Олимлар 800 млн инсоннинг ҳаётига хавф солаётган офатдан огоҳлантирди

11.10.2017 | Илм-фан | 5215

Бристол Университети олимлари Ер сайёрасидаги 800 млндан ортиқ инсон ҳаракатдаги вулқонга яқин (юз км радиусда) жойда яшашини маълум қилди. Бу ҳақда Journal of Applied Volcanology нашри ёзмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 1500 йилдан 2017 йилгача вулқонларга яқин жойда яшовчи 278 мингдан ортиқ аҳоли нобуд бўлган. Ушбу маълумотлар расмий ҳисобот ва илмий маърузалардан олинган.

Ҳалок бўлганларнинг қарийб ярми вулқондан 10 кмгача масофада яшарди. 170 кмда яшайдиганларнинг ҳам ўлган ҳолатлари қайд қилинган.

Вулқон отилганда чиқадиган тош, кул ва газ аралашмаси инсонни ҳалок қилувчи қудратга эга. Бу қоришма соатига 600 км тезликда ҳаракатланиб йўлида, учраганни домига тортади. Ундаги газнинг ҳарорати минг даражага етади.

Вулқоннинг сув ва кулдан ташкил топган таркибий қисми эса узоқ масофадагиларнинг ўлимига сабаб бўлади.

Ҳозир Ер юзида 20та супервулқон бўлиб, уларнинг атиги биттасининг уйғониши ҳам тирик мавжудот учун катта таҳдиддир.