Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тилнинг ҳам қарғиши бор
12.10.2017 01:12,  
33

Миллий тафаккур тадрижида, тарихида шундай воқеалар бўладики, уларни унутиш, сабаб ва оқибатларига бепарволик катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Назаримда, ҳазрат Навоийнинг ўз она тилида беқиёс асарлар битиб қўйганига қарамай, ижоди охирида “Муҳокамат-ул луғатайн” китобини ёзиши, устоз Эркин Воҳидовнинг ўзбек тили бойлигини, жозибасини асраш ташвишида умри сўнггида алоҳида асар яратиши ана шундай – алоҳида диққатни талаб қиладиган ҳодисалар сирасига киради. Бу тарихий саъй-ҳаракатлардан чиқаришимиз лозим бўлган хулосани ҳам мутафаккир бобомиз аниқ-тиниқ айтиб қўйганлар: “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”! Демак, миллий тилни асраб-авайлаш, уни писанд қилмайдиган, хоҳлаган кўйга солиш мумкин, деб ўйлайдиганлар тажовузидан қўриқлаш фақат улуғларнинг эмас, ўзини, тилини, миллатини ҳурмат қиладиган ҳар бир фуқаронинг бурчи, кундалик ташвиши бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувида айтган қуйидаги сўзлари, дарҳақиқат, “осмондан олинган” эмас:

“Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан – Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий. Энг ёмони, бадиий ижод соҳасида жаҳолат кўринишлари кучайиб бормоқда”.

Юртбоши қўллаётган иборага эътибор берайлик: “бадиий ижод соҳасида жаҳолат”.

Дарҳақиқат, жаҳолатнинг тури, уруғи ниҳоятда кўп, кўриниши ранг-барангдир. Бизнингча, унинг бугунги оммавий ахборот воситаларида энг кенг тарқалган кўриниши – она тилимизга ҳурматсизлик, уни менсимаслик, ҳатто унда сўзлашишдан ор қилишдек хунук ҳолатлардир.

Даъвомиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол келтирамиз. Яқинда хусусий телеканаллардан бирида “миллий эстрадамизнинг ёрқин юлдузларидан, шаҳзодаларидан бири”нинг ошпазлик маҳорати намойиш этилди. Ўз-ўзидан, кўрсатув давомида “қаҳрамонимиз билан дилдан суҳбат” ҳам қурилди. Миллий, демак, ўзбек санъатининг “ёрқин юлдузи”, не кўз билан кўриб, не қулоқ билан эшитайликки, ўзбек тилида гапиришни ўзига эп кўрмади. Кўрсатувни олиб борувчи (“бошловчи” эмас!)нинг ўзбек тилида берган саволларига хорижий тилда жавоб берар экан, ора-орада “худо хўхласа” деб қўйишни ҳам унутмади...

Энди ўзимизга бир савол берайлик. Масалан, рус фани, адабиёти ёхуд эстрадасининг ёрқин вакилларидан бирортаси ўз юрти телевидениесида бериладиган, рус тилида олиб борилаётган кўрсатувда бошқа тилда гапирадими? Ёки улар ўз она тилидан бошқасини билмайдиларми? Ҳарқалай, бу зиёлиларнинг, жумладан, эстрада юлдузларининг аксарияти дунёнинг олди тиллари бўлмиш инглиз, немис, француз, ҳатто иврит тилини ҳам яхши билиши бировда шубҳа туғдирмаса керак. Агар хорижий тилни билишини намойиш қилиш маданият белгиси бўлганида, биринчи навбатда шулар бу ишни қилган, бу иш шуларга ярашган бўлмасмиди? Бизнингча, ўз она тилини билиш, унда сўзлашишни инсоний бурч ва ифтихор, деб ҳисоблаганлари туфайли ҳам бу санъаткорлар чинакам юлдуз даражасига кўтарилишган, халқининггина эмас, кўплаб хорижликларнинг ҳам ҳурматини қозонишган.

Агар гап бир-икки кишининг ўткинчи қилиғи, билиб-билмай қилган эркалиги устида кетганида, биз бу масалани газета саҳифасигача олиб чиқиб ўтирмаган бўлардик. Афсуски, боя айтганимиз – ўзбек тилига беписандлик миллионлаб одам ҳар куни томоша қилишга мажбур бўлаётган телеканалларда оддий, кундалик ишга айланиб бормоқда. Масалан,
“ZO‘R TV” телеканалида ташкил этилган кўрсатувлар номларига эътибор берайлик: “CLIP MAKER”, “COMEDY KIDS”, “ONLINE 360”, “TIME OFF”, “T–SHOU” (аслида T–SHOW” бўлиши керак), “TELEGURMAN”, “INDIGO”, “NOKAUT” (аслида “KNOCK OUT” бўлиши лозим), “KINO TIME”, “ADRENALIN SHOW”, “STAND UP SHOW”, “REAL XIT”, “THE COVER UP”, “BOJALAR COMMUNITY”, “GARDEROB”...

“MY5” телеканалида бўлса: “NONSTOP”, “HASHTAG”, “PUZZLE”, “MY5 TOP MUSIC”, “LIKE BOS” (ярми инглизча, ярми ўзимизча!) ва бошқалар.

Энди бир нарсани аниқлаштириб олсак: нима, ўзбек тилининг луғат бойлиги у ёки бу телеканалнинг, нари борса, йигирма-ўттизта кўрсатувига ном танлашига ҳам яроқсиз бўлиб қолдими? Ҳатто “оммавий маданият”га “онабағирлик” қилган Ғарб мамлакатларининг бирорта телеканалида, масалан, “Қишлоқдошлар” ёхуд “Синфдош” деган номда бирорта кўрсатув эфирга берилишини тасаввур этиб бўладими?

Юқорида бир қисмигина айтилган мулоҳазаларимизни тинглаб, жиддийроқ ўйлаб кўришдан кўра, уларни тезроқ рад этишга ошиқадиган дўстларимизнинг важ-корсонларини ҳам ҳозирдан билиб турибмиз. Улар, тахминан, қуйидагича бўлади: “Нима бўпти, ахир мамлакатимизда инглиз ва бошқа хорижий тилларни ўрганишга катта эътибор қаратиляпти, бизнинг мақсадимиз ҳам шу-да” ва ҳ.

Бу гапларга эса қуйидагича жавоб берамиз. Аввало, хорижий тилни миллий телеканаллардаги кўрсатувларга ажнабий ном бериш билан ўргатмайдилар. Бу юмушни – ўзига алоҳида усул ва услуб талаб қиладиган тил ўргатиш ишини шу соҳа мутахасасислари астойдил, мунтазам тарзда амалга оширганлари маъқул. Қолаверса, номи хорижий тилда бўлган билан, ичида бузилган ўзбек тилида ёхуд олиб борувчининг ўзигагина хос шевасида сайраладиган кўрсатувларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлиши ҳам кўриниб турган ҳақиқатдир.

Катта муаммолар хусусидаги қисқа мулоҳазаларимиздан чиқадиган хулоса эса қуйидагича.

Муҳтарам дўстлар, она тилимиз – инсоний тафаккурнинг энг буюк эгалари ўй-мушоҳадаларини билдирмоқларига ҳам бемалол яраган ўзбек тили “катта холамиздан қолган” томорқа эмас. Унинг бағрига сўраб-сўрамай кириб олиб, истаган номаъқулчиликни қилиш учун ҳеч кимга изн берилмаган. Агар бу тилда астойдил сўзлашмоқчи, инчунун, ижод қилмоқчи бўлсак, марҳамат қилиб унинг ҳурматини, қадрини жойига қўяйлик. Бўлмаса, ҳеч ким ҳеч кимни мажбур қилаётгани йўқ: хоҳлаган бошқа тилда, бошқа саҳна ва муҳитда хоҳлаганча ижод қилаверайликки, шунда бу жафокаш тил биздан асло ўпкаламайди, фақат ва фақат дуо қилади. Акс ҳолда...

Унинг – Она тилининг қарғишидан Ўзи асрасин!

Раҳмон ҚЎЧҚОР  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан