Шавкат Мирзиёев энергетикларни жиддий танқид қилди

14.10.2017 | Жамият | 3359

Ўзбекистон раҳбари энергетика соҳаси вакиллари билан иситиш мавсумига оид муаммолар ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолиятини муҳокама қилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда бош вазир ўринбосари, республика бош прокурори, "Ўзбекэнерго", "Ўзтрансгаз" компаниялари раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.

Асосий эътибор аҳоли, ишлаб чиқариш объектлари, ижтимоий муассасаларни табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги тўловларнинг амалга оширилиши, бугунги ҳолат ва муаммоларга қаратилди.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузурида яқинда ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси ҳисобот топширди.

Бюронинг асосий вазифалари фойдаланилган энергия ресурслари учун қарздорликни кескин камайтириш, электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашдан иборат.

Мажбурий ижро бюросининг фаолияти натижасида жорий йилнинг июнь-сентябрь ойларида 5 триллион 400 миллиард сўм қарздорлик ундирилди. Унинг 3 триллион 400 миллиард сўми электр энергияси, 2 триллион сўми табиий газ ҳисобига тўғри келади.

Ўтган даврда давлат бюджетига 171 миллиард сўм зарар етказиши мумкин бўлган 182 жиноий ҳолат аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.

Аммо "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" тизимида янгиликка интилишнинг етишмаслиги, ўзибўларчилик ва талон-тарожлик ҳолатлари мавжудлиги ҳамон бу соҳада муаммолар сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида айрим соҳалар раҳбарларининг ишга совуққон муносабати, ҳамон учраётган эскича қарашлар мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, бундай ҳолатларга ўз вақтида тегишли чоралар кўриш, ишни ташкил этишда янгича ёндашувларни ҳаётга татбиқ этиб бориш вақти келганини таъкидлади.

Президент йиғилишда Мажбурий ижро бюроси фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш, саноат тармоқлари мутасаддилари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим вазифалар бўйича топшириқлар берди.