Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хуршид Даврон: Ҳаваскор журналист Қундузовага ва бошқаларга
15.10.2017 00:13,  
106

Менинг Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳақида ёзганларимни фақатгина Муҳаммад Али ёки унинг ўринбосарларига қарши ёзилган деб тушунмаслик керак. Мен уюшманинг бугунги аянчли аҳволи,ташкилот уставига риоя қилинмаётгани, уюшма раҳбариятининг адабиётимиз равнақига ва ижодкорлар тақдирига мутлақ бепарво фаолиятига диққатни қаратишга уриндим,холос. Унда ёзувчилар ташкилотининг қандай бўлиши ҳақидаги фикрларимнинг бир парчасигина кўринди.

Мен тенгилар Комил Яшин, Сарвар Азимов, Ўлмас Умарбеков, Одил Ёқубов давридаги ёзувчилар ташкилоти қандай бўлганини кўргани ва билгани учун ҳам бугунги сустликка тоқат қилолмаяпти. Мен 3 йил олдин "Китоб дунёси"да босилган бир суҳбатда ўша даврларни ҳайқириб оққан дарёга, бугунги ташкилот ҳаётини кўлмакка қиёслаган эдим. Бугунги авлод уюшма бир пайтлар қандай жўшқин ташкилот бўлганини тасаввур ҳам қилолмайди.

Хуллас, асосий гап Муҳаммад Али билан Хуршид Даврон ўртасидаги "жанг"да эмас. Қолаверса, мен адабиётга Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи каби устозлар қаторида Муҳаммад Алининг илк китобларини ўқиб, улардан таъсирланиб кириб келганман. Муҳаммад Алининг "Алвон чечаклар" китобини ҳозир ҳам қўлимга олиб, варақлаб, ўша пайтлардан севган шеърларини ўқиб тураман. Аммо, унинг кейинги ижоди мени мутлақ қаноатлантирмаганини ҳам очиқ айтаман. Бу менинг шахсий фикрим. Уни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Хусусан, Муҳаммад Алининг тарихий асарлари ҳақидаги фикрларимни очиқ-ойдин ёзганман. (http://kh-davron.uz/…/xurshid-davron-sohibqiron-mirzo-ulugb…) Ўшандаям у ўзи йўқ одамлар номи билан (аниқроғи ўзининг уюшмадаги мардикорларини ишга солиб) менга қарши бўҳтон гапларни эълон қилдирган эди.

Яна такрорлайман, асосий гап Муҳаммад Али билан Хуршид Даврон ўртасидаги "жанг"да эмас. Ҳар қандай жангда икки томон қатнашиши лозим. Ҳозирча эса фақат мен фикримни айтяпман, ташкилот раҳбарлари яна ўша тоқи юнусдан қолган "приём"ни қўллашмоқда: ўз қўли остидагиларни менга қарши ёзишга мажбурламоқда ёки ўзи йўқ одамлар фамилиялари билан очилган саҳифаларда мени ҳақорат қилиш билан овора. Улар иложи борича, 30 йиллар қатағонида чақув ёзган кимсаларга ўхшаб менга сиёсий айблар қўйишга зўр беришмоқда

Уюшма, демак Муҳаммад Али мени қўллаб пост ёзган ёш ижодкорларни чақириб тергаш, биринчи китобларини чиқарган ёшларни чақириб, "Китобингни биз чиқардикми, энди бизни қўлла" деб, яна бошқаларига "Биринчи китобингни чиқариб берамиз" деб менга қарши қаратилган очиқ хатга қўл қўйдириш билан машғул.

Уларнинг шотирлари иккиюзламачилик билан овора: Исмлари очиқ кўринган жойда менинг номимни ҳурмат билан тилга олишади, аммо, номи бору ўзи йўқлар мени ёмонлаб ёзиши билан уларни қувватлаб "лайк" босишади.

Асосий гапдан диққатни олиб қочиш учун "Нега бориб ўзига айтмайсиз?" "Нега олдин айтмагансизга?"га ўхшаган бефаросат айтилган гаплар билан баҳсни бошқа томонга буришга уринишади. "Нега олдин айтмагансиз" деганларга жавоб битта: Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, зарурат бўлса кейин ҳам айтаман.

Ёзувчилар ташкилоти Хуршид Давроннинг ёки Муҳаммад Алининг отасидан қолган дўкон эмас. У миллат ва жамият тараққиётида жуда муҳим ўрин эгаллаган жамоатчилик ташкилотидир. Шу сабабдан ҳам унинг фаолияти ҳақидаги фикру мулоҳазалар "қулоққа бориб айтиладиган гап" эмас. Бу масала жамият ичида, хусусан , унинг бир қисмига айланиб бораётган ижтимоий тармоқларда муҳокама этилиши миллий ижтимоий жараёнда нормал ҳодисага айланиши лозим. Бу билан биз ижтимоий тармоқларда авжига чиққан уятсиз нодон, бачкана, миллий ахлоқу қадриятларимиздан йироқ баҳслар ўрнига халқимиз ва давлатимизнинг бугунги ривожида муҳим ўрин тутган масала ва муаммолар хусусидаги баҳсларни кўпайишига хизмат қиламиз.

Давлат маслаҳатчиси ҳақидаги гапниям "ёзувчи Хайриддин Султонов"га қараб бурмаслик керак. Гап ёзувчилар ушмаси каби кўплаб жамоат ташкилотлари ва матбуот, ТВ фаолиятини назорат этишга масъул шахс - давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ҳақида эканлигини унутмаслик керак. Ёзувчи Хайриддин Султоновга менинг мутлақо эътирозим йўқ. Ўрни келгани учун айтиб ўтишни лозим кўраман: ёзувчи Хайриддин Султонов ўзининг гўзал ҳикояларидан бири "Раъно гулининг суви" ни менга бағишлаган, сарлавҳа остида "Хуршид Давронга бағишлайман" деб ёзиб қўйган. Хуллас, менинг ўша ёзганимдаги "Давлат маслаҳатчиси" деган иборанинг ёзувчи Хайриддин Султоновга умуман дахли йўқлигини билинг.

Гапни шахсий адоватлар томонга бураётганларга парво қилмай, менинг ёзганларимни фақат ва фақат ёзувчилар ташкилоти фаолиятини янгилашга даъват тарзида қабул қилинг. Токи ташкилот янгиланмас экан унинг ўзбек адабиётининг тараққиётидаги ўрни аянчли бўлиб қолаверади. Токи ташкилот фаолияти янгиланмас экан Ўзбекистон раҳбарининг ўтиш даврининг беш асосий тамойилида акс этган вазифалардан бири - адабиётимизнинг миллат ҳаётига бўлган таъсири ҳақида гапирмасаям бўлади.

Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Давроннинг Facebook саҳифасидан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан