Испания бош вазири Каталонияга ултиматум қўйди

12.10.2017 | Жаҳон | 2934

Мустақилликка интилаётган Каталония ва мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш истагидаги Испания ҳукуматлари ўртасидаги муносабат янада кескинлашди. Reuters ​агентлиги хабар беришича, Испания бош вазири Каталония ҳукуматига мустақиллик учун референдумни бекор қилиш учун 8 кун муҳлат берган.

Сешанба куни Каталония президенти Карлес Пуждемон мустақиллик декларациясини имзолаган эди. Аммо мустақиллик декларацияси фақат рамзий аҳамиятга эга бўлган. Карлес Пуждемон мустақиллик эълон қилишга шошмасликка ва Испания ҳукумати билан музокаралар ўтказишга чақирган. Бироқ Испания ҳукумати мустақиллик декларациясини тан олиш уёқда турсин, музокара олиб боришни ҳам истамаяпти.

Кеча бош вазир Мариано Рахой бошчилигидаги ҳукумат Каталония олдига мустақилликни бекор қилиш бўйича қатъий талаб қўйган. Мариано Рахой Каталония раҳбариятидан мустақиллик эълон қилинган ёки қилинмаганини аниқлаштиришни талаб қилган. Мариано Рахой, агар Каталония ҳукумати бош вазирнинг талабини рад этса ёки жавоб беришдан бош тортадиган бўлса, Каталониянинг автономлик мақоми бекор қилинишини айтиб огоҳлантирган.

Каталонияга мустақиллик бўйича бир қарорга келиши учун 19 октябр, пайшанба куни 08:00 га қадар муҳлат берилган. Ҳозирча Карлес Пуждемон ҳукумати жавоб қайтариш-қайтармаслиги номаълум. Агар Каталония Испания ҳукуматининг талабига итоат қилишдан бош тортса, Мариано Рахой Испания конституциясининг 155-моддасини ишга солиши мумкин.

Испаниянинг 1978 йилда қабул қилинган конституцияси 155-моддасида, маҳаллий ҳокимият конституция ва қонунларда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортадиган тақдирда, Испания ҳукуматига маҳаллий ҳукуматга қарши куч ишлатишга рухсат беради. Агар Пуждемон мустақиллик эълон қилганини маълум қилса, Испания ҳукумати уни куч билан ҳокимиятдан олиб ташлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Каталония мухтор вилоятида 1 октябр куни мустақиллик учун референдум бўлиб ўтган эди. Испания ҳукумати референдум ўтказилишига қаршилик қилган ва сайлов участкаларини ёпиб қўйган эди. 2 октябр куни Испания полицияси ва аҳоли ўртасида тўқнашувлар юз бериши оқибатида 900 нафардан зиёд намойишчилар жароҳат олган. Кучли қаршиликка қарамасдан, референдумда сайловчиларнинг 43 фоизи иштирок этган. Каталония ҳукумати референдумда сайловчиларнинг 90 фоизи мустақиллик учун овоз берганини маълум қилган.

 reuters.com