Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Азиз НЕСИН. Бахтиёр мушук
12.10.2017 21:11,  
64

Кеча бир таниқли мусаввир аёлнинг сопол буюмлари кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш бизларга насиб қилди. Маросимда танишларимиз тўлиб ётарди. Ташқари чидаб бўлмас даражада иссиқ. У сўзга -чиқувчиларга янада кўпроқ ҳарорат бахш этарди. Иштирок этувчи аёллардан бири — таниқли рассом, ҳаяжонли лаҳзалардан бўғриқиб, кутилмаганда шундай деди:

— Дўстларим, ўтган куни тунда мен туш кўрдим.

— Даҳшатли бўлса керак, албатта! — қизиқсинди шоир.

— Буни ўзларингиз билиб олаверинглар. Бу ерда тушнинг таъбирини айтиб берувчи бирон кимса борми?

Шундан кейин рассом аёл тўпланганларга қуйидагиларни сўзлаб берди:

— ... Кўчага одам тиқилиб кетган. Ҳар ким ўз йўлида кетар, ҳар ким ўз юмуши билан машғул эди. Мен ҳам кетаяпман. Бирдан оломон узра қичқириқ янграб қолди: «А-а-а-а!» Ҳамма ўша томонга бошини ўгирди. «Ҳамма тез тўхтасин!» деган буйруқ эшитилди. Шундан кейин биз таққа тўхтадик...

— Нега энди сизлар тўхтадингизлар? — деб сўради ҳайкалтарош.

— Сиз мени нега тўхтаганимизни билади, деб ўйлайсизми? Тўхтадик-да, тўхтадик. Ҳамма тўхтагандан кейин мен ҳам тўхтадим-да. Қолаверса, қадрдоним, бу ахир туш-ку, унда сенинг эркинг нима қилиб юрипти... Орадан бироз фурсат ўтгач, ҳар бир киши бўр билан ўз атрофини чизиққа ўраб олсин, деган буйруқ берилди. Шундан кейин тушда содир бўладиган ҳолдек, шу заҳотиёқ кўпларнинг қўлларида бўр пайдо бўлиб қолди. Аммо оломон орасидан кимдир: «Менда бўр йўқ!» деди. Овоз шундай жавоб қайтарди: «Қўлида бўр бўлмаганлар қўллари билан ҳавода чизиқ айлантириб олақолсинлар!»

Баъзилар авторучкаларини, бошқалар қаламларини қўлга олиб, кўприк устида доира чиза бошлашди. Мен ўзимнинг чўнтакларимни титкилаб чиқдим, портфелимни титкиладим, қани энди на бўр, на ручка топилса. Аксига олгандек, ҳатто қаламимни ҳам ташлаб келибман. Мени ваҳима босди. Турибман-у, қалтирайман. Менга ўхшаб, ручкаси йўқлар бир неча киши экан. «Бизнинг ҳеч нарсамиз йўқ!» дейишди жон ҳовучлаганча. «Кимнингки ручкаси бўлса ўша одам атрофига бармоғи билан ҳавода доира чизсин!» деган овозни эшитдик.

Шундай қилиб мен пошнамда айланганча ҳавода доира чиздим...

— Нега энди сен доира чиздинг? — дея қизиқсиниб сўради ёнида турган новеллачи.

— Бундай ҳолларда «Нима учун?» деб сўраладими ахир? Тушда «Нима учун?» ва «Нега энди?» деган саволлар бўлмайди. Туш — деганданоқ ҳаммаси айтиб қўйилган бўлади.

— Ҳа, тушдан мантиқ изламангиз, — гапга аралашди актёр. Бирдан ҳамма «Туш мантиқли бўладими?», дея баҳс бошлаб юборишди. Ва охири тушдан мантиқ изламаслик керак, деган хулосага келинди.

Рассом аёл ҳикоясини давом эттирди:

— ...Шундай қилиб ҳамма атрофига доира чизиб бўлгандан кейин бояги овоз буйруқ берди: «Энди ҳар бир киши ўз доираси ичида турсин, ундан ташқарига чиқиш мумкин эмас!» Биз турган еримизда қотиб қолдик. Биз доира ичида итоаткорона турибмиз.

— Шундай қилиб сизлар доирадан чиқа олмайсизлар, — дея сўради шоир.

— Чиқа олмаймиз.

— Нега энди?

— Мумкин эмас — тамом-вассалом! Чиқиш ман этилган бўлса, қандай қилиб чиқишимиз мумкин? Таъқиқ-лан-ган! Нима, сиз тушунмаяпсизми?

— Йўқ, аммо нега энди барибир чиқиш мумкин эмас?

— Ахир бу туш-ку, менинг қадрдоним, бу ерда «Нега энди?» дейиш жоизми? Қолаверса, биз доира ичидаги асирлармиз-ку!

— Яхши, ахир сизнинг доира чизиғингиз йўқ-ку, — дея гапга суқилди новеллачи.

— Бироқ мен бармоғим билан ҳавода бўлса-да, чизиқ айлантириб олганман-ку... Кўзга ташланмаса-да, барибир чизиқ дегани бор-ку... Шундай қилиб, биз ҳаммамиз қўққайиб турган ҳолда ниманидир кутардик. Ахийри бундай туравериш менинг жонимга тега бошлади. Мен қандай қилиб ташқарига чиқиш устида бош қотира бошладим... Ҳе йўқ, бе йўқ, чиқиб кетсак бўлмасди.

— Нега энди бўлмасди?

— Яратганнинг ўзи кечирсин! Мен сизга бу туш эди, деяпман-ку!

— Ҳа-я!..

— Доирадан чиқиб кетиш истаги мени ўлдираёзганди. Мен аллақандай вақт ичида ўзим ҳақимда ўйланиб қолдим: «Агар хаёлимдаги доира чизиғини ўчириб ташласам-да, ташқарига отилиб чиқсам!» хаёлимдаги чегарани бармоқларимнинг ички томони билан ўчиришга эндигина қўлимни чўзмоқчи бўлганимда, бирдан ўша овоз бақириб юборса бўладими: «Ҳеч ким ўз доирасини ўчириши керак эмас!» Мен турган еримда қотиб қолдим... Энди ҳолимиз нима кечаркин», деб ўйлардим...

— Сиз бошиданоқ ўша доира чизиғини чизмаслигингиз керак эди, — дея луқма ташлади актёр.

— Бу ҳақ гап, керак эмас эди, — дея жавоб қайтарди рассом аёл. — Энди бўлар иш бўлган эди: мен чизиқни чизиб қўйиб, унда қамалиб қолган эдим. Атрофга аланглайман. Бошқаларга ҳам заррача осон эмас. Дои-рамнинг чап томонида эса мажруҳ бор эди. «Менинг, — дерди у, — мана йигирма йилдирки, оёқларим ишламай қолган, шу давр ичида ҳеч қандай ҳаракатсиз бир ерда ўтирганим-ўтирган. Аммо ҳозир бу ердан чиқиб кетишга бўлган чидаб бўлмас даражадаги истак ичимни ўртамоқда...». «Аммо сизнинг оёқларингиз юролмайди-ку, қандай чиқиб кетасиз?» деб сўрадим мен ундан. «Мен бу лаззатланишни хаёлимдан ўтказгандан кейин, фақат чиқиб кетишгина эмас, шаталоқ отиб жўнашга ҳам тайёрдек эдим... Агар таъқиқланган бўлмаганида, мен ҳозироқ қуён бўлиб қолардим».

Менинг орқа томонимдаги аёл ерда чўзилиб ётарди. Мен унга синчиклаб қараб билдимки, у ўлиб қолганди. Ҳа, ҳа, ўлик эди, аммо сўзларди. Ахир тушда шунақаси ҳам бўлар экан-да: ҳатто ўликлар ҳам сўзларкан. «Эҳ, агар бу доира чизиғини олиб ташлаганларида борми, мен ўтиб кетган бўлардим...» дея кўз ёши қиларди марҳума. «Сиз ҳаёт эмассиз-ку, бу ҳақда ўйлаб кўрдингизми?» дедим мен. «Мен ўлган кунимдан бошлаб бирон марта кўнгил ёзишга интилиш сезмадим ўзимда, аммо чизилган доирадан чиқишни бизга таъқиқлаган лаҳзадан бошлаб, менинг қалбимда сўнмас кезиш иштиёқи уйғониб қолди. Агар бу доира ичида бўлмаганимда эди, мен сиздек тириклар каби ҳаракатда бўлишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган бўлардим».

Мен олд томонимда бир ўспиринни кўрдим. Бечора шол бўлиб ётарди. У ҳам илтижо қиларди: «Эҳ, манави доира чизиғини бартараф этиб, мени ундан қутқарадиган одам бўлганида эди!» «Бироқ сиз ҳатто -бармоғингизни қимирлатишга ҳам қурбингиз етмайдиган ҳолатдасиз-ку! Қолаверса, сизнинг атрофингизда доира чизиғининг ўзи йўқ-ку», дедим унга. «Ҳа, сиз тўғри айтаяпсиз, — деб жавоб қайтарди шол ўспирин, — мен қўлим билан ҳам доира чизиғи чизмадим, мен фақат доира чизиғини хаёлимда айлантирдим, ана шундай бўлса-да, барибир у ердан ҳечам чиқиб кета олмайдиганга ўхшайман!»

Умуман олганда, баримиз кутиш ва номаълум вазиятдан азоб чекмоқдамиз. Гоҳ у ердан, гоҳ бу ердан чинқириқлар қулоққа чалиниб қоларди: «Эҳ, қани энди бирор кимса келиб, бизни халос этса! Бу доира чизиқларини ўчириб ташлашга қодир бизнинг халоскоримиз қаерда?!»

Аста-секин бу ҳақда ҳамма гапира бошлади, мен ҳам ўзгалардан ортда қолмадим. Шу орада қош қорайиб, тун чўкди. Мен ақлдан оза бошладим. Шу маҳал тўсатдан кимнингдир товушини эшитдим: «Агар бирор кимса доирадан чиқиб кетадиган бўлса, мен унинг кетидан эргашган бўлардим, агар кимдир доира чизиғини кесиб ўтса, мен ҳам шундай қилардим». Орадан бироз ўтгач, яна: «Агар бирор кимса чиққудек бўлса, мен ҳам...» Ниҳоят, бу ёппасига чинқириққа айланиб кетди. «Шун-дай мардонавор киши йўқми?! Қани, қаерда у? Бирор кимса чиқса-чи!» Қисқа қилиб айтганда, ҳар ким ҳам шундай одам бўлиши -мумкин эса-да, биронта одам «Мен» демади.

Худди шу топда бир мушук пайдо бўлди. Қоронғуликда унинг икки кўзи икки шамчироқдек йилтирарди. Бунинг устига ўша мушук ҳеч нарса бўлмагандек ўзи хон, кўланкаси майдон кезарди: гоҳ юқорига кўтарилади, гоҳ пастга тушади. Гоҳ доира чизиғига киради, гоҳ ундан чиқади. Мен мушукка боқдим, ана ҳаёту мана ҳаёт!.. Боши оққан томонга боради, келади. Шунда мени аллақандай ҳасад чулғаб олди: «Эҳ, қани энди мен мушукка айланиб қолсам... У қанақанги бахтиёр-а!..»

Бошқалар ҳам сўзлай бошладилар: «Мушук бўлганимда борми?..» У бўлса, худди баттарроқ жиғимизга тегмоқчи бўлгандек, тун қўйнида бўм-бўш кўчалар бўйлаб кезишини давом эттирарди. Қалбимда чўккан зил-замбил тош билан, муздек терга ботган ҳолда уйғониб кетдим... Хўш, қани, орангизда тушимнинг таъбирини айтиб берадиган бирор кимса борми?

Бу ердагилар орасидан ундай одам чиқмади.

Бир ёзувчи ўзича деди:

— Агар одамлар одамчасига яшашни ўрганмас эканлар, улар ҳатто мушукларга ҳам ҳавас қиладилар.

Кейин эса қўшиб қўйди:

— Мен бу ҳақда ёзаман.

— Нима учун?

— Балки сизнинг тушингизга кирганлардан биттаси ўз доирасидан сакраб чиқар. Фақат биттаси сакраб чиқдими, қолганлари ҳам унга албатта эргашадилар.

“Муштум” журналидан

Русчадан Мурод ПАРПИХЎЖАЕВ таржимаси

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан