" хабар берди.

Ушбу кимса навбатдаги мижоздан 100 АҚШ долларини 807 минг сўмга сотиб олган вақтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, Б.Т. қонунга ҳилоф равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланиши ва хонадонидаги барча пуллар ўзига тегишли эканини тан олди.

Тадбир давомида ушбу хонадонда ноқонуний муомалага киритишга мўлжалланган 268 млн. 357 минг сўм, 1100 евро ва 19 минг 104 АҚШ доллари борлиги аниқланди. Буларни яхлит ҳисоблаганда жами 424 млн. 201 минг 864 сўм миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ушбу иш юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.