Самарқанд шаҳридаги автобус ва трамвай бекатларида "Мобиль кутубхона" ташкил этилди

10.10.2017 | Илм-фан | 2634

Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази томонидан Самарқанд шаҳридаги автобус ва трамвай бекатларида “Мобиль кутубхона” ташкил этилди, деб хабар қилади ЎзА. 

Ушбу виртуал кутубхонадан йўловчилар ўз смартфони орқали китобларнинг электрон нусхасини QR-код орқали бепул юклаб олиши мумкин. 

– Айни пайтда шаҳардаги бекатларга миллий ва жаҳон адабиётининг 200 дан ортиқ нодир китоби муқоваси сурати ва QR-коди жойлаштирилган, – дейди марказнинг биринчи тоифали кутубхоначиси У.Тўлқинов. – Йўловчилар ушбу кодни сканерлаб, электрон китобни, шунингдек, унинг аудиоёзувли вариантини телефони хотирасига бепул юклаб олади.

Хабарда қайд этилишича, келгусида мобиль кутубхоналарни босқичма-босқич кўпайтириш ва китоб фондини бойитиш режалаштирилган.